Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантиришга йўналтирилган ўқув жараёнини ташкил этишнинг услубий масалалари
2021-05-05 | Жамият
Тараққиёт йўлига жиддий тўсиқ бўлиб, жамият ривожи, соҳалар юксалишига бевосита таҳдид туғдирадиган асосий иллат бу – коррупциядир.
Коррупция мулкий муносабатлар, фуқаролик жамияти ва демократия институтлари, соғлиқни сақлаш, ижтимоий таъминот ва иқтисодиёт ривожланишини нафақат секинлаштириб, балки фуқаролар томонидан таълим соҳасидаги ўз конституциявий ҳуқуқларини рўёбга чиқаришларига ҳам тўсқинлик қилади. Бундан келиб чиқадики, коррупциянинг мамлакат ижтимоий-иқтисодий ривожланишига салбий таъсири натижасида инвестиция оқимининг камайишига, халқ фаровонлигининг пасайишига ҳамда таълим сифатининг тушиб кетишига олиб келади.
Бугунги кунда мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев жуда кўплаб маъруза ва чиқишларида лоқайдлик, бепарволик, порахўрлик, коррупция, сохтакорлик, мансаб ваколатни суиистеъмол қилишга қарши кураш бутун жамиятнинг мақсадига айланиши кераклиги тўғрисида гапирар экан, “коррупция билан ҳеч қачон мақсадимизга эриша олмаймиз” дея таъкидлаб, унга қарши курашишни ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари мутасаддиларига асосий вазифа сифатида қўяди. Бу иллатни олдини олиш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, Ўзбекистон Республикасининг “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинди.
Мазкур қонун билан аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш, давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларида коррупциянинг олдини олишга доир чора-тадбирларни амалга ошириш, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни ўз вақтида аниқлаш, уларга чек қўйиш, уларнинг оқибатларини, уларга имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни содир этганлик учун жавобгарликнинг муқаррарлиги принципини таъминлашдан иборат устувор йўналишлар белгилаб берилди.
Тан олиш керакки, коррупциясиз жамиятга бошловчи энг асосий шартлардан бири бу - юксак ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданият, жамиятдаги коррупцияга нисбатан муросасиз муҳитни шакллантиришдир.
Ҳуқуқий онг, ҳуқуқий маданиятни юксалтиришда узлуксиз ва самарали тарғибот билан аҳолини қонун ҳужжатларидан хабардор қилиб бориш, уларда қонунга ҳурмат руҳини тарбиялаш, ўз ҳуқуқ ва бурчларини англатиш орқали шахсни камол топтириш мақсад қилинади. Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президентининг ташаббуси билан “Коррупциясиз соҳа” лойиҳасини амалга оширишнинг дастлабки босқичида капитал қурилиш ва таълим соҳаларининг танланганлиги ҳам бежизга эмас.
Шуни таъкидлаш лозимки, коррупцияга қарши курашишда, энг аввало, таълим тизимига эътибор бериш муҳим аҳамият касб этади. Зеро, “Инсон жамиятни ўзгартиради, таълим эса инсонни ўзгартиради” ғояси бўйича таълим тизими орқали жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш мумкин.
Бир сўз билан айтганда, таълим тизими орқали коррупцияга қарши курашиш бу - давлат таълим стандартлари доирасида ишлаб чиқилган ва таълим муассасаларида коррупцияга қарши нуқтаи назарни шакллантириш, тингловчиларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш ва ҳуқуқий маданиятини оширишга қаратилган махсус дастурлар асосида жамият ва давлат манфаатлари йўлида амалга оширилиши лозим бўлган таълимнинг мақсадли жараёнидир. Бу жараёнда коррупциянинг салбий драйверлари ҳисобланган ҳуқуқий нигилизм ва ҳуқуқий саводсизликка чек қўйиш, унинг даражасини имкон қадар пасайтириш асосий мақсад саналади.
Ёшлар орасида ҳуқуқий нигилизмни бартараф этиш учун эса, энг аввалло, бундай ҳодисаларни келиб чиқишига сабаб бўладиган
омилларни аниқлаш лозим бўлади. Бизнингча, ҳуқуқий нигилизмни
вужудга келтирувчи қуйидаги бир неча омилларни санаб ўтиш
мумкин:
айрим ёшларда ҳуқуқий билимларнинг етишмаслиги;
ёшлар орасида амалга ошириладиган таълим-тарбия жараёни устидан самарали назоратнинг ўрнатилмаганлиги;
республикамизда олиб борилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг туб моҳияти ҳақида ёшларимизнинг етарли даражада ахборотлаштирилмаганлиги;
ёшлар орасида ҳуқуқий онг ва маданиятни тарғибот қилиш натижалари етарли таҳлил қилинмаётганлиги ва бунда ёшлар фикрини ўрганувчи турли хил давлат ва нодавлат тузилмаларининг етарли тарзда ташкил этилмаганлиги;
қонунга итоаткор шахсни “давр қаҳрамони” сифатида жамиятда ўз ўрнини топиши учун зарур мафкуравий ва тарғибот ташвиқот ишларининг етарли эмаслиги;
Бизнингча, шу ва бошқа муаммоларни бартараф этиш, аҳолининг олтмиш фоизини ёшлар ташкил этадиган айнан бизнинг мамлакатимизда долзарб аҳамиятга эга.
Фикрмизча, коррупцияга қарши таълим фаолиятини ташкил этишда 3 та муҳим жиҳатни ҳисобга олиш лозим:
амалдаги мавжуд қонунчилик бўйича билимларни шакллантириш;
мураккаб коррупциоген ҳолатларни йўқ қилиш бўйича бўйича кўникмаларни ривожлантириш;
антикоррупциявий мазмундаги маънавий қадриятларни ривожлантириш.
Коррупцияга кураш бўйича таълим мазмуни шундай шакллантирилиши лозимки, коррупцияга нисбатан муросасизлик фашизм, экстремизм ёки терроризм каби ижтимоий иллатларга нисбатан муросасизлик даражасидан кам бўлмаслик керак.
Ҳозирги кунда ўқув жараёнида касбий компетентликни шакллантирмасликнинг имкони йўқ, чунки бундай таълим ўз ўрнида ишга лаёқатлилик даражасига, шу билан бирга мутахасисларнинг узоқ муддатли касбий лаёқатга эга бўлишига, тингловчиларнинг ҳуқуқий компетентлигини ошириш орқали эса таълим сифатини оширишга ўз таъсирини кўрсатади. Бунда ўқув жараёни аудиторияда ўтказиладиган ўқув машғулотлари ҳамда аудиториядан ташқари мустақил таълимдан иборат бўлади.
Коррупцияга қарши кураш соҳасида компетентликни шакллантириш жараёнига нисбатан қўйиладиган асосий педагогик талаблар эса фикримизча қуйидагилардан иборат:
уларнинг касбий тайёргарлиги ва коррупцияга қарши кураш соҳасидаги компетентликни шакллантириш жараёнини замонавий ижтимоий жараёнлар билан синхронлаш;
жамиятда бўлаётган ўзгаришларни, шу билан бирга, ўзгараётган ижтимоий онгни, ҳуқуқий жиҳатдан ўзини англашни ҳисобга олиш;
жамиятда касбий маданиятнинг ҳолатига мувофиқлаштириш;
таълим, тарбия ва ривожлантиришга оид вазифаларга мослашувчанлик;
ўқув материаллари учун таркибини танлашга илмий ёндашувни амалга ошириш;
ўқув жараёнини ташкил этишни бўлажак касбий хизмат фаолиятининг бирмунча яқин шарт-шароитларига боғлаш;
коррупцияга қарши кураш соҳасидаги компетентликни шакллантириш жараёнида замонавий инновацион-педагогик технологияларни қўллаш;
назарий билимларга бўлган эҳтиёжларни шакллантириш;
мавжуд муаммолар мажмуи бўйича қизиқишларни фаоллаштириш.
Мазкур талабларни ишлаб чиқилиши, фикримизча, мутахассисларни касбий тайёрлашда мослашувчанлик ва ижтимоий тенденциялар билан боғланиш имконини беради.
Ўз ўрнида мазкур талаблар доирасида қуйидаги ишларни амалга оширилишини мақсадга мувофиқ деб ҳисоблаймиз.
Биринчидан, коррупцияга қарши кураш соҳасида тингловчиларнинг компетенцияларини шакллантиришга қаратилган педагогик, психологик ва ташкилий-иерархик белгилар билан характерланадиган мақсадга йўналтирилган ўзига хос талабларини ишлаб чиқиш. Жумладан, таълим тизимининг барча босқичларидаги давлат таълим стандартларида умумий ва касбий компетенцияларни белгилаб бериш лозим. Амалдаги давлат таълим стандартларида бу ҳолат эътиборга олинмаган. Уларга коррупцияга қарши муносабатга доир муайян билим, кўникма ва малакани шакллантирилиши лозимлигини назарда тутувчи қўшимчалар киритиш орқали таълим стандартлари ўртасида узвийликни таъминлаш мумкин. Мисол учун, коррупциявий хулқ-атворга нисбатан муросасиз муносабатга эгалик, қонунга ҳурмат билан ёндашиш каби умумий компетенциялар, коррупциявий хулқ-атворни аниқлаш, унга баҳо бериш, унинг олдини олишда ҳамкорлик кўрсатиш учун лаёқатлилик, норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаларини ҳуқуқий экпертизадан ўтказишда, шу жумладан, уларда коррупция юзага келиши учун шарт-шароит яратилишига сабаб бўладиган қоидаларни аниқлашда иштирок этишга тайёрлик каби касбий компетенциялар шулар жумласидандир.
Иккинчидан, бўлажак ҳуқуқшунос кадрларда коррупцияга қарши кураш компетентлигининг замонавий қиёфасини шакллантириш мақсадида “Коррупцияга қарши курашиш ҳуқуқи” фанини киритиш.
Маълумки, бўлажак ҳуқуқшунос кадрларда коррупцияга қарши кураш компетентлигининг замонавий қиёфасини шакллантириш ўқув-тарбиявий жараённинг тегишли шарт-шароитлари ва талабларини тақозо қилади. Бизнингча, ҳуқуқнинг алоҳида соҳаси сифатида Коррупцияга қарши курашиш ҳуқуқи фанини киритишлик ҳуқуқий онгни, шу жумладан, тингловчиларнинг антикоррупциявий дунёқарашини шакллантиришда, мутахасисларнинг бу борадаги узоқ муддатли касбий лаёқатга эга бўлишида, шу билан бирга тингловчиларнинг коррупцияга қарши курашдаги ҳуқуқий компетентлигини оширишда ўзининг ижобий самарасини беради ва бу борадаги барча масалаларни ўзида акс эттириш имкониятини яратади.
Бундан ташқари, ўқув аудиторисида коррупцияга қарши кураши борасидаги ўқув машғулотларини ташкил этишда қуйидаги таълим технологиялари қўлланилишини мақсадга мувофиқ деб ҳисоблаймиз:
машғулотни ташкил этишнинг интерфаол шаклларини қўллаш;
Касбий фаолиятга дахлдор турли “иш ўйин”ларини ташкил этиш;
“Ҳаётий воқеалар” асосига қурилган сценарий бўйича видеороликлар яратиш;
у ёки бу вазифаларга қараб, шарт-шароитлари ўзгарадиган ситуацион масалаларни ҳал этиш ва таҳлил қилиш;
ҳуқуқий коллизияларни биргаликда кўриб чиқиш;
тажрибали ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари билан учрашувлар, тегишли мутахассислар томонидан мастер-класслар ўтказилишини ташкил этиш;
тақдимот материалларидан фойдаланган ҳолда маъруза машғулотларини ўтказиш;
рад этиб бўлмас фактлар, таҳлиллар асосида илмий мақолалар, тезислар, ва илмий-оммабоп материаллар тайёрлаш.
Энг асосийси бу борада имитацион ўқитиш технологиясини қўллаш.
Юқоридагилардан келиб ҳулоса қилишимиз мумкинки, санаб ўтилган мазкур технологияларни қўллаш ўзаро коммуникативликни, шахслар ўртасидаги алоқа ва гуруҳ ҳамкорлигини таъминлайди, мақсадга йўналтирилган фикрлашни ривожлантиради, касбий фаолиятда антикоррупциявий мотивацияга оид талабларни ўзлаштириш имконини беради. Қизиқарлиги, ижодийлиги жиҳатидан тингловчига нисбатан катта ҳиссий таъсир кўрсатишини инобатга олишимиз лозим.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси