Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Электрон ҳукумат: амалий ишлар, муаммолар муҳокама қилинди
2021-05-04 | Технологиялар
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳамда Администрация ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялари агентлиги томонидан электрон ҳукуматни амалга ошириш бўйича олиб борилаётган ишлар юзасидан матбуот анжумани ўтказилди.
Бугунги кунда ахборот-коммуникация технологиялари тараққий этиб, ҳаётимизга қулайликлар олиб кирмоқда. Жумладан, тақдим этилаётган ишончли имкониятлардан бири “Электрон ҳукумат” жаҳон амалиётида ўзининг афзалликларини намоён этиб улгурган тизим ҳисобланади.
Матбуот анжуманида таъкидланганидек, 2020 йил 5 октябрда Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори билан “Рақамли Ўзбекистон – 2030” стратегияси қабул қилиниб, мазкур Стратегия доирасида ҳудудларни ва тармоқларни рақамли трансформация қилиш дастурлари белгиланди. Бугунги кунда ахборот тизимлари ва ресурсларини ривожлантириш борасида “Электрон ҳукумат” тизими фойдаланувчиларини идентификациялаш ягона ахборот тизимининг янги талқини ишлаб чиқилиб, ишга туширилди. Эски тизимда рўйхатдан ўтган фаол фойдаланувчилар маълумотлари янги тизимга автоматик миграция қилинди.
Тизим ишга тушганига қисқа вақт бўлганига қарамай, бугунги кунда унинг фойдаланувчилари сони 220 мингтага ортиб, 820 мингтага етди. Ҳозирги кунда ушбу тизимга давлат идоралари ва ташкилотларнинг 60 дан ортиқ ахборот тизимлари ва ресурслари интеграция қилинган. Давлат органларида электрон ҳукуматнинг жорий этилган ва жорий этилаётган ахборот тизимлари ҳисобини юритиш ва мониторингини олиб бориш, шунингдек, лойиҳа-техник ҳужжатларни кўриб чиқиш жараёнини электрон шаклга ўтказиш имкониятини яратиш мақсадида Электрон ҳукуматнинг ахборот тизимлари ва ресурсларининг ягона реестри ахборот тизими ишлаб чиқилиб, ишга туширилди.
Тадбирда Электрон ҳукуматнинг маълумотномалар ва классификаторлар регистри – cs.egov.uz ахборот тизимининг янги талқини ишлаб чиқилиб, синов тариқасида ишга туширилгани қайд этилди. Ушбу тизимнинг асосий мақсади – электрон давлат хизматларини кўрсатишда давлат идоралари ахборот тизимларининг идоралараро электрон ҳамкорлиги доирасида ягона талабларга мувофиқ замонавий маълумотномалар ва таснифлагичларни шакллантириш, сақлаш, янгилаш ва таъминлашдан иборат. Бугунги кунга келиб регистрда 13 та ташкилот томонидан 41 та классификатор киритилган.
Анжуманда Ягона интерактив давлат хизматлари портали ҳақида ҳам тўхталиб ўтилди. Таъкидланганидек, халқимизга электрон давлат хизматларидан масофадан фойдаланишни янада енгиллаштириш мақсадида 2020 йил декабрь ойида Ягона интерактив давлат хизматлари порталининг янгиланган талқини ўз фаолиятини бошлади. Порталга бир неча янгилик ва ўзгартиришлар киритилди. Жумладан, 20дан ортиқ янги хизмат турлари жорий этилди, электрон тўлов имкониятлари кенгайтирилди, портал интерфейси янгиланди ҳамда статистик маълумотлар янада аниқ ва кенгроқ ёритилди. 2020 йилда Ягона интерактив давлат хизматлари порталида 50 та янги хизмат жорий этилиб, бугунги кунда порталдаги жами электрон хизматлар сони 216 тани ташкил этмоқда.
Шунингдек, Ягона порталнинг мобиль талқини ҳам ишга туширилиб, унда 30 дан ортиқ давлат хизматидан фойдаланиш имконияти яратилди.
Фуқаролар ва тадбиркорларга давлат хизматларини кўрсатишда қулайликлар яратиш мақсадида ҳудудларда почта алоқаси бўлинмаларида Ягона интерактив давлат хизматлари портали платформасидан фойдаланган ҳолда давлат хизматларини тақдим этиш йўлга қўйилди.
Шундан келиб чиқиб, олис ва чекка ҳудудлардаги 300дан ортиқ почта алоқа объектида Ягона интерактив давлат хизматлари порталидан фойдаланилган ҳолда 17 турдаги давлат хизматлари кўрсатила бошланди.
Тадбирда Давлат статистика қўмитаси билан ҳамкорликда Ўзбекистон Республикаси Очиқ маълумотлар порталининг янги талқини ишлаб чиқилаётгани қайд этилди. Ушбу янгиланган портал давлат органларининг ахборот тизимлари интеграциясини назарда тутади ва маълумотларни ўз вақтида янгилашнинг мониторинг тизимини таъминлайди. Бугунги кунга қадар порталда 149 та давлат идораси томонидан 11 мингдан ортиқ маълумотлар тўплами жойлаштирилган бўлиб, улардан фойдаланишлар сони 7,5 миллиондан ортиқ.
Шунингдек, давлат органларида ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш ҳамда ҳудудларнинг рақамли ривожланиши ҳолатларининг “диагностикаси”ни ўтказиш, муаммоли масалаларни аниқлаш ва ҳал қилиш чораларини кўриш мақсадида махсус баҳолаш методикалари ишлаб чиқилди.
Мазкур методика доирасида давлат органларида рақамлаштириш даражасини рейтингли баҳолашни автоматлаштирилган тарзда олиб бориш ҳамда рақамлаштириш ҳолати юзасидан долзарб маълумотлар бир жойда сақланишига қаратилган nis.uz идоралараро автоматлаштирилган ахборот тизими жорий қилинди. 2020 йил декабрь ойида ушбу методика асосида баҳолаш жараёни амалга оширилди.
Баҳолашда 59 та давлат ва 48 та хўжалик бошқаруви органлари, жами 107 та ташкилот иштирок этди. Баҳолаш натижасига кўра давлат органлари орасида 16 та (27,1%) ташкилот “яхши”, 9 та (15,3%) ташкилот “қониқарли”, 34 та ташкилот (57,6%) “қониқарсиз” баҳо олган. Хўжалик органлари орасидан “яхши” баҳони 5 та (10,4%) ташкилот, “қониқарли” баҳони 12 та (25%) ва “қониқарсиз” баҳони 31 та (64,6%) хўжалик органи олган.
Шу билан бирга, мамлакатимиз ҳудудларида рақамли инфратузилма, рақамли иқтисодиёт ва рақамли таълим даражаси ҳолати юзасидан ўтказилган баҳолашда жами 203 та туман ва шаҳар иштирок этди. Баҳолаш натижасига кўра, 28 та туман ва шаҳар “яхши”, 59 та туман ва шаҳар “қониқарли”, 116 та туман ва шаҳар “қониқарсиз” баҳога эга бўлган.
Ҳозирги кунда баҳолаш натижаларига кўра аниқланган камчиликлар юзасидан мутасадди ташкилотлар билан тегишли ўрганиш ишларини ташкиллаштириш ҳамда уларни бартараф этиш юзасидан ишлар олиб борилмоқда.
Матбуот анжумани давомида мамлакатимизда электрон ҳукуматни ривожлантиришдаги мавжуд долзарб масалалар, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг халқаро индекслар кўрсаткичлари асосида мамлакатларнинг электрон ҳукумат ривожланишини баҳолаш методологияси, электрон ҳукуматни ривожлантириш бўйича халқаро тажриба борасида ҳам сўз юритилди.
М.Комилова
Манба: ЎзА