Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
АКТ: сайловчилар учун янги қулайликлар
2021-05-04 | Сайлов
Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси ахборот-коммуникация технологиялари бўлими бошлиғи Шерзод АЛИМОВдан Сайлов жараёнларини бошқариш ахборот тизими ҳамда Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатини такомиллаштириш борасида олиб борилаётган ишлар ҳақида қуйидагиларни сўзлаб берди
-Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхати (СЯЭР) ва Сайлов жараёнини бошқариш ахборот тизимини (СЖБАТ) янада такомиллаштириш орқали фуқароларнинг доимий ва вақтинчалик яшаш жойлари, ҳудудлар, кўчалар, уйлар ва хонадонларнинг номлари ҳамда рақамларининг электрон шаклда аниқ-равшан белгиланишини тақозо этади.
Бу борада Марказий сайлов комиссияси томонидан ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда сайлов жараёнларига илғор ахборот коммуникация технологияларини янада кенгроқ жорий этиш ва уларни такомиллаштириш борасида изчил ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, Ички ишлар вазирлигининг “Хатлов” ва “Манзил” базасидаги маълумотларни янгилаш мақсадида жойларда Ички ишлар вазирлиги, Кадастр, Маҳалла вазирлиги ва маҳаллий ҳокимликлар билан ҳамкорликда хатловни амалга ошириш учун ўн тўрт маъмурий ҳудудда ва 206 туман/шаҳарда штаблар ташкил этилди.
Уларнинг таркиби бўйича маълумотлар умумлаштирилди. Хусусан, яшаш манзилида рўйхатда бўлмаган ва вафот этган фуқароларни чиқариб ташлаш, шунингдек амалда яшаб турган, лекин маълумотлар базасида бўлмаган фуқароларни киритиш ишлари олиб борилди.
- Хорижий давлатларда доимий ёки вақтинча яшаётган ватандошларимиз сайловда иштирок этишлари учун қандай ахборот коммуникацион қулайликлар яратилади?
- Хабарингиз бор, авваллари сайловларда фақат консуллик ваколатхоналаридан расман рўйхатдан ўтган ўзбекистонликлар ўзларининг конституциявий ҳуқуқларидан фойдала олган. Сайлов қонунчилигига киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларга биноан, эндиликда, чет давлатларда истиқомат қилиб турган ватандошларимиз дипломатик ваколатхоналарнинг консуллик ҳисобида бўлиши ёки бўлмаслигидан қатъи назар, сайловчилар рўйхатига киритилиши ва хорижий мамлакатларда сайловчилар яшаётган ёки ишлаётган жойида кўчма қутилар орқали овоз беришлари мумкин бўлади.
Хорижий давлатларда доимий ёки вақтинча яшаётган Ўзбекистон Республикасининг фуқароларини чет элдаги дипломатик ваколатхоналар ва консуллик муассасалари ҳузурида ташкил этиладиган сайлов участкаларининг сайловчилар рўйхатига киритиш бўйича электрон мурожаат қилиш имконини берувчи хизматни жорий этилади. Шу мақсадида Ташқи ишлар вазирлигининг сайтида saylov.mfa.uz коммуникацион тизими синовдан ўтказилмоқда.
Мазкур хизмат сайлов қонунчилигида белгиланган муддатларда тўлиқ ишга туширилади.
Манба: Марказий сайлов комиссияси