Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Саудия Арабистони ва Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳамкорликни ривожлантиришни мақсад қилган
2021-05-04 | Иқтисодиёт
Жорий йилнинг 3 май куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков Саудия Арабистони Подшоҳлиги атроф-муҳит, сув ресурслари ва қишлоқ хўжалиги вазири Абдулраҳмон ал-Фадлий билан учрашув ўтказди.
Мулоқот чоғида икки мамлакат ўртасида қишлоқ хўжалиги соҳасида узоқ муддатли ва ўзаро манфаатли савдо-иқтисодий ва инвестициявий алоқаларни ўрнатиш имкониятлари муҳокама қилинди.
Томонлар Ўзбекистонда мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишлаш бўйича юқори технологияли иссиқхоналар ва ишлаб чиқариш объектларини барпо этишга инвестицияларни киритиш учун Саудия Арабистонининг етакчи компанияларини жалб этишда улкан салоҳият мавжудлигини қайд этдилар. Тайёр маҳсулотларни уларга талаб юқори бўлган бозорларга экспорт қилиш ҳам мумкин бўлади.
Саудия Арабистони компанияларини аниқ инвестиция таклифларини амалга оширишга жалб этиш учун лойиҳаларни ишлаб чиқиш бўйича ҳамкорликни тизимлаштиришга келишилди.
Томонлар қишлоқ хўжалиги соҳасида муносабатларни фаоллаштириш учун шарт-шароитлар яратиш бўйича келгусида биргаликда ишлашга ўзаро тайёр эканликларини билдирдилар. Бу борада томонлар Ўзбекистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш Давлат қўмитаси ва Саудия Арабистони Подшоҳлиги Атроф-муҳит, сув ресурслари ва қишлоқ хўжалиги вазирлиги ўртасида Ўзаро англашув меморандуми имзоланишини олқишладилар.
Учрашув якунида қишлоқ хўжалиги соҳасида икки томонлама алоқаларни чуқурлаштириш бўйича келгусида ҳамкорлик қилиш алгоритмлари белгиланди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги