Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Ар-Риёдда юқори даражадаги учрашувлар давом этмоқда

2021-05-04 | Иқтисодиёт

Жорий йилнинг 3 май куни Ўзбекистон Республикаси ҳукумати делегациясининг Саудия Арабистонига ташрифи доирасида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков Саудия Арабистони Меҳнат ва ижтимоий тараққиёт вазирлиги ҳамда Давлат инвестиция жамғармаси раҳбарияти билан учрашди.

Музокаралар чоғида икки мамлакат ўртасида меҳнат муносабатлари соҳасидаги икки томонлама ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилинди. Шу ўринда икки мамлакат иқтисодий тармоқлари кесимида малакали меҳнат ресурсларига бўлган эҳтиёжлардан келиб чиқиб, меҳнат масалалари бўйича амалий ҳамкорликнинг устувор йўналишларини белгилаб берувчи ташқи меҳнат миграцияси соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги ҳукуматлараро битимни имзолаш орқали Ўзбекистон ва Саудия Арабистони ўртасидаги меҳнат муносабатларини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий базани шакллантириш зарурлиги таъкидланди.

Меҳнат муносабатлари соҳасидаги икки томонлама ҳамкорликни тизимлаштириш мақсадида Саудия Арабистони Подшоҳлигида Ўзбекистон Республикаси Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлигининг ваколатхонасини очиш истиқболлари кўриб чиқилди.

Саудия Арабистони Подшоҳлиги Давлат инвестиция Жамғармаси раҳбарияти билан музокаралар чоғида инвестициявий, энергетика, молиявий-техник соҳаларидаги икки томонлама ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилинди. Томонлар “ACWA Power” компанияси билан бирга энергетика соҳасида лойиҳаларни амалга оширишда эришилган ютуқлар, шунингдек, янги истиқболли инвестиция лойиҳаларини ишлаб чиқиш бўйича олиб борилаётган ишларни ижобий қайд этдилар.

Қўшма лойиҳа ва ташаббусларни рўёбга чиқариш борасида Ўзбекистон Республикасининг Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Тўғридан-тўғри инвестиция жамғармаси билан амалий ҳамкорликни йўлга қўйиш истиқболлари кўриб чиқилди.

Саудия Арабистони Жамғармаси раҳбариятининг фикрича, Ўзбекистон Республикаси Президенти раҳбарлигида кенг кўламли ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар ва инвестиция муҳитини яхшилаш бўйича чора-тадбирлар амалга оширилаётган бир пайтда Ўзбекистон иқтисодиётига сармоя киритиш – ҳамкорликнинг истиқболли йўналиши ҳисобланади.

Музокаралар якунида Жамғарма раҳбарияти ҳамда Ўзбекистоннинг асосий вазирликлари ва идоралари раҳбарлари иштирокида мунтазам учрашув ва музокаралар ўтказиш йўли билан инвестициялар соҳасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг оптимал имконият ва йўналишларини аниқлаш мақсадида мулоқотни давом эттириш тўғрисида келишувга эришилди.

Маълумот учун: Саудия Арабистони Давлат инвестиция жамғармаси умумий активлари 390 млрд долларга тенг бўлган дунёнинг энг йирик суверен инвестиция жамғармаларидан бири ҳисобланади. Жамғарма 1971 йилда Саудия Арабистони миллий иқтисодиёти учун стратегик аҳамиятга эга лойиҳаларни молиявий қўллаб-қувватлаш мақсадида ташкил этилган. Жамғарма ташкил этилганидан буён Подшоҳликнинг асосий инвестициявий воситаси бўлиб, нефтни қайта ишлаш, нефть кимёси, энергетика, телекоммуникация ва бошқа соҳалардаги стратегик лойиҳаларни молиялаштиришда муҳим аҳамият касб этади. 2014 йилдан бери Жамғармага Подшоҳлик ичида ва ташқарисида янги лойиҳаларни молиялаштириш ваколати берилган.

Манба: Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги

Поделиться