Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

“Олтин қалам” – ижодий изланиш учун кенг имконият

2021-05-04 | Жамият

Ҳар бир ижодкор ўз фаолиятини таҳлил этади, холислик, ҳаққонийлик тарозисига солиб кўради. Шу маънода “Олтин қалам” миллий мукофоти учун ўтказилаётган халқаро танлов оммавий ахборот соҳаси ходимларини ўз ижодига яна бир карра теран назар ташлаш, сарҳисоб этиш, изланишдан, олға интилишдан чарчамасликка даъват этаётгани билан аҳамиятлидир.

Пойтахтимиздаги "Туркистон" саройида журналистика соҳасидаги "Олтин қалам" ХV миллий мукофоти ғолибларини тақдирлашга бағишланган тадбир бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раисининг ўринбосари Холмурод Салимов мамлакатимизда олиб борилаётган изчил ислоҳотлар, кенг қамровдаги янгиланиш жараёнлари миллий журналистика соҳасида ҳам ўзининг ёрқин ифодасини топаётганини таъкидлади. 

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан қабул қилинаётган қонун ҳужжатлари оммавий ахборот соҳасидаги янги имкониятларга эшик очмоқда. Кейинги йилларда миллий медиа соҳани ривожлантириш юзасидан кўплаб амалий ишларга қўл урилди. Журналистика равнақини кўзловчи эзгу ташаббуслар ҳаётга фаол татбиқ этилмоқда. Сўз ва матбуот эркинлиги босма нашрлар, ижтимоий тармоқлар, интернет нашрлари, медиа соҳанинг барча жабҳаларида яққол кўзга ташланмоқда. 

Айни дамда эркинлик масъулиятини ҳис этиш масаласи ҳам долзарб аҳамият касб этаётир. Президентимизнинг "Оммавий ахборот воситалари мустақиллигини таъминлаш ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари ахборот хизматлари фаолиятини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорига мувофиқ, медиа соҳада янги тизим яратилди.

Барча вазирлик ва идоралар, тузилмалар таркибидаги матбуот хизматлари фаолияти янада жонланди. Улар томонидан ижтимоий жараёнлар ҳақида ишончли ахборот бериш мақсадида матбуот анжуманлари, брифинглар, медиа турлар мунтазам ўтказилмоқда. Жамиятдаги муаммоларга тезкор муносабатлар билдирилмоқда.

Охирги йилларда юртимизда катта аудиторияга эга бўлган қарийб 290 та хусусий ва идоравий интернет нашрлари ташкил этилди. Улар тегишли ахборотлар билан бирга энг муҳим расмий хабарлар, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ўзбек, рус ва инглиз тилларида тарқатмоқда. Муҳими, оммавий ахборот воситалари жойлардаги муаммо ва камчиликларни бугун баралла айтмоқда. Уларнинг самарали ечимига йўл топилишига медиа тузилмалар фаол ва муносиб ҳисса қўшмоқда.

Бугун мамлакатимизда 1,8 мингдан ортиқ оммавий ахборот воситаси фаолият кўрсатмоқда, уларнинг 60 фоиздан ортиғини нодавлат медиа тузилмалар ташкил этади. Интернет тармоғида оммавий ахборот воситаси сифатида рўйхатдан ўтиб, фаолият юритаётган веб-сайтлар сони 630 тага етди.

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси ҳамда Журналистларни қайта тайёрлаш халқаро маркази томонидан ўтказилаётган “Олтин қалам” миллий мукофоти учун халқаро танлов юртимиз журналистикасини янада ривожлантириш, ижодкорларни ўз устида ишлашга даъват этмоқда. Миллий медиа оламида ўзига хос ўринга эга бўлган "Олтин қалам" мукофоти учун танловда ўтган йиллар мобайнида 7 мингдан ортиқ журналист 107 мингга яқин ижтимоий аҳамиятга молик ишлари билан қатнашди. Иштирокчилардан 290 нафардан ортиғи танлов ғолиби бўлди. 2020 йилда танлов пандемия сабабли ўтказилмади.

Жорий йилда танловни ўзига хос форматда ўтказишга алоҳида аҳамият қаратилди. Хусусан, "Чет эллик журналистнинг Ўзбекистон ҳақидаги энг яхши материали учун" рағбатлантирувчи номинация асосий мукофотлар сирасига киритилди. Яна бир ўзгариш – танловга тақдим этилган материалларнинг электрон шаклини уюшманинг journalist.uz веб сайтида очилган "Олтин қалам – 2021" бўлимига жойлаштириш, уни беш балли тизим бўйича баҳолаш йўлга қўйилди. Бу жараёнда иштирокчиларнинг ишлари оммавий ахборот воситалари, медиа тузилмалар, соҳага кадр етиштирувчи олий ўқув юртлари, ахборот хизматлари томонидан баҳолаб борилди.

Бу йилги танловда 430 га яқин журналист уч мингдан ортиқ ижодий иши билан қатнашди. Сўзга масъулият ва ифода маҳорати, журналистнинг фуқаролик позицияси, танқидий-таҳлилий мушоҳада, юксак профессионализм, ижодга янгича ёндашув каби мезонлар асосида ишлар баҳоланди. Ғолиб ва совриндорларни аниқлаш, яъни якуний хулосага келишда танлов низомида белгиланганидек, уюшма сайтида амалга оширилган баҳолаш натижаларига ҳам таянилди.

Танловни ўтказиш билан боғлиқ сарф-харажатлар Ўзбекистон ижодкорларини қўллаб-қувватлаш "Илҳом" жамоат фонди маблағлари ҳисобидан молиялаштирилган.

...“Туркистон” саройида “Олтин қалам – 2021” танловининг ғолиблари номинациялар кетма-кетлигида эълон қилинди. Бош мукофотга Президентимиз раҳбарлигида Ўзбекистонда амалга оширилаётган янгиланиш жараёнлари, ислоҳотлар самаралари кенг ёритилгани, газетада эълон қилинган долзарб, таҳлилий-танқидий руҳдаги материаллар жамоатчилик эътиборини қозонгани учун “Янги Ўзбекистон” газетаси ҳамда Ватанимизнинг ички ва ташқи сиёсати мазмун-моҳиятини кенг ёритишга, халқаро ҳаётда мамлакатимиз имижини оширишга қўшиб келаётган ҳиссаси учун “Дунё ахборот агентлиги муносиб топилди. Уларга мукофотларни Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Беҳзод Мусаев топширди.

– Мамлакатимиздаги ислоҳотлар халқимиз, айниқса, матбуот соҳаси вакилларини янада фаол, фидойи бўлишга чорлаяпти, – деди “Янги Ўзбекистон” газетаси бош муҳаррири Салим Дониёров. – Ижодий жамоамизнинг “Олтин қалам” мукофотига муносиб топилиши бизга билдирилган юксак ишончдан дарак беради.

– Бугун Президентимиз ташаббуси билан Ўзбекистонда кечаётган янгиланиш жараёнлари жаҳоннинг эътиборига тушди, – деди “Дунё” ахборот агентлиги директори Садриддин Суяров. – Кенг қамровдаги бу ижобий ўзгаришлар инсонпарварлиги, халқчиллиги, ижтимоий йўналтирилгани сабабли ҳам халқаро миқёсда тобора юксак эътироф этилмоқда. Айни ислоҳотларни батафсил ёритиб бориш оммавий ахборот воситалари соҳаси вакилларидан катта масъулият, салоҳият, замон шиддатига мос бўлган тезкорликни, изланувчанликни талаб этмоқда.

Тадбирда танловнинг барча номинациялари бўйича ғолибларга махсус статуэтка, диплом ва пул мукофотлари тантанали топширилди. Санъат усталари ва ижрочи ёшлар иштирокидаги концерт дастури тадбирга янада файз бағишлади.

Манба: ЎзА

Поделиться