Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Наманганда мини-футбол бўйича «Вилоят ҳокими кубоги» мусобақаси ўтказилди
2021-05-03 | Спорт
Наманган вилоятида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 30 октябрдаги «Соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони ижросини таъминлаш, вилоятда футболни янада оммалаштириш, соғлом турмуш тарзини шакллантириш мақсадида ҳудуддаги корхона-ташкилотлар ходимлари ўртасида мини-футбол бўйича «Вилоят ҳокими кубоги» мусобақаси ташкил этилди.
30 апрель куни қуръа ташлаш маросими ўтказилди. Унда вилоят ҳокимининг Туризм ва спорт, маданий-мерос, оммавий коммуникациялар масалалари бўйича ўринбосари Ботиржон Нуриддинов иштирок этиб, барча қатнашчиларни мусобақа қоидалари билан яқиндан таништирди. Мусобақада вилоятдаги корхона-ташкилотлардан жами 24та жамоа иштирок этиш истагини билдирди. Жамоалар 8та гуруҳга бўлинган ҳолда баҳсларга киришди.
Мусобақа 1-2 май кунлари Наманган вилояти футбол маҳорат мактабининг сунъий қопламали майдонида ташкил этилиб, аввалига гуруҳ босқичи, сўнгра чорак ҳамда ярим финал учрашувлари ўтказилди. Гуруҳ босқичи якунига кўра, қуйидаги жамоалар чорак финалга йўл олишди:
А1: Наманган вилояти иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш бош бошқармаси;
В1: Наманган вилоят маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси;
С1: Наманган вилоят қурилиш бош бошқармаси;
D1: Наманган вилоят Монополияга қарши курашиш бошқармаси;
E1: Наманган вилоят электроэнергияси АЖ;
F1: Наманган вилоят Халқ таълими бошқармаси;
G1: Наманган вилоят ҳокимлиги Молия бош бошқармаси;
H1: Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси Наманган вилоят бошқармаси.
Қизиқарли ва муросасиз кечган чорак финал босқичида Наманган вилоят электроэнергияси АЖ, Наманган вилоят Халқ таълими бошқармаси, Наманган вилоят қурилиш бош бошқармаси ҳамда Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси Наманган вилоят бошқармаси ярим финалга йўл олишди.
Финал остонасида энергетиклар Қурилиш бошқармаси устидан 4:2 ҳисобида зафар қучишган бўлса, Халқ таълими бошқармаси ходимлари эса бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси ходимларига ҳеч қандай имконият қолдиришмади – 6:0.
Шу тариқа финалда Наманган вилоят электроэнергияси АЖ Халқ таълими бошқармасига қарши майдонга тушса, бронза медали учун Қурилиш бош бошқармаси ҳамда Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси жамоалари ўзаро куч синашади.
Финал ва 3-ўрин учун ўйинлар 7 май куни ташкил этилади.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Туризм ва маданий мерос вазирлиги