Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Саудия Арабистонидан муносабат: Бизнесда амалий иш ва натижалар муҳим. Айнан шу нарсани биз Ўзбекистонда топдик
2021-05-03 | Иқтисодиёт
Ўзбекистон элчиси Улуғбек Мақсудов “АCWА Power” (Саудия Арабистони) компанияси бошқарув кенгаши раиси, Ўзбекистон – Саудия Арабистони Ишбилармонлар кенгаши ҳамраиси Муҳаммад Абунайян билан музокаралар ўтказди
Учрашув аввалида суҳбатдош 2018 йил декабрь ойида “АCWА Power” компаниясининг вакили илк бор Ўзбекистонга амалга оширган сафарини ва унинг доирасида бирламчи музокаралар ўтказилганини катта илиқлик билан эслади. Ундан кейинги ташриф ва келишувларда Ўзбекистон ҳукуматининг Подшоҳлик инвесторини қўллаб-қувватлаб, қисқа вақт ичида Давлат-хусусий шериклик асосида қатор инвестицион лойиҳалар имзоланди. Коронавирус пандемиясига қарамасдан, “АCWА Power” компанияси Тошкент ва Сирдарёда ўзининг офисларини очиб, республикамиздаги лойиҳаларни амалга ошира бошлади.
Сирдарёнинг Ширин шаҳрида қуввати 1500 МВтга тенг иссиқлик электр станцияси ($1,2 млрд.), муқобил энергия соҳасида Бухоро вилоятида умумий қуввати 1 ГВт бўлган иккита шамол электр станцияси ($1,3 млрд.) қуриш бўйича инвестициявий ҳамкорлик бўйича амалий ишларни бошлаш масаласи муҳокама қилинди.
“АCWА Power” раиси компания янги кенг кўламли инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш орқали Ўзбекистонда ўз иштирокини кенгайтириш ниятида экани ва яқин келажакда Қорақалпоғистон Республикасида ҳам умумий қуввати 1,5 ГВтгача бўлган янги шамол электр станцияларини қуриш бўйича режалар билан ўртоқлашди.
“ACWA Power” Ўзбекистон ва Саудия Арабистони ўртасидаги иқтисодий муносабатларининг “дарвозасини” очиб берган компания бўлди, деб таъкидланди.
Муҳаммад Абунайян 2021 йил январь ойида Саудия Арабистони инвестиция вазири доктор Холид Ал-Фалиҳ бошчилигидаги делегациясининг Ўзбекистонга ташрифини эслади. Жумладан, Бухорода ўтказилган инвестицион форум ҳамда Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев билан бўлган учрашув жуда ҳам мазмунли ва натижадор ўтганлигини таъкидлади. Ўзаро алоқаларни сўнгги икки йилда ва коронавирус пандемиясига қарамасдан изчил суръатларда ривожланишига икки мамлакат раҳбарларининг сиёсий иродаси ва уларнинг узоқни кўриб иш қилаётган сиёсатининг намунаси, деб эътироф этилди.
Муҳаммад Абунайян Ўзбекистон – Саудия Ишбилармонлар кенгаши ҳамраиси этиб сайланганлиги ва ҳозирда бу масъулиятли вазифани тўлақонли адо этиб келаётганлиги таъкидланди. Ишбилармонлар кенгаши фаолияти муҳокама доирасида соғлиқни сақлаш, нефть-газ соҳаси, озиқ-овқат саноати, қишлоқ хўжалиги, рақамлаштириш ва туризм соҳаларидаги қўшма лойиҳаларнинг амалга оширилиши кўриб чиқилди.
Манба: “Дунё” ахборот агентлиги