Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон-Хитой: Қайта тикланувчи ва муқобил энергия соҳасидаги ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди
2021-05-03 | Иқтисодиёт
Хитойнинг Гуанчжоу шаҳридаги Ўзбекистон Бош консулхонаси Фуцзянь провинцияси савдо департаменти таклифига мувофиқ “Марказий Осиё бозорини тарғиб этиш” мавзусидаги онлайн-конференцияда иштирок этди
Тадбир Фуцзянь провинцияси савдо департаменти, Хитой ташқи ишлар вазирлиги Фуцзянь провинцияси бюроси ҳамда “Синошур” (Sinosure) Хитой экспорт кредитларини суғурта қилиш давлат корпорацияси Фуцзянь бўлинмаси томонидан ташкил этилди.
Мазкур провинция Хитойнинг хорижий мамлакатлар учун биринчи очиқ провинцияси ҳисобланади, у 220 давлат ва ҳудуд билан савдо-иқтисодий ҳамкорлик ўрнатган. Ҳудуднинг қарийб 6 минг 200 корхонасига чет эл капитали йўналтирилган. Минтақада юқори технологиялар асосида фаолият юритадиган 3,8 мингта корхона ва 26 та асосий саноат кластери мавжуд. Дунёдаги саноат роботларининг ҳар 5 тадан 1 таси, автомашиналар ойнасининг ҳар 4 тадан 1 таси ушбу минтақада ишлаб чиқарилади. Минтақанинг 2020 йилда Марказий Осий давлатлари билан савдо айланмаси 4,73 миллиард юанни (740 миллион АҚШ доллари) ташкил этди.
Анжуманда Марказий Осиё давлатлари билан иқтисодий ҳамкорликни янада ривожлантириш, ўзаро товар айланмасини ошириш ва янги сармоялар жалб қилиш, темир йўл орқали савдо алоқаларини жадаллаштириш ва шу каби қатор масалалар юзасидан маърузалар ва тақдимотлар намойиш этилди.
Хусусан, шамол таъсирида энергия ҳосил қилувчи парраклар ишлаб чиқарувчи Goldwind International компанияси бош менежери Сунь Ляньхуанинг компания иш кўлами, амалга ошираётган ишлари ва келажакдаги лойиҳалари хусусида қилган маъруза ва тақдимоти тадбир иштирокчиларида айниқса катта қизиқиш ўйғотди.
Ўзбекистоннинг Гуанчжоу шаҳридаги Бош консулхонаси маълумотига кўра, келгусида ушбу компания билан яқин ҳамкорликни йўлга қўйиш, республикамиз ҳудудларига шамолдан энергия олувчи қурилмалар ўрнатилишига кўмак бериш истиқболлари ўрганилмоқда.
Онлайн-тадбирда мамлакатимиз вилоятлари ва Фуцзянь провинцияси ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада ривожлантириш масалаларига ҳам эътибор қаратилди.
Манба: “Дунё” ахборот агентлиги