Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Жанубий Кореяда ўзбек тилини ўргатишга эътибор кучайтирилмоқда
2021-05-03 | Таълим
Ҳанкук хорижий тиллар университети томонидан ташкил этилган “Жанубий Кореяда махсус чет тилларни ўқитиш ва маданий алмашинув мавзусидаги элчилар биринчи форуми”да мамлакатимизнинг Сеулдаги элчихонаси фаол иштирок этди.
Анжумандан кўзланган асосий мақсад Корея Республикасидаги махсус чет тили таълимининг ҳозирги ҳолати, уни янада кенг ёйиш бўйича ўзаро фикр алмашиш ҳамда кейинги авлод олимларига махсус тиллар ва маданиятларни теран тушуниш борасида кўмак кўрсатиш билан изоҳланади.
Онлайн ва оффлайн шаклларда бўлиб ўтган мазкур тадбирда Ҳанкук хорижий тиллар университети ва Халқаро таълим миллий институти раҳбарияти, профессор-ўқитувчилари, талабалар ҳамда Ўзбекистон, Қозоғистон, Озарбойжон, Туркия, Ўмон, Ҳиндистон, Индонезия, Таиланд, Бразилия, Португалия, Польша ва Кения сингари мамлакатларнинг дипломатия ваколатхоналари раҳбарлари ва ходимлари иштирок этди.
Мамлакатимиз элчихонаси вакили ўз чиқишида ўзбек тилининг кўҳна ва бой тарихи ҳамда юртимизда она тилимизни давлат тили сифатида ҳар томонлама ривожлантириш ва унинг халқаро миқёсдаги обрў-эътиборини янада юксалтириш масаласига катта эътибор қаратилаётгани тўғрисида атрофлича тўхталди.
Шу ўринда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 21 октябрдаги “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳамда 2020 йил 20 октябрида эълон қилинган “Мамлакатимизда ўзбек тилини янада ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонларининг мазмун-моҳияти ҳақидаги маълумотларга алоҳида эътибор қаратилди.
Қайд этилганидек, бугунги кунда жаҳон миқёсида ўзбек тилида сўзлашувчиларнинг сони 50 миллион кишига яқинлашиб қолгани, бу эса она тилимизнинг дунёдаги йирик тиллардан бирига айланиб бораётганидан далолат беради.
Ўзбек тили АҚШ, Буюк Британия, Германия, Франция, Швеция, Россия, Украина, Хитой, Япония, Жанубий Корея, Ҳиндистон, Туркия, Афғонистон, Озарбайжон, Тожикистон, Қозоғистон, Туркманистон, Қирғизистон каби мамлакатларда жойлашган 60 га яқин университет ва 100 дан зиёд мактабда ўрганилаётгани, ўзбек тили ва адабиёти бўйича илмий изланишлар олиб бораётган чет эллик олим ва тадқиқотчиларнинг сафи йил сайин кенгайиб бораётгани ҳам эътироф этилди.
Шуни алоҳида қайд этиш жоизки, мамлакатимизнинг хориждаги элчихоналари ва дипломатик ваколатхоналари қошида “Ўзбек тилининг дўстлари” клублари ташкил қилинаётгани форум иштирокчиларида алоҳида қизиқиш уйғотди.
Форум доирасида Ҳанкук хорижий тиллар университети қошида ташкил этилган Махсус чет тилларини ўқитиш маркази директори Чонг Жин Оганинг “Ўзбек тили. Хорижликлар учун” ўқув қўлланмаси тақдим этилди. Ўзбекистон томони ушбу марказ билан ўзаро ҳамкорлик муносабатларини янада кенгайтиришга тайёр эканлиги билдирилди.
Ўз навбатида, марказ директори тақдим этилган мазкур ўқув қўлланмаси ўзбек тилини замонавий услубда интенсив ўргатишга хизмат қилажагини қайд этар экан, Ўзбекистон томони билан фаол ҳамкорлик тобора ривожланиб бораётганидан мамнуният изҳор этди.
Ушбу марказ Корея Республикасининг 2016 йил 3 февралда қабул қилинган “Махсус чет тилларини ўқитишни қўллаб-қувватлаш тўғрисидаги” қонуни ижроси доирасида ташкил этилган, - деди профессор Чонг Джин О. - Таълим вазирлиги ва Халқаро таълим миллий институти томонидан миллий тараққиёт учун стратегик ёндашув талаб этиладиган махсус хорижий тиллар сифатида марказимизда ўқитиш учун танланган дастлабки 11 давлат тиллари орасида ўзбек тилининг ҳам мавжудлиги Жанубий Корея ҳукумати мамлакатимизда ўзбек тилини ўргатишга катта эътибор қаратаётганидан далолатдир.
Манба: “Дунё” ахборот агентлиги