Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Халқаро конференция Ўзбекистоннинг Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши билан ҳамкорлигига бағишланди
2021-05-01 | Жамият
Тошкент давлат шарқшунослик университетида Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим, Ташқи ишлар вазирликлари ва Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши билан биргаликда Ўзбекистоннинг Туркий тилли давлатлари Кенгаши билан ҳамкорлигига бағишланган халқаро онлайн конференция бўлиб ўтди.
Конференцияда Венгрия, Озарбайжон, Қирғизистон, Қозоғистон, Туркия ва Ўзбекистонлик халқаро экспертлар, олимлар, нуфузли олий таълим муассасалари ректорлари, давлат арбоблари, дипломатик корпус ва халқаро ташкилот вакиллари қатнашди.
Унда Турк Кенгашига аъзо давлатларнинг ривожланиш ҳолати, ўзаро ҳамкорликни ташкил этишнинг долзарб масалалари, минтақа давлатларининг иқтисодий, маданий, таълим ва бошқа соҳалардаги ривожланиш истиқболлари ва ўзаро алоқалари каби мавзуларда марузалар ўқилиб, муҳим жиҳатлар муҳакама қилинди.
Жаҳон сиёсатида кузатилаётган ҳозирги ўзгаришлар шароитида туркий тилда сўзлашувчи давлатлар ташқи сиёсати ва халқаро муносабатларининг концептуал жиҳатлари, мазкур давлатлар ташқи сиёсатидаги янги тенденциялар, уларни ўрганиш муаммолари ва истиқболлари, Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик ташкилотининг халқаро муносабатлардаги, хусусан, “Шарқ ва Ғарб” мулоқоти контекстидаги ўрни ва аҳамияти, шунингдек, халқаро лойиҳалар доирасидаги ўзаро алоқалари ҳам кўриб чиқилмоқда.
Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик Кенгаши (Турк Кенгаши)нинг ҳалқаро интеграцион ташкилот сифатида обрўси ва нуфузи жаҳонда тобора ортиб бормоқда. Бугунги кунда ташкилотга 5 та давлат – Озарбайжон, Қирғизистон, Қозоғистон, Туркия ва Ўзбекистон киради. Шунингдек, Венгрия ва Туркманистон кузатувчи мақомига эга.
Маълумот учун,Ўзбекистон Турк кенгашига 2019 йил 14 сентябрда аъзо бўлган.
Манба: ЎзА