Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
“Меҳр-5” операцияси: муборак Рамазон ойида Ўзбекистон раҳбарияти хайрли ишни амалга оширди
2021-05-01 | Жамият
Ўзбекистонга “Меҳр-5” операцияси доирасида «Uzbekistan Airways» АЖнинг махсус самолётида Яқин Шарқдаги “қайноқ нуқталар”дан 93 нафар аёллар ва болалар олиб келинди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Маълумки, сўнгги йилларда мамлакатимизда инсон манфаатларини ҳимоя қилишга, унинг ҳақ-ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлашга катта эътибор берилмоқда.
Зеро, ҳар бир Ўзбекистон фуқароси давлат ҳимоясида экани Бош қомусимизда ўзининг мустаҳкам ифодасини топган.
Шу маънода давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев топшириғига кўра ва бевосита назорати остида хорижий юртларда қийин шароитга тушиб қолган ватандошларимизга кўмак бериш, уларни мамлакатимизга қайтариш ҳамда жамиятимизга тўлақонли мослашишини таъминлаш бўйича “Меҳр” инсонпарварлик операциялари амалга ошириб келинмоқда.
Бугунги кунгача ўтказилган “Меҳр 1, 2, 3, 4” операциялари доирасида Сурия, Ироқ ва Афғонистонда оғир аҳволга тушиб, чорасиз қолган 438 нафар аёллар ва болалар мамлакатимизга олиб келинди.
Таъкидлаш лозимки, бир вақтлар турмуш ўртоғи ёки отасининг қистови ёхуд таъсири остида “оловли нуқталар”га бориб қолган, бугун эса давлатимиз саъй-ҳаракатлари билан Ватанга қайтарилган бу инсонлар мамлакатимиз, бағрикенг халқимиз ғамхўрлиги ва эътибори остида тинч-осуда ҳаёт кечирмоқда. Ҳаётга янгича кўз, янгича ёндашув билан қарамоқда.
Муборак Рамазон ойида ҳам АҚШ ва бошқа ҳамкор давлатлар кўмаги билан амалга оширилган “Меҳр-5” операцияси натижасида Сурия ҳудудидаги уруш кетаётган “қайноқ нуқталарга” бориб қолиб, “Ал-Хол” лагерида 3 йилдан ортиқ вақт давомида ушлаб турилган 24 нафар аёллар ва 69 нафар болалар Ўзбекистонга қайтарилди.
Таъкидлаш лозимки, бу аёллар мутаассиблик натижасида террорчилик йўлига кирган турмуш ўртоқларининг ундови билан Сурияга борган ва эрларини жангларда йўқотиб, ўзлари бева, фарзандлари эса етим қолган.
Шунингдек, Ватанга олиб келинганлар орасида ҳам отасини, ҳам онасини йўқотган 7 нафар етим бола бор.
Ачинарлиси, тақдирнинг аччиқ қисматига дуч келган бу ватандошларимиз ҳаёт кечириш учун зарур бўладиган энг оддий шароитлардан маҳрум ҳолатда яшашга мажбур бўлган.
Эндиликда бу аёллар ва болалар Тошкент вилоятидаги “Бўстон” санаторийсига жойлаштирилади ҳамда уларга тиббий, психологик ва ижтимоий ёрдам кўрсатилади. Шунингдек, уларнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатларни расмийлаштириш бўйича зарур ишлар амалга оширилади.
Бир сўз билан айтганда, ҳозиргача фақат бугуни билан яшаган, ҳар кеча жони ҳадикда, яна тонг отишига ишонмай уйқуга ётган 93 нафар инсон бугундан эътиборан эртанги кунга ишонч туйғуси билан, таъбир жоиз бўлса, янги ҳаётда умр кечира бошлайди.
Халқаро экспертлар фикрига кўра, Ўзбекистон ўз фуқароларини ҳарбий можароли зоналаридан олиб чиқиш билан фаол шуғулланаётган кам сонли давлатлардан бири саналади.
Ватан - инсон учун энг улуғ, энг муқаддас маскан. Бежизга уни онага қиёслашмайди. Зеро, ҳар бир инсон онаси бағрида, ватани қучоғида бахтиёр яшаши ҳаётнинг синалган ҳақиқатидир.
Манба: “Дунё” ахборот агентлиги