Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бўйича қатор таклифлар ўртага ташланди
2021-04-30 | Жамият
Бугун Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигида ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси (ДИИҲБ) директори М. Мекаччи раҳбарлигидаги делегатсия аъзолари билан учрашув бўлиб ўтди.
Тадбирда сўз олган Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирининг биринчи ўринбосари Гулнора Маруфова сўнгги йилларда мамлакатимизда оилалар ҳамда хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, таълим олишлари учун зарур шарт-шароитлар яратиб бериш борасида қатор ишлар олиб борилаётганилигини таъкидлаб ўтди.
Шунингдек, аёлларни зўравонликдан ҳимоя қилиш, давлат идоралари, банклар, сиёсий партиялар билан ўзаро алоқалар, ҳуқуқбузарлик содир этган ва қамоқда сақлаш жойларида жазо ўтаётган аёлларни қўллаб-қувватлаш масалалари хусусида маълумот бериб ўтди.
Жаноб М. Мекаччи ҳам ўз ўрнида ЕХҲТ гендер тенглик масалаларига алоҳида эътибор қаратиши, ЕХҲТ мамлакатларида янги "Ўзгариш" (Change) лойиҳасини амалга оширишга тайёргарлик кўрилаётганлиги тўғрисида маълумот берди ҳамда мазкур лойиҳа доирасида вазирлик билан қатор йўналишларда фаол ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш таклифини билдирди.
Жумладан:
- аёлларни ҳимоя қилиш ва қўллаб-қувватлаш соҳасидаги стратегияни ишлаб чиқиш, қонунчиликни такомиллаштириш бўйича эксперт ёрдамини кўрсатиш;
- хотин-қизлар билан ишловчи мутаҳассислар, шу жумладан, кенг жамоатчилик лидерлари салоҳияти ва аёлларнинг рақамли саводхонлигини ошириш;
- аёлларни онлайн таҳдидлар, туҳмат, аёлларга қарши ҳужумлардан ҳимоя қилиш, уларнинг олдини олиш чораларини кўриш;
- қамоқхоналардаги аёлларни зўравонликдан ҳимоя қилиш масалалари қайд этиб ўтилди.
Қизғин суҳбат тарзида ўтган мулоқот якунида ҳамкорлик алоқаларини келгусида янада кенгайтириш ва мустаҳкамлаш бўйича ўзаро келишиб олинди.
ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси делегациясининг юртимизга ташрифи давом этмоқда.
Манба: Ўзбекистон Республикаси маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирлиги