Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Сенат раиси фарғоналик юзлаб аёллар ва ёшлар турмуш тарзи билан яқиндан танишди
2021-04-30 | Жамият
Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева аҳоли билан юзма-юз мулоқот қилиш, “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари”га киритилган оилаларга кўрсатилаётган ижтимоий ёрдамлар ҳолати билан яқиндан танишиш мақсадида Фарғона вилоятининг қатор маҳаллаларига ташриф буюрди.
Дастлаб Қўштепа тумани “Истиқбол” маҳалласида хотин-қизларни тиббий кўрикдан ўтказиш, уларга моддий ва маънавий кўмак бериш, бандлигини таъминлаш, томорқадан самарали фойдаланиш борасида олиб борилаётган жараёнлар билан танишиш асносида маҳаллада яшовчи Саодатхон Умарова, Матлубахон Мирзаева ва Маъмурахон Турғунова хонадонида бўлди. Айтиш лозимки, “Аёллар дафтари”га киритилган мазкур оилаларга маҳаллий ҳокимлик томонидан субсидия ажратилиб, иссиқхоналар қуриб берилган. Айни пайтда бу ерда булғор қалампири, бодринг, помидор маҳсулотлари етиштирилмоқда.
Ўрганишлар давомида уй-жойга муҳтож, эҳтиёжманд оилалар учун маҳаллий тадбиркорлар томонидан қайта реконструкция қилиниб, фойдаланишга топширилган янги уй-жойларни кўздан кечирди. Шу ернинг ўзида “Аёллар дафтари”га киритилган уч нафар хотин-қизларга янги уйларнинг калити топширилди.
Тумандаги “Абдул-ҳамид Абдурашид файзи” МЧЖ тасарруфидаги ёшлар кооперациясида 24 нафар “Ёшлар дафтари”га киритилган йигит-қизларга 30 сотихдан ер ажратиб берилган. Ҳозирги кунда бу ерга экилган қовун-тарвузлар ёш ер эгалари томонидан парваришланмоқда. Сенат раиси мазкур дала майдонларида меҳнат қилаётган ёшлар билан учрашиб, уларнинг орзу-мақсадлари билан қизиқди.
Шунингдек, ҳудуддаги “Fergana Global Textile” пахта-тўқимачилик кластерида бўлиб, аёллар билан суҳбатлашди. Айни вақтда кластерда 1152 нафар ходим фаолият юритса, уларнинг 498 нафарини аёллар ташкил этади.
Сенат раиси шу куннинг ўзида тумандаги “Uniform Partner” МЧЖда фаолият юритаётган 35 нафарга яқин аёллар билан учрашиб, уларнинг иш ва оилавий муаммоларини тинглади.
Ташриф давомида вилоятнинг Тошлоқ туманидаги Ҳунармандлар маркази, “MarTash speso-dejda” ва Заркент қишлоғида жойлашган “Sarvinoz Mashhura Shod Dil” МЧЖларда ташкил этилган иш жараёнлари кўздан кечирилиб, мазкур корхоналарда меҳнат қилаётган аёлларга яратиб берилган шарт-шароитлар таҳлилий ўрганиб чиқилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирлиги