Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
«Марказий Осиё дунё цивилизациялари чорраҳасида» анжуманини юксак савияда ўтказиш бўйича вазифалар белгиланди
2021-04-29 | Сиёсат
Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг «Марказий Осиё дунё цивилизациялари чорраҳасида» халқаро маданият форумига тайёргарлик кўриш ва уни юқори савияда ўтказиш тўғрисида»ги қарори имзоланди
Ўзбекистон Президентининг 2021 йилда ЮНEСКО билан ҳамкорликда қадимий Хива шаҳрида «Марказий Осиё дунё цивилизациялари чорраҳасида» мавзусида халқаро анжуманни ўтказиш тўғрисидаги таклифи сиёсатшунос, тарихчи, илм-фан, маданият ва туризм соҳаси вакилларининг диққат марказида турибди.
Давлатимиз раҳбарининг ушбу тарихий ташаббуси илк бор БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида илгари сурилган эди.
Ҳукумат қарорида ушбу ташаббусни амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар дастури тасдиқланди. Ҳужжатга биноан, «Марказий Осиё дунё цивилизациялари чорраҳасида» халқаро анжумани 2021 йил сентябрь ойида ўтказилади.
Қарорга кўра, Хива шаҳрида форумнинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтади. Унинг доирасида маданий мерос масалалари бўйича ЮНЕСКО билан ҳамкорликда Халқаро маслаҳат қўмитасининг I йиғилиши, Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё туризм форуми ташкил этилади.
Бундан ташқари анжуманнинг муҳим тадбирларидан бири пойтахтимиз Тошкент шаҳрида Ўзбекистон маданий меросини асраш, ўрганиш ва тарғиб қилиш бўйича бутунжаҳон жамиятининг V Халқаро конгресси уюштирилади.
Ҳукумат қорорида, шунингдек, «Марказий Осиё дунё цивилизациялари чорраҳасида» халқаро маданият форумига тайёргарлик кўриш ва уни юқори савияда ўтказиш бўйича ташкилий қўмита таркиби ва уни юқори савияда ўтказиш бўйича чора- тадбирлар режаси тасдиқланди.
Ташкилий қўмита 2021 йил 1 июнга қадар халқаро анжуман концепцияси, аниқ санаси ва вақтларини кўрсатган ҳолда форум дастури, очиқ танлов ўтказиш орқали форум логотипи, махсус эсдалик совға намунаси ва хештегини ишлаб чиқади. Бундан ташқари ЮНЕСКОнинг 6 та расмий тилида интерактив усулдаги форум сайти яратилади.
Анжуман доирасида жаҳоннинг нуфузли олимларидан иборат таркибда халқаро таҳрир ҳайъатини ташкил этган ҳолда энг яхши мақолалар халқаро танлови ўтказилади ва энг сара мақолалар махсус тўплам шаклида нашр этилади.
Ўзбекистон Туризм ва спорт вазирлиги, Ўзбекистон Кинематография агентлиги ҳамда Хоразм вилояти ҳокимлигининг тадбирга бағишланган видеоролик ҳамда «Лазги» номли ҳужжатли фильмни тасвирга олиш тўғрисидаги таклифлари маъқулланди.
Мазкур халқаро форумни юқори савияда ўтказиш халқаро ҳамжамиятга Ўзбекистонда Учинчи ренессанс — уйғониш даври бошланаётгани намоён этади, шунингдек, қадимий Хива шаҳри туризм брендини янада ривожлантиришга ҳамда туристик оқимнинг кўпайишига хизмат қилади.
Манба: “Дунё” ахборот агентлиги