Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Гулнора Саидова: «Қиличбозларимиз келгуси Олимпиада ўйинларида медаллар учун курашади»
2021-04-29 | Спорт
Бугун Туризм ва спорт вазирлигида Токио-2020 ёзги Олимпиада ўйинлари лицензиантлари тақдирланишганидан сўнг, қиличбозлик бўйича Олимпиада йўлланмаларини қўлга киритган спортчилар иштирокида матбуот анжумани ўтказилди.
Анжуманда Ўзбекистон қиличбозлик федерацияси бош котиби Гулнора Саидова, терма жамоа мураббийлари Владимир Назлимов ҳамда Руслан Кудаев, Токио-2020 литсензиантлари Малика Ҳакимова, Шерзод Мамутов ва Зайнаб Дайибекова, шунингдек, ОАВ ходимлари иштирок этди.
Таъкидлаш жоиз, қиличбозлик бўйича Олимпия ўйинларида терма жамоамиз шу пайтгача фақат 3 марта, яъни Атланта-96, Сидней-2000 ва Лондон-2012 Олимпиадаларида атиги бир нафар спортчи билан иштирок этган.
Токио-2020 учун эса бир йўла 3 нафар спортчимиз Олимпиада лицензиясига эга бўлишди. Холбуки, ушбу Олимпиада цикли олдидан терма жамоамиз олдига иккита йўлланма қўлга киритиш вазифаси қўйилган эди. Демак, вазифа ортиғи билан уддаланди.
Анжуман аввалида Ўзбекистон қиличбозлик федерацияси бош котиби Г.Саидова ўз фикрлари билан ўртоқлашди.
«Токио олимпиадаси аслида ўтган йили ўтказилиши керак эди. Ушбу нуфузли мусобақанинг бир йилга кечиктирилиши бизнинг фойдамизга ишлади, десак хато қилмаймиз. Чунки, терма жамоамиз янада пухта тайёргарлик кўришга муваффақ бўлди. Қолаверса, бизни қувонтирган жиҳат, мазкур Олимпия ўйинларига спортчимиз тўғридан-тўғри йўлланмани қўлга киритди.
Тошкентда ўтказилган Осиё-Океания лицензион саралаш турнирида ғолиб чиқиб, Олимпиада йўлланмаларини қўлга киритган спортчиларимиз жуда ёш ва уларни олдинда ёрқин келажак кутиб турибди, дейишга ҳақлимиз. Бу сафарги Олимпия ўйинларида 3 нафар спортчи билан қатнашиш бизга чексиз қувонч улашаётган бўлса, кейинги Олимпиада мусобақаларида биз медаллар учун курашишни мақсад қилиб қўйганмиз».
Шунингдек, анжуманда қиличбозлик спорти афсонаси, 3 карра Олимпия ўйинлари ғолиби Владимир Назлимов Токио Олимпиадасига қандай тайёргарлик кўрилиши ҳақида тўхталиб ўтди:
«Олимпиада ўйинларигача олдимизда ҳеч қандай мусобақа қолмади. Шу боис тайёргарликни ўзимизда олиб борсак керак. Бундай нуфузли мусобақаларга сиз учун қаер қулай бўлса, ўша ерда ҳозирлик кўрганингиз маъқул. Бугунги эпидемиологик вазиятни ҳисобга олган ҳолда Тошкентда қолиш энг тўғри йўл деб ўйлайман. Чунки кўплаб давлатларда чегаралар ёпилган. Қолаверса, хорижда сиз ўзингизни уйдагидек эркин ҳис қилолмайсиз. Шу сабабли хориждан 4-5та жамоани таклиф қилиб, қўшма ўқув-машғулотлар йиғини ўтказишни кўзлаб турибмиз.
Шу мақсадда Тошкентга Туркия, Грузия, Украина терма жамоалари ва Россиянинг Санкт-Петербург шаҳри жамоасини чақиришни режа қилганмиз. Яқинда «Янгиобод» спорт базасида машғулот ўтказдик ва бу маскан йиғин ташкил этиш учун энг қулай жой. Мен Олимпиада ўйинларида ғалаба қозонмагунча Ўзбекистон терма жамоасидан кетмайман».
Тадбир давомида Токио-2020 Олимпия ўйинлари литсензиантлари ҳам ўз таассуротлари билан ўртоқлашди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Туризм ва маданий мерос вазирлиги