Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

АҚШ элчиси сурхондарёлик талабалар билан учрашди

2021-04-28 | Таълим

Сурхондарё вилоятининг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши билан яқиндан танишиш ҳамда ўзаро ҳамкорлик масалаларини муҳокама этиш учун келган Америка Қўшма Штатларининг Фавқулодда ва мухтор элчиси Даниел Розенблюм бошчилигидаги делегация Термиз давлат университетида бўлди.

Учрашув мамлакатимиз таълим соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар доирасида элчихоналарнинг ҳамкорлигини мустаҳкамлаш, кадрлар салоҳиятини янада юксалтириш учун жойларда, хусусан, Сурхондарёда ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларнинг фарзандлари учун лидерлик ва инглиз тили ўқув курсларини йўлга қўйиш мақсадида ташкил этилди.  

Делегация аъзоларини Термиз давлат университети ректори Авазжон Мараҳимов бошчилигидаги университет расмийлари кутиб олди. Учрашувда элчи жаноблари Америка Қўшма Штатлари томонидан Ўзбекистонга киритилаётган инвестициялар, АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси билан Термиз давлат университети ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари ҳақида сўз юритди.

Ўтган йили Термиз давлат университети билан Америка Қўшма Штатларидаги олий таълим муассасалари ўртасида ўзаро ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилиб, икки томонлама қатор лойиҳалар амалга оширилди. Жумладан, айни вақтда бевосита элчихонанинг саъй ҳаракатлари билан Фулбрайт инглиз тили ўқитувчи-ассистенти дастури доирасида Кристофер Коуэн Термиз давлат университетининг хорижий филология факультетида талабалар учун амалий ўқув-машғулотлари ҳамда дарсдан ташқари Спеакинг Цлуб фаолиятини олиб бормоқда.

Университетнинг инглиз тили ва адабиёти кафедраси профессор-ўқитувчилари АҚШлик мутахассислар билан ҳамкорликда Американ Студиэс (Америкашунослик) номли ўқув-қўлланма яратиш лойиҳаси устида ишламоқда. Хорижий филология факультетининг 9 нафар профессор-ўқитувчиси Американинг университетлари томонидан ташкил этилган онлайн курсларда ҳам фаол иштирок этмоқда.  

Мулоқот чоғида элчи жаноблари университет ректорига ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларнинг фарзандлари ва ёшлар учун махсус лойиҳа доирасида инглиз тилини ўқитиш курсларини ташкил этиш ғоясини илгари сурди. Ректор бу истакни қўллаб-қувватлаб, Американинг етакчи университетлари билан ҳамкорликда инглиз тилини чет тили сифатида ўқитишга мўлжалланган виртуал платформа яратиш таклифини билдирди.

Тадбир доирасида Даниел Розенблюм Термиз давлат университетининг иқтидорли талабалари билан учрашди. Америкадаги олий таълим тизими, давлатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари хусусида суҳбатлашди. Талабалар ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб олди.  

Даниел Розенблюм элчихона номидан университет кутубхонасига инглиз тилини ўқитиш методикаси ва инглиз тилида чоп этилган бадиий китоблар жамланмасини совға қилди.

Самимий руҳда ўтган мулоқот якунида Америка Қўшма Штатлари олий таълим муассасалари ва Термиз давлат университети ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантиришга келишиб олинди. Делегациянинг вилоятдаги учрашувлари давом этмоқда.

Манба: ЎзА

Поделиться