Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ҳудудларда болалар-ўсмирлар футболидаги ютуқ ва камчиликлар таҳлил этилди
2021-04-28 | Спорт
Кеча Ўзбекистон футбол ассоциацияси биринчи вице-президенти Равшан Эрматов раислигида ҳудудларда футболни ривожлантириш бўйича олиб борилаётган ишлар ва мавжуд камчиликларларни таҳлил этишга бағишланган йиғилиш ўтказилди.
Видеоконференция шаклида ўтказилган йиғилишда ҳудудий футбол ассоциацияларининг биринчи вице-президентлари, Футбол маҳорат мактабларининг директорлари ҳамда болалар-ўсмирлар футболи бўйича масъул мутахассислар ўз ҳудудида йил давомида амалга оширилган ишлар юзасидан ҳисобот беришди.
Ҳудудлардаги футбол академиялари фаолияти, хусусан ёш тарбияланувчилар учун яратиб берилаётган шарт-шароитлар, турли ёш тоифасидаги Ўзбекистон терма жамоалари ва клублар учун футболчиларни тайёрлаб бериш кўрсаткичлари таҳлилий маълумотлар асосида муҳокама этилди.
Унга кўра ҳудудларда ўтказилаётган болалар, ўсмирлар ва оммавий футбол тадбирларини назорат қилиш етарли даражада йўлга қўйилмаганлиги, аксарият мураббийларнинг малакаси етарли даражада эмаслиги, иқтидорли болаларни аниқлаш бўйича селекционер тренерларни бириктириш ишлари жуда суст эканлиги ҳамда мусобақа ва машғулотларда санитария-гигиена қоидаларига қатъий риоя қилишдаги камчиликлар кескин танқид қилинди.
ЎФА биринчи вице-президенти томонидан ҳудудларда терма жамоалар учун маҳоратли футболчиларни етиштириб бериш, ёшлар тарбиясига жиддий эътибор қаратиш, тўғри овқатланиш, сифатли витаминизацияни йўлга қўйиш ҳамда мусобақалар ва ўқув-йиғин машғулотлари таҳлилини олиб бориш зарурлиги бўйича масъулларга топшириқ берилди.
Мураббийларга эса қўл остидаги тарбияланувчиларнинг ўйинидаги ўсиш ва пасайиш динамикасини мониторинг қилиш ва бу орқали аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича тегишли тавсиялар берилди.
Жиззах, Самарқанд, Сурхондарё, Тошкент вилоятлари ва Тошкент шаҳар футбол маҳорат мактабларида қурилиш-реконструкция ишларини жадаллаштириш, сифатли футбол майдонларини барпо этиш ҳамда ётоқхона ва ошхоналарни замон талабларига мос равишда жиҳозлаш бўйича масъулларга кўрсатма берилди.
Буларнинг барчаси якунда эртамиз эгалари бўлган ёшларнинг етук маҳоратли футболчилар бўлиб улғайишига хизмат қилади.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги