Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Таълим сифатини баҳолашга қаратилган халқаро тадқиқотларга тайёргарлик бўйича семинар ташкил этилди

2021-04-28 | Таълим

Президентимизнинг Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида барча даражадаги раҳбарлар пастга тушиб, ўз соҳаси бўйича маҳаллалардаги муаммоларни ўрганиши ва уларга ечим топиши вазифаси белгиланган эди.

 

Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси ушбу вазифаларни амалга оширишда маҳаллий ҳокимият ва таълим бошқаруви органлари билан ҳамкорликда бевосита жойларга чиққан ҳолда иш олиб бормоқда.

Ҳозирги кунга қадар республикамиз таълим ташкилотларида ёшларга сифатли таълим олиш учун яратилган шароитлар, таълим сифати паст, деб эътироф этилган умумтаълим мактабларида сифатни яхшилаш, уларни олий таълим муассасаларига бириктириш, ўқитувчиларнинг касбий маҳоратини ошириш бўйича амалга оширилаётган ишлар таҳлил қилинди.

Инспекция томонидан жорий йил 27 апрель куни Учтепа туманидаги 193-сонли таянч мактабда таълим сифатини баҳолашга қаратилган халқаро тадқиқотларга тайёргарлик бўйича семинар ташкил этилди.

Унда Халқ таълими вазирлиги, Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси, Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Таълим сифатини баҳолаш бўйича халқаро тадқиқотларни амалга ошириш миллий маркази, А.Авлоний номидаги илмий тадқиқот институти, шаҳар халқ таълими бош бошқармаси, шаҳар ўқитувчилар малакасини ошириш маркази мутасадди раҳбарлари, халқаро тадқиқотларга тайёргарлик бўйича 15 та таянч мактаби директорлари, тренер-ўқитувчилар иштирок этди.

Маълумки, Ўзбекистон илк маротаба таълим сифатини баҳолаш бўйича халқаро тадқиқотларда иштирок этмоқда. Бошланғич 4 синф ўқувчиларининг ўқиш саводхонлигини баҳолаш бўйича асосий тадқиқотлар жорий йилнинг апрель ойида 180 та мактабда ўтказилди. Ушбу тадқиқот натижалари Таълим соҳасидаги ютуқларни баҳолаш халқаро ассоциацияси (ИЕА) томонидан 2022 йилда эълон қилинади. Яна бир тадқиқот – 15 ёшли ўқувчиларнинг ўқиш, математика ва табиий фанлар бўйича саводхонлигини баҳолашга йўналтирилган PISA дастурининг тажриба-синовлари айни кунларда республикамиздаги 84 та мактабда ўтказилмоқда. PISAнинг асосий тадқиқотлари эса 2022 йил апрел-май ойларида ташкил этилади.

Мазкур тадқиқотларга тайёргарлик кўриш бўйича ўтган йилда республикамиз бўйича 348 та таянч мактаб белгиланган бўлиб, улардан 15 таси пойтахтимизда жойлашган. Мазкур мактабларга яқин ҳудудларда жойлашган бошқа мактаблар уларга бириктирилди ва тренер-ўқитувчилар гуруҳлари шакллантирилди.

Семинарда юртимизда таълим сифатини ошириш ва халқаро тадқиқотларга тайёргарлик кўриш бўйича вазифалар тўғрисида сўз борди. Шунингдек, пойтахт мактабларида мавжуд таълим сифати кўрсаткичлари ҳам танқидий муҳокама қилинди.

Таъкидланишича, пойтахтда таълим сифати юқори бўлган, кўплаб ижобий натижаларга эришаётган мактаблар талайгина. Бироқ айрим мактаблардаги таълим сифатининг бугунги ҳолати қониқарли даражада эмас. Айрим таянч мактаблар ўзларига юклатилган вазифаларни лозим даражада бажармаяпти. Ўтган йилги 10 фоиз мактабларнинг миллий рейтинги натижаларига кўра, Тошкент шаҳри республикада 29,7 балл билан 10 ўринни эгаллаган.

PISA талаби асосида ўтказилган 2019 йилдаги тадқиқотда Тошкент шаҳридаги мактаблар 30,4 фоиз натижа билан 14 та ҳудуд орасида 10 ўринда, 2020 йилдаги тадқиқотда эса 31,9 фоиз натижа билан энг охирги ўринда қайд этилган.

Пойтахт мактабларида таълим сифатини ошириш учун узлуксиз таълим тизимидаги барча ташкилотлар ҳамкорликда ишлаши, олий таълим муассасалари томонидан мактаблар амалий-услубий ёрдам кўрсатиш бўйича ишларни кучайтириш лозимлиги таъкидланди.

Семинарнинг иккинчи қисмида эса иштирокчилар шўбаларга бўлинган ҳолда маҳорат дарслари ўтилди.

Манба: ЎзА

Поделиться