Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Яна бир халқаро лойиҳа ижросига доир учрашув
2021-04-27 | Жамият
Бугун Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигида “Марказий Осиёда аҳолини зўравон экстремизмдан ҳимоя қилиш” лойиҳасини амалга оширишга қаратилган келгуси режалар муҳокамасига доир учрашув бўлиб ўтди.
Унада Германия халқаро ҳамкорлик жамияти лойиҳа раҳбари (GIZ) Катя Зетцкорн, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш ҳамда Ички ишлар вазирликларининг масъул ходимлари иштирок этиб, лойиҳа бўйича амалга оширилиши лозим бўлган асосий ҳамкорлик йўналишларини кўздан кечиришди.
Хусусан, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги билан ҳамкорликда маҳаллаларда зўравон экстремизмни олдини олиш бўйича фуқаролар йиғинлари ходимлари малакасини оширишга қаратилган тарқатма материаллар ишлаб чиқиш, тренинг машғулотлари ташкил этиш, “Тенгдошга — тенгдош” тамойили асосида олинган билимларни бошқа фуқаролар йиғинлари ходимларига ҳам тарғиб қилиш амалиётини ҳаётга татбиқ этиш режалаштирилмоқда.
Шунингдек, учрашув давомида келгусида фуқаролар йиғинларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, дастурларни ишлаб чиқишда рақамлаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратиш, мобил иловалар ишлаб чиқиш таклифлари юзасидан муҳим фикрлар билдириб ўтилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирлиги