Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон мактабгача таълим тизимига Жанубий Корея замонавий технологияларини жорий этиш режалаштирилмоқда
2021-04-27 | Таълим
Мамлакатимизнинг Корея Республикасидаги элчихонаси томонидан ташкиллаштирилган Жанубий Корея - Ўзбекистон бизнес ассоциацияси (КУБА) делегациясининг мамлакатимизга ташрифи доирасида КУБА раисининг биринчи ўринбосари Ким Чанг Кеон кеча Ўзбекистон мактабгача таълими вазири Агрипина Шин билан учрашди
Тадбирда вазирлик томонидан илгари сурилаётган мактабгача таълим тизимини рақамлаштириш доирасида «Edu Link» таълим платформасини жорий қилиш бўйича лойиҳани бажариш масалалари муҳокама қилинди.
Жанубий Корея мутахассислари томонидан ишлаб чиқилаётган «Edu Link» дастурининг мазмуни ва асосий функциялари бўйича қўшма тадбирлар атрофлича кўриб чиқилди. Дастур юзасидан видеоконференциялар орқали мунтазам тарзда мунозаралар ўтказилаётгани мазкур лойиҳани муваффақиятли амалга ошириш учун самарали ҳамкорлик тизимини шакллантиришга имкон берди.
Вазирга лойиҳани тайёрлаш ва уни жорий йил 1 сентябрь куни расмий тарзда ишга тушириш бўйича тайёргарлик ва тарғибот режалари тўғрисида маълумот берилди. Жанубий кореялик сармоядор лойиҳа Ўзбекистон мустақиллигининг 30 йиллик ва икки мамлакат ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 29 йиллик саналарига ўзига хос туҳфа бўлишини алоҳида таъкидлади.
Мулоқот чоғида, шунингдек, Тошкент шаҳрида Жанубий Корея стандартлари асосида олий ўқув юрти очиш, Фарғона ва Наманган вилоятларида мактабгача таълим муассасаларини яратиш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш масалалари ҳам муҳокама қилинди, истиқболдаги режалар белгилаб олинди.
Учрашув якунида белгиланган вазифаларни ўз вақтида бажариш ва лойиҳани белгиланган муддатда ишга тушириш бўйича ишчи гуруҳнинг тизимли фаолиятини ташкил этиш тўғрисида келишувга эришилди.
Манба: “Дунё” ахборот агентлиги