Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Гулистон туманида секторлар раҳбарлари уюшмаган ёшлар билан учрашди
2021-04-27 | Ёшлар
Учрашувда ҳар бир секторда истиқомат қилувчи уюшмаган ёшлар бир жойга жамланиб, туман ҳокими ва қолган сектор раҳбарлари билан юзма-юз, очиқ, ошкора ва самимий мулоқотда бўлди.
Туман ҳокими Ш.Ғафуров ёшлар бандлигини таъминлаш ва бўш вақтларини мазмунли ташкил қилиш борасида амалга оширилган ишлар юзасидан ахборот берди.
Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида сектор раҳбарлари томонидан ёшлар билан учрашувлар ташкиллаштирилди. Бунда ёшлар томонидан 150 дан ортиқ мурожаат йўлланган бўлиб, шуларнинг юздан ортиғи ўзининг ижобий ечимини топди. Қолган мурожаатлар вақт ва маблағ талаб қилганлиги боис, ижроси қатъий назоратда турибди. Яқин фурсатларда ушбу мурожаатлар ҳам ўзининг ижобий ечимини топиши шубҳасиз.
– Жорий йилнинг 1-чорак якунига кўра, 1-сектор ҳудудида 368 нафар, 2-сектор ҳудудида 233 ва 3-сектор ҳудудида 288 ҳамда 4-сектор ҳудудида 311 нафар, туман бўйича жами 1 минг 200 нафар йигит-қизнинг бандлиги таъминланди, – деди Гулистон тумани ҳокими Шавкат Ғафуров. – Бундан ташқари, тадбиркорлик фаолияти учун кредит ажратилган ёшлар 1-сектор ҳудудида 40 нафар, 2-сектор ҳудудида 36, 3-сектор ҳудудида 12 ва 4-сектор ҳудудида 21 нафарни ташкил этмоқда. Буларнинг барчаси, ёшларга қаратилаётган эътибор ва ғамхўрлик самарасидир. Ўз тадбиркорлигингиз, оилавий бизнесингизни ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш ниятингиз бўлса, янги таклиф, янги ғояларингиз бўлса, биз, сектор раҳбарлари ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга тайёрмиз.
Сўнгра учрашувга келган ёшлар сектор раҳбарларига ўзларини қийнаб келаётган муаммолари, ўз навбатида, таклиф, фикр ва мулоҳазаларини ҳам билдирди.
Учрашув чоғида ёшлар томонидан кўтарилган мурожаатлар ёзма равишда қайд этилиб, шу жойнинг ўзида, масалага бевосита мутасадди ташкилотлар раҳбарларига аниқ топшириқлар берилиб, ечими ҳудудлар кесимида ҳар бир сектор раҳбарининг қатъий назоратига олинди.
Тадбирда иштирок этаётган 16 нафар “Ёшлар дафтари”га киритилган, моддий аҳволи қийин ёшларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 4 бараваригача миқдорда бир марталик моддий ёрдам олиш ҳуқуқини берувчи сертификатлар топширилди.
Секторлар раҳбарларининг ёшлар билан учрашувлари ҳудудлар кесимида давом этади.
Манба: ЎзА