Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Жиззах вилояти тадбиркорларининг масалалари ҳал этилмоқда
2021-04-27 | Иқтисодиёт
Жорий йилнинг 24 апрель куни Давлат раҳбарининг топшириғига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари С.Умурзаков бошчилигида ҳамда вазирликлар, идоралар, тармоқ бирлашмалари ва тижорат банклари раҳбарларидан иборат Экспорт ва инвестицияларни ривожлантириш масалалари бўйича Ҳукумат комиссияси тадбиркорлар ва экспортчилар билан ишлаш ва уларнинг муаммоли масалаларини ҳал этиш учун Жиззах вилоятига йўл олди.
Комиссия ўз фаолиятини корхоналарга ташриф буюриб, тадбиркорлар билан мулоқотда бўлиш ҳамда ишлаб чиқариш объектларининг бугунги ҳолатини ўрганиш орқали олиб борди. Шунингдек, ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш ҳамда қўшилган қиймат занжирларини кўпайтириш ва янги юқори технологияли маҳсулотлар ишлаб чиқарилишини йўлга қўйиш ҳисобига корхоналарни кенгайтириш истиқболлари жойларнинг ўзида муҳокама қилинди.
Вилоятга ташриф давомида тадбиркорлар ва экспортчилар билан очиқ мулоқот ташкил этилди. Унинг мақсади масъул тузилмаларни жалб қилган ҳолда ишбилармонлар муаммоларини ҳар томонлама таҳлил қилиш ва устида ишлаш орқали уларни муҳокама қилиш ва ҳал этишдан иборат бўлди. Тадбирда ўз масалаларни кўтариб чиқиш имкониятига эга бўлган 250 нафардан зиёд тадбиркорлар қатнашди. Масалаларнинг ҳар бири комиссия аъзолари томонидан атрофлича ўрганилди.
Мулоқот давомида тадбиркорлардан жами 214та муаммоли масала бўйича мурожаатлар келиб тушди. Шундан 84та масала кредит ресурсларини ажратиш, 27та масала муҳандислик коммуникацияларига уланиш, 20та масала ер участкаларини ажратиш, 13та масала солиққа тортиш, 11та масала сертификат ва рухсатномалар олиш ҳамда бошқа йўналишлар билан боғлиқдир.
Ҳар бир кўтарилган муаммо таҳлил қилиниб, унинг амалий ечимининг алгоритми ишлаб чиқилганидан сўнг Комиссия раҳбарияти томонидан вазирликлар, идоралар, тижорат банклари ва маҳаллий ҳокимият органларига аниқ кўрсатмалар берилди.
Шунингдек, масъул раҳбарларга саноат ишлаб чиқаришини ривожлантириш ва ҳар бир туман кесимида устувор тармоқларда янги истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш учун қўшимча имкониятларни аниқлаш мақсадида тадбиркорлар билан ишлашни фаоллаштириш топширилди. Шу нуқтаи назардан, вилоятда фаолият кўрсатаётган кичик саноат зоналарини ривожлантириш ва ишлаб чиқарувчиларни КСЗ ҳудудларида лойиҳаларни амалга оширишга фаол жалб этиш орқали уларнинг салоҳиятидан фойдаланиш самарадорлигини юксалтиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Инвестиция лойиҳаларининг амалга оширилиши ва ташқи савдони мониторинг қилиш инспекцияси Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси билан биргаликда кўтарилган муаммоларнинг сифатли ва ўз вақтида ҳал этилишини назорат қилади.
Манба: Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги