Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Саудия Арабистони Подшоҳлигининг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси билан музокаралар бўлиб ўтди
2021-04-27 | Сиёсат
Жорий йилнинг 26 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков Саудия Арабистони Подшоҳлигининг (САП) Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Ҳишам бин Мишал ал-Сувайлимни қабул қилди.
Музокаралар чоғида Ўзбекистон – Саудия Арабистони ўртасидаги жорий ҳамкорлигининг кун тартиби, илгари эришилган келишувларнинг амалга оширилиши ҳамда келгуси юқори даражадаги икки томонлама тадбирларга тайёргарлик кўриш масалалари муҳокама қилинди.
Саудия Арабистони томони Ўзбекистонда Президент Ш.М.Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилаётган ислоҳотларга, шунингдек, сўнгги йилларда ижтимоий-сиёсий ва социал-иқтисодий ҳаётнинг барча соҳаларида эришилган ижобий натижалар ва ўзгаришларга юқори баҳо берди.
Хорижий дипломатик миссия раҳбари Ўзбекистон Ҳукуматининг икки томонлама шерикликни янада мустаҳкамлаш ва кенгайтириш борасидаги саъй-ҳаракатларига ҳам юқори баҳо берди. Унга кўра, Ўзбекистон томонининг фаол саъй-ҳаракатлари туфайли икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорлик юқори динамикага эга бўлди.
Жорий йилнинг январь ойида инвестициялар вазири Холид ал-Фалиҳ бошчилигидаги Саудия Арабистони делегациясининг Ўзбекистонга ташрифи якунлари бўйича эришилган келишувлар кўлами ва аҳамиятини қайд этган Элчи Саудия Арабистони томонининг уларни изчил амалга оширишга содиқлигини таъкидлади.
Учрашувда икки томонлама муносабатларни янада чуқурлаштириш истиқболлари, жумладан, яқин вақт ичида Ўзбекистон ҳукумати делегациясининг Саудия Арабистонига ташрифини ташкил этиш, икки мамлакат ташқи сиёсат идоралари ўртасида маслаҳатлашувларнинг навбатдаги раундини, шунингдек, Ўзбекистон – Саудия Арабистони Ишбилармонлар кенгаши ва Савдо, иқтисод, инвестициялар, техника, маданият, спорт ва ёшлар масалалари бўйича Ўзбекистон Республикаси ва Саудия Арабистони Подшоҳлиги ўртасидаги Ҳукуматлараро комиссиясининг йиғилишларини ўтказиш ҳақида фикр алмашилди.
Учрашув якунида икки томонлама келишувлар, қўшма лойиҳа ва ташаббусларнинг ўз вақтида ва самарали ижросини таъминлаш мақсадида мунтазам мулоқотни давом эттириш бўйича келишувга эришилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги