Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Саудия Арабистони компанияси Ўзбекистонда кимёвий маҳсулотлар ишлаб чиқариш лойиҳасини амалга ошириш бўйича музокараларни давом эттирмоқда
2021-04-26 | Иқтисодиёт
Мамлакатимизнинг Ар-Риёддаги элчиси Улуғбек Мақсудов Саудия Арабистонининг «SABIC» компанияси раисининг ўринбосари Аҳмад Ал-Умар билан видеоконференция шаклида музокаралар ўтказди
Онлайн-учрашувда, шунингдек, Саудия Арабистони миллий компанияларини қўллаб-қувватлаш агентлиги (NCPP) раҳбари Бадр Ал-Бадр, Ўзбекистон инвестициялар ва ташқи савдо, энергетика вазирликлари, «Ўзкимёсаноат» АЖ мутасаддилари ҳам иштирок этди.
Аҳмад Ал-Умар 2021 йил январь ойида Саудия Арабистони ҳукумат делегациясининг Ўзбекистонга ташрифи доирасида Энергетика вазирлиги, «Ўзкимёсаноат», «Ўзбекнефтгаз» компаниялари вакиллари билан нефть, нефть-кимё, ва бошқа соҳаларда ҳамкорлик ўрнатиш бўйича дастлабки музокаралар олиб борганини таъкидлади. У мазкур йўналишда ҳамкорликни ривожлантиришдан Саудия томони мафаатдор эканини билдирди.
Мулоқот давомида ўзаро ҳамкорликда янги турдаги кимёвий маҳсулотларни ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш бўйича вазифалар хусусида фикр алмашилди.
«SABIC» компанияси томонидан Ўзбекистонда бизнес лойиҳаларини амалга оширилиши нафақат ишлаб чиқариш жараёнига юқори технологиялар ва ноу-хау жорий қилиниши, балки янги иш ўринлари яратилишига хизмат қилиши қайд этилди.
«Ўзкимёсаноат» вакиллари, ўз навбатида, республикада кимё саноатида олиб борилаётган ўзгаришлар, “Навоийазот”, “Шўртангаз” каби объектларда замонавий технологияларни қўллаш бўйича хорижий ҳамкорлар билан олиб борилаётган ҳамкорлик ҳақида маълумот берди.
Муҳокамалар натижасида, «SABIC» компанияси иштирокида мамлакатимизда кимёвий маҳсулотларни ишлаб чиқариш мажмуаларини қуриш бўйича музокараларни давом эттиришга келишиб олинди.
Манба: “Дунё” ахборот агентлиги