Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Бокс: ёшлар ўртасида Жаҳон чемпионати қаҳрамонлари тантанали кутиб олинди
2021-04-25 | Спорт
Хабарингиз бор, 13-23 апрель кунлари Полшанинг Келсе шаҳрида бокс бўйича ёшлар ўртасида жаҳон чемпионати бўлиб ўтди. Унда ўзбекистонлик ёш боксчилар ҳам иштирок этиб, юртимизга 10та медаль билан қайтадиган бўлишди.
Ушбу жаҳон чемпионати ўзбек бокси тарихида янги саҳифа очганлиги билан аҳамиятлидир. Мусобақанинг қизлар ўртасида -54 кг вазн тоифасида юртимиз шарафини ҳимоя қилган Нигина Ўктамова барча рақибаларини мағлубиятга учратган ҳолда, боксчи қизларимиз орасида жаҳон чемпионлигини қўлга киритган илк спортчига айланди. Бунгача қизларимиз ҳеч қачон жаҳон чемпионатларида бундай натижа қайд эта олишмаган. Йигитларимиздан эса Шаҳзод Музаффаров (-52 кг) ҳамда Жаҳонгир Зокиров (+91 кг) олтин медалга сазовор бўлишди.
Жаҳон чемпионати қаҳрамонлари бугун тунда Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида тантанали кутиб олинди. Кутиб олиш маросимида Туризм ва спорт вазирининг ўринбосари Авазжон Каримов, Миллий олимпия қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Равшан Эрматов, МОҚ бош котиби Ойбек Касимов, МОҚ раисининг ўринбосари, Ўзбекистон дзюдо федерацияси раиси Азиз Камилов, МОҚ раисининг ўринбосари, Ўзбекистон бокс федерацияси раисининг биринчи ўринбосари Сакен Полатов ҳамда федерация раҳбарияти, спортчиларнинг оила аъзолари ва яқинлари, мухлислар ҳамда ОАВ ходимлари иштирок этди.
Эслатиб ўтамиз, мусобақа давомида Ўзбекистон терма жамоаси 3та олтин, 1та кумуш ва 6та бронза медалини қўлга киритди.
Биз ушбу ғалаба билан ёш боксчиларимизни муборакбод этган ҳолда уларга ҳамиша зафарлар ёр бўлишини тилаймиз.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги