Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн тўртинчи ялпи мажлиси тўғрисида АХБОРОТ
2021-04-25 | Сиёсат
2021 йил 24 апрель куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн тўртинчи ялпи мажлиси ўз ишини давом эттирди.
Видеоконференцалоқа тарзида ўтказилган мажлисда Ҳукумат аъзолари, вазирлик ва идоралар раҳбарлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Ялпи мажлисни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Нарбаева олиб борди.
Мазкур ялпи мажлис иши Сенатнинг расмий веб-сайти ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари орқали тўғридан-тўғри жонли эфирда намойиш этилди.
Дастлаб “Аҳолини айрим турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлашга доир чоралар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни муҳокама қилинди. Ушбу Қонуннинг мақсади глобал коронавирус пандемияси давом этаётган бугунги кунда республикамиз аҳолисининг асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини кафолатли таъминлаш ҳамда нарх-наволар асоссиз ўсиб кетишига йўл қўймасликдан иборатдир.
Мажлисда таъкидланганидек, кунгабоқар уруғи ва ёғи бўйича ташқи бозорларда шаклланаётган салбий баҳо кўрсаткичлар мамлакатимиз ички бозоридаги нарх-навога ва ижтимоий ҳолатга ҳам ўз таъсирини кўрсатмоқда.
Буни мамлакатимиз истеъмол бозорида ўсимлик ёғига бўлган йиллик ўртача 460 минг тонна эҳтиёжнинг тахминан ярми импорт ҳисобидан қопланишидан ҳам кўрсак бўлади.
БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти маълумотида ҳам 2021 йил март ойида дунё бўйича ўсимлик ёғи ўртача нархи ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 86 фоизга, жорий йил бошига нисбатан эса 21 фоизга қимматлашгани қайд этилган.
Мамлакатимизга 70 фоиз кунгабоқар ёғи импорт қилинадиган Россия Федерациясида бир тонна кунгабоқар ёғи нархи 2020 йил декабрь ойида ўртача 900 долларни ташкил этган бўлса, 2021 йил март ойида 1 250 долларгача ёки 39 фоизга ошган.
Шу билан бирга, Россия томонидан жорий йил 1 сентябрдан бир йил муддатга кунгабоқар ёғини экспорт қилишда бож тўловининг жорий қилиниши ҳам назарда тутилган.
Ушбу ўзгаришлар таъсири натижасида ўтган бир йил давомида мамлакатимизда кунгабоқар ёғи нархи ўртача 38 фоизга қимматлашган.
Юзага келган ушбу ҳолатда мамлакатимиз ички бозорларида ўсимлик ёғи нархи кескин ошишининг олдини олиш мақсадида мазкур Қонун билан Солиқ кодексига ўзгартиш киритилиб, унга кўра 2021 йил 1 майдан 31 декабрга қадар:
– мамлакатимиз ҳудудига ўсимлик ёғи, кунгабоқар ва зиғир уруғи, шунингдек, соя данагини олиб кириш ҳамда;
– ўсимлик ёғини ишлаб чиқариш ва (ёки) реализация қилиш бўйича маблағлар айланмаси қўшилган қиймат солиғидан озод қилинмоқда.
Қолаверса, 2021 йил 1 майдан 31 декабрга қадар бўлган даврда:
айрим турдаги озиқ-овқат маҳсулотларига нисбатан мазкур Қонун билан экспорт божи жорий этилмоқда.
Мазкур Қонуннинг маъқулланиши орқали мойли экинлар экилиши устидан ҳам қатъий мониторинг ўрнатилиши кутилмоқда.
Сенаторлар томонидан ушбу Қонун маъқулланди.
Шундан кейин Наманган вилоятининг Наманган шаҳри таркибида Янги Наманган туманини ташкил этиш тўғрисидаги масала кўриб чиқилди.
Таъкидланганидек, мамлакатимизнинг изчил тараққиёти Наманган вилоятида ҳам улкан ўзгаришларга замин яратди. Шаҳар-у туманларда бир қатор бунёдкорлик ишлари ва истиқболли инвестициявий лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Хусусан, вилоятда 2020 йилда ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 4,8 фоиз, саноат маҳсулотларини ишлаб чиқариш 15,8 фоизга ўсган. Бунда вилоятда фаолият кўрсатаётган кичик бизнес ва тадбиркорлик субъектларининг ўрни алоҳида аҳамиятга эга.
Давлатимиз раҳбари жойларда амалга оширилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари, ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши билан яқиндан танишиш, халқ билан мулоқот қилиш мақсадида жорий йилнинг 18-19 февраль кунлари Наманган вилоятига ташриф буюрган эди.
Ташриф давомида мазкур вилоятнинг салоҳиятини ҳар томонлама юксалтиришга қаратилган қатор янги ғоялар илгари сурилди, масъулларга тегишли амалий кўрсатмалар ва вазифалар берилди.
Наманган вилоятининг Наманган шаҳри таркибида Янги Наманган туманини ташкил этиш ташаббуси ҳам ана шу ташриф маҳсули бўлиб, ушбу масаланинг ижобий ҳал этилиши ҳудуднинг ўзига хос хусусиятларидан келиб чиқиб тасдиқланадиган маҳаллий дастурларни тўлиқ рўёбга чиқаришнинг муҳим омилларидан бўлади.
Наманган шаҳри 1926 йилда ташкил этилган бўлиб, бугунги кунда унинг аҳолиси 640,1 минг нафарни, умумий ер майдони 18 минг гектарни ташкил қилмоқда.
Қайд этиш лозимки, 2019 йилда вилоятнинг Чортоқ ва Наманган туманларидан 57 минг нафар аҳоли истиқомат қилувчи 6,3 минг гектар ер майдонлари Наманган шаҳри таркибига қўшилиши натижасида ушбу ҳудудда яшовчи аҳолининг шаҳар марказига қатновида турли муаммолар юзага келди.
Ҳудуд аҳолисига хизмат кўрсатувчи тиббиёт муассасалари шаҳар марказидан 15-20 км узоқликда жойлашганлиги, саноат корхоналарининг камлиги сабабли фуқароларни иш билан таъминлашда муаммолар юзага келаётганлиги аҳолининг эътирозларига сабаб бўлмоқда.
Бундан ташқари, 7 та маҳалла ичимлик суви билан тўлиқ таъминланмаган, ички йўллар эса бугунги кунда таъмирталаб ҳолатда.
2020 йилда Наманган шаҳри таркибида 4,9 минг гектар ер майдони ҳамда 151 минг нафар аҳолини ўз ичига олувчи Давлатобод тумани ташкил этилди.
Натижада Давлатобод туманида бугунги кунда урбанизация жараёни жадаллашиб, янги инфратузилма объектлари барпо этилмоқда ва аҳолига хизмат кўрсатиш тизими янада ривожланишига хизмат қилмоқда.
Шу сабабли ҳам Наманган шаҳри ҳудудининг 8,2 минг гектар ер майдони ҳамда 155,6 минг нафар аҳолисига эга яна бир Янги Наманган туманини ташкил этиш ва бу орқали фуқароларни қийнаётган муаммоларни бартараф этиш ҳамда аҳолига қулайлик яратиш чораларини кўриш таклифи илгари сурилмоқда.
Янгидан ташкил этиладиган туман ҳудудига 24 та маҳалла фуқаролари йиғини, 21 та умумтаълим мактаби, 40 та мактабгача таълим муассасаси, 2 та тиббиёт муассасаси ва 12 та касалхона ўтказилмоқда.
Янги Наманган туманининг саноат ва ишлаб чиқаришдаги ролини ошириш мақсадида истиқболда 16 та саноат корхоналари ва 4 та кичик саноат зоналари фойдаланишга топшириш режалаштирилган.
Бунинг натижасида саноат корхоналарида ишлаб чиқариладиган маҳсулот ҳажмларининг шаҳар саноатидаги умумий улуши 1 трлн сўмга етказилиб, минглаб янги иш ўринлари яратилади.
Янги Наманган туманининг ташкил қилиниши туманда замонавий инфратузилма объектлари барпо этилиши ва аҳолига хизмат кўрсатиш тизими янада ривожланишига ва энг асосийси аҳолининг турмуш фаровонлигини оширишда хизмат қилади.
Мазкур масала юзасидан Олий Мажлис Сенатининг тегишли қарори қабул қилинди.
Шундан кейин халқ депутатлари Уйчи тумани Кенгашининг 2021 йил 13 январдаги “Уйчи туман ҳокимининг 2012 йил 12 мартдаги 217-сонли, 2015 йил 19 ноябрдаги 1140-сонли, халқ депутатлари туман Кенгашининг 2020 йил 20 мартдаги 14/03-06-сонли, туман ҳокимининг 2020 йил 25 мартдаги 222-сонли қарорларини қайта кўриб чиқиш тўғрисида”ги 86/22-06-сонли қарорини ўрганиш натижалари муҳокама қилинди.
Бугунги кунда халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларининг фаолияти жамиятимизда муҳим аҳамият касб этмоқда. Бироқ баъзи Кенгашларнинг қарорларини таҳлил қилиб қонунчиликка мослиги ўрганилганда уларни қайта муҳокама қилишга сабаб бўлмоқда.
Хусусан, Наманган вилояти Уйчи туманидаги “Дедамирза Тожиддин” фермер хўжалигига ер майдони ажратиш тўғрисидаги қарорнинг халқ депутатлари Уйчи тумани Кенгашининг 2021 йил 13 январдаги 86/22-06-сонли қарори билан бекор қилинганлиги ҳолати Сенатнинг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси томонидан ўрганиб чиқилди.
Маълумки, “Фермер хўжалиги тўғрисида”ги Қонуннинг 5-моддасида ер участкалари берилганда фермер хўжалиги ўз зиммасига қишлоқ хўжалиги экинларининг ҳосилдорлиги (уч йил учун ўртача йиллик ҳосил ҳисобида) қонун ҳужжатларида белгиланган норматив ҳосилдорликдан кам бўлмаслигини таъминлаш мажбуриятини олиши, бу мажбурият ер участкасини ижарага олиш шартномасида мустаҳкамлаб қўйилиши, 7-моддасида фермер хўжалиги қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилганидан кейин ташкил этилган деб ҳисобланиши ҳамда унинг муассиси ер участкасини узоқ муддатли ижарага олиш тўғрисида шартнома тузиши, 11-моддасида эса ер участкасини ижарага олиш шартномаси фермер хўжалигининг бошлиғи ва туман ҳокими томонидан имзоланиши белгиланган.
Шу билан бирга, Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 30 октябрдаги 476-сонли қарори билан тасдиқланган Ер участкаларини фермер хўжаликларига узоқ муддатли ижарага бериш тартиби тўғрисидаги низом ер участкаларини фермер хўжаликларига узоқ муддатли ижарага беришни тартибга солади.
Бироқ тарафлар юқоридаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларига мувофиқ ер ижара шартномасини тузмаган.
Ер кодексининг 36-моддасига мувофиқ:
ер участкасидан оқилона фойдаланилмаганда, бу қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар учун ҳосилдорлик даражаси уч йил мобайнида нормативдан (кадастр баҳосига кўра) паст бўлганда бутун ер участкасига ёки унинг бир қисмига эгалик қилиш ҳуқуқи ёхуд ундан доимий ёки муддатли фойдаланиш ҳуқуқи, шунингдек, ер участкасини ижарага олиш ҳуқуқи бекор қилиниши мумкин;
томонлар ўртасида низо мавжуд бўлганда ер участкасига эгалик қилиш ҳуқуқини ёки ер участкасидан доимий ёхуд вақтинча фойдаланиш ҳуқуқини бекор қилиш белгиланган тартибда суд томонидан амалга оширилади.
Шунга қарамасдан амалдаги қонунчиликка зид равишда туман ҳокимининг 2012 йил 12 мартдаги 217-сонли ҳамда 2015 йил 19 ноябрдаги 1140-сонли “Дедамирза Тожиддин” фермер хўжалигига ер майдони ажратиш тўғрисидаги қарорлари халқ депутатлари туман Кенгашининг 2021 йил
13 январдаги қарорига асосан бекор қилинган.
“Фермер хўжалиги тўғрисида”ги Қонуннинг 29-моддасига мувофиқ давлат фермер хўжаликларининг ҳуқуқларига риоя этилишини ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини кафолатлайди. Давлат органлари фермер хўжаликларини ривожлантириш ва мустаҳкамлашга кўмаклашишлари шарт.
Шу билан бирга, ўрганишлар натижасида Наманган вилояти прокуратураси, вилоят қишлоқ хўжалиги бошқармаси, Уйчи тумани адлия бўлими, Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари вилоят кенгаши вакилларининг тақдим этган маълумотларида ҳам мазкур масала юзасидан қабул қилинган ҳужжатларда қонунчилик талаблари бузилганлиги қайд этилган.
Юқорида баён этилганларни инобатга олиб, халқ депутатлари Уйчи тумани Кенгашининг 2021 йил 13 январдаги “Уйчи туман ҳокимининг 2012 йил 12 мартдаги 217-сонли, 2015 йил 19 ноябрдаги 1140-сонли, халқ депутатлари туман Кенгашининг 2020 йил 20 мартдаги 14/03-06-сонли, туман ҳокимининг 2020 йил 25 мартдаги 222-сонли қарорларини қайта кўриб чиқиш тўғрисида”ги 86/22-06-сонли қарорини қонунчиликка зид деб топиб, уни бекор қилиш тўғрисида Олий Мажлис Сенатининг тегишли қарори қабул қилинди.
Шундан кейин аҳолини ичимлик суви билан таъминлашдаги муаммолар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига юборилган парламент сўрови натижалари муҳокама қилинди.
Парламент сўровида кўтарилган масалалар ижроси бўйича Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 23 декабрдаги “Ичимлик суви таъминоти ва оқова сув тизими бошқарувини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилиниб, тегишли ишлар амалга оширилаётганлиги таъкидланди.
Жумладан, Қарор билан “Ичимлик суви таъминоти ва оқова сув хизматлари кўрсатиш соҳасини ривожлантириш бўйича “йўл харитаси” ва “Ўзсувтаъминот” акциядорлик жамияти тизимига кирувчи сув таъминоти ташкилотларининг маблағларини шакллантириш ва уни тақсимлаш тартиби тасдиқланганлиги таъкидланди.
“Йўл харитаси”да 2017 йилдан бошлаб туман (шаҳар)ларда фойдаланишга топширилган оқова сув тозалаш иншоотларида сувнинг тозаланганлик даражасини таҳлил қилиш, Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ва ҳукумат кафолати остида жалб қилинган халқаро молиявий институтлар маблағлари ҳисобига амалга оширилган лойиҳалар бўйича хулосалар расмийлаштириш каби вазифалар белгиланган.
Шунингдек, Қишлоқ аҳоли пунктларида давлат ижтимоий буюртмаси асосида ичимлик суви билан таъминлашнинг асосий шартлари ҳамда давлат ижтимоий буюртмаси асосида қишлоқ аҳоли пунктларини ичимлик суви билан таъминлаш соҳасидаги вазифалар ҳам белгиланган.
Аҳолини ичимлик суви билан таъминлашда Давлат бюджети, халқаро молиявий институтлар ва бошқа манбалардан жалб қилинган маблағлар ҳисобига амалга оширилаётган инвестиция лойиҳалари самарадорлигини таъминлаш мақсадида Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузурида Халқаро ҳамкорлик ва ривожланиш агентлиги ташкил этилган.
Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги таркибидан Сув таъминоти ва канализация объектларини қуриш компанияси “Ўзсувтаъминоти” АЖ таркибига ўтказилиб буюртмачи ва фойдаланишга қабул қилувчи сифатида манфаатдор тарафлар фаолияти ташкил этилиб, лойиҳа самарадорлигини назорат қилишда янги тизим йўлга қўйилган.
Шу билан бирга, Вазирлар Маҳкамаси чора-тадбирларида 2017 йилдан фойдаланишга топширилган аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш лойиҳалари бўйича хулосалар тайёрлаш назарда тутилмасдан қолган.
Сенаторлар Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2017 йилдан бошлаб туман (шаҳар)ларда фойдаланишга топширилган аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш лойиҳалари бўйича хулосаларни Сенатга тақдим этилишини таъкидлаб ўтишди.
Мазкур масала юзасидан Олий Мажлис Сенатининг тегишли қарори қабул қилинди.
Сўнгра хотин-қизлар тадбиркорлигини ривожлантириш учун яратилган шарт-шароитлар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига юборилган парламент сўрови натижалари муҳокама қилинди.
Парламент сўровида кўтарилган масалалар ижроси бўйича Вазирлар Маҳкамаси томонидан алоҳида чора-тадбирлар ишлаб чиқилганлиги, хотин-қизлар тадбиркорлигини ривожлантиришда улар билан манзилли ишлашни ташкил этиш, кредит бериш тизимини ихчамлаштириш, хотин-қизларнинг тадбиркорлик соҳасида билим ва кўникмаларини мустаҳкамлаш, ҳуқуқий билимини оширишга қаратилган доимий ўқув семинарлари ташкил этиш, ўз фаолиятини тўхтатган тадбиркор хотин-қизлар фаолиятини ўрганиш орқали зарур ва манзилли ишларни амалга ошириш юзасидан муайян ишлар олиб борилаётганлиги таъкидланди.
Қайд этилишича, бугун хотин-қизлар тадбиркорлиги борасида ягона ва яхлит “Маҳалла-туман (шаҳар)-вилоят-республика” тизими йўлга қўйилган.
2020 йилда 5,5 минг нафар аёлнинг кичик бизнес лойиҳалари учун имтиёзли кредитлар асосида 102 млрд сўм маблағ ажратилиб, хотин-қизлар учун 4 364 та янги иш ўрни яратилган.
Бугунги кунда тадбиркорлик билан шуғулланмоқчи бўлган жами
69 877 нафар хотин-қизнинг 28 фоизига ёки 19 643 нафарига Халқ банки томонидан кредитлар ажратилган.
Қишлоқ жойларида вақтинча ишсиз аёллар ва умумтаълим мактаблари битирувчиларини тадбиркорликка йўналтириш, уларнинг молиявий саводхонлигини ошириш учун онлайн “Biznes klinikalar” ташкил қилинган.
Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда Савдо-саноат палатаси томонидан “Тадбиркор аёлларга ташкилий, ижтимоий-ҳуқуқий, молиявий, психологик ва бошқа турдаги кўмаклашиш бўйича чора-тадбирлари дастури” ишлаб чиқилиб, ижрога қаратилган.
16 500 нафар фаолиятини тўхтатган хотин-қизга бандлик, меҳнат ҳуқуқи ва меҳнат муҳофазаси масалалари бўйича маслаҳат хизматлари кўрсатилган, 11 890 нафарига тадбиркорлик фаолиятини қайта бошлашда кўмак берилиб, ўқиш билан боғлиқ харажатлари қоплаб берилган.
Сенаторлар бугунги кунда хотин-қизлар тадбиркорлигини ривожлантириш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган ишлар самарадорлигини ошириш мақсадида хотин-қизларни касбга ёки тадбиркорликка ўқитиш, уларга кредитлар ажратиш ҳамда тадбиркорлигини бошлаган аёлларга товар ва хизматларни реализация қилишда кўмаклашиш орқали уларни даромад олиш даражасига олиб чиқиш каби масалалар юзасидан ҳисобот юритишнинг алоҳида яхлит электрон платформасини яратиш мақсадга мувофиқлигини таъкидлаб ўтдилар.
Шу билан бирга, масъул вазирлик ва идораларга тадбиркорлик қилиш истаги бўлган хотин-қизларни аниқлаш, уларнинг тадбиркорлик йўналишида молиявий саводхонлигини ошириш, кредитлар ажратиш каби йўналишларда маҳаллалар кесимида тарғибот ишларини янада кучайтириш, хотин-қизларнинг юқори самарали тадбиркорлик лойиҳаларини молиявий қўллаб-қувватлаш бўйича ишлар самарадорлигини ошириш, шунингдек, хотин-қизлар учун мўлжалланган ўқув дастурларига IT йўналишига жалб қилиш ва саводхонлигини ошириш, фрилансерликни ривожлантириш, ақлий меҳнат орқали даромад топишга ўргатишни назарда тутувчи йўналишларни киритиш лозимлиги қайд этилди.
Мазкур масала юзасидан Олий Мажлис Сенатининг тегишли қарори қабул қилинди.
Шундан сўнг боғдорчилик-узумчилик ширкатларининг амалдаги фаолияти ва уларнинг ташкилий-ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш масалалари юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига юборилган парламент сўрови натижалари муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, белгиланган вазифалар ижроси борасида муайян ишлар амалга оширилган. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2020 йил 20 ноябрдаги СҚ-179–IV-сонли Қарори ижроси юзасидан чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилган.
Қолаверса, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
2020 йил 13 ноябрдаги боғдорчилик-узумчилик ширкатлари фаолиятини комплекс ўрганиш, юзага келаётган муаммоларни аниқлаш, бартараф этиш ва соҳани тартибга солиш юзасидан республика ишчи гуруҳи тузилган.
Ишчи гуруҳ республикада 6140 гектар майдондаги 730 та боғдорчилик-узумчилик ширкатларининг ер участкалари, бино-иншоотлари ҳамда кадастр ҳужжатларини ўрганиб чиққан.
Маълум бўлишича, 74 082 та дала-ҳовли объекти мавжуд бўлиб, шундан 37 847 та объектда кадастр ҳужжатлари расмийлаштирилган ва улар 19 095 таси давлат рўйхатидан ўтказилган.
Бироқ мажлисда қайд этилганидек, соҳада амалга оширилган ишлар билан бирга айрим муаммолар сақланиб қолмоқда.
Ишчи гуруҳ томонидан баъзи ширкатлар тугатилганлиги ёки аҳоли пунктига ўтказилганлиги аниқланган. Бундан ташқари, ширкатларнинг ер ажратиш тўғрисидаги ҳужжатлари таҳлил қилинганда улар томонидан ортиқча ер майдонлари эгаллаб олинганлиги маълум бўлган.
Шунингдек, ширкат ҳудудидаги дала-ҳовлиларнинг аксариятида
бино-иншоотлар мавжуд бўлса-да, ширкат аъзолари томонидан ушбу кўчмас мулкларига кадастр ҳужжатлари расмийлаштирилмаган.
Ширкатлар ҳудудудидаги 11 мингга яқин дала-ховлилар турар жой сифатида, 400 га яқини эса нотурар жой сифатида ҳужжатсиз фойдаланиб келинмоқда.
Бундан ташқари, ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ва самарасиз фойдаланилаётган ер участкалар захира ерлар тоифасига қайтариш ҳамда ширкат худудида қурилган бино-иншоотларни давлат рўйхатидан ўтказишда тизимли муаммолар сақланиб турибди.
Мазкур масала юзасидан Олий Мажлис Сенатининг тегишли қарори қабул қилинди.
Парламент юқори палатасининг ўн тўртинчи ялпи мажлисида Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим фармонларини тасдиқлаш тўғрисидаги масала кўриб чиқилди.
Сенаторлар томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, “Саховат” ва “Мурувват” интернат уйлари тизимини янада ривожлантириш тўғрисида”ги ҳамда “Туризм, спорт ва маданий мерос соҳаларида давлат бошқаруви тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонларини тасдиқлаш тўғрисида қарор қабул қилинди.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Регламент ва одоб комиссияси таркиби тўғрисидаги масала кўриб чиқилди.
Регламент ва одоб комиссиясининг айрим аъзолари бошқа ишга ўтганлиги сабабли комиссия таркибидан чиқарилган.
Комиссиянинг янгиланган таркибига, хусусан, комиссия раислигига — Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Қутбидин Нукритдинович Бурханов, Комиссия раиси ўринбосарлигига Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси раиси ўринбосари
Шуҳрат Асқарович Чўллиев ва унинг аъзолигига сенатор Санобар Зарфуллаевна Суярова номзодлари сенаторлар томонидан маъқулланди.
Қолаверса, мажлисда Ўзбекистон Республикаси Олий суди таркибига ўзгартиришлар киритиш масаласи кўриб чиқилди. Шу жумладан, Сенат қарори билан Олий суд судьялари Нодира Алохоновна Бобохонова ҳамда Жанагул Исмайловна Балкибаева бошқа ишга ўтганликлари муносабати билан Олий суд судьяси лавозимидан озод этилди.
Шунингдек, Олий Мажлис Сенати Кенгашининг қарорлари тасдиқланди.
Ялпи мажлисда 21 та масала, шу жумладан, 8 та қонун муҳокама қилинди.
Шунинг билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн тўртинчи ялпи мажлиси ўз ишини якунлади.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати