Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн тўртинчи ялпи мажлиси тўғрисида АХБОРОТ
2021-04-25 | Сиёсат
2021 йил 23 апрель куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн тўртинчи ялпи мажлиси бўлиб ўтди.
Видеоконференцалоқа тарзида ўтказилган мажлисда Ҳукумат аъзолари, вазирлик ва идоралар раҳбарлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Ялпи мажлисни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Нарбаева олиб борди.
Мазкур ялпи мажлис иши Сенатнинг расмий веб-сайти ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари ҳамда “Ўзрепорт” телеканали орқали тўғридан-тўғри жонли эфирда намойиш этилди.
Сенатнинг ўн учинчи ялпи мажлисида Сирдарё, Қашқадарё, Самарқанд ва Тошкент вилоятларидаги сенаторлар ҳудудлардаги долзарб муаммолар, хусусан, ногиронлиги бўлган шахсларнинг бандлигини таъминлаш, хусусий ва оилавий боғчаларга қўшимча имтиёзлар бериш орқали қамров даражасини ошириш, Республика йўл жамғармасининг фаолиятини ўрганиш, бирламчи тиббий-санитария ёрдами кўрсатишнинг сифати ва самарадорлигини ошириш, ҚВП ва марказий поликлиникалар тизимини рақамлаштириш каби масалаларни кўтарган эди.
Олий Мажлис юқори палатасининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари, фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари ҳамда мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмиталарига мазкур муаммоларни тизимли ўрганиш топширилганди. Мазкур масала бўйича Сенатнинг тегишли қўмиталари раисларининг ахборотлари эшитилди.
Олий Мажлис Сенатининг ўн тўртинчи ялпи мажлиси кун тартибидаги биринчи масала – 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурининг 2021 йилнинг биринчи чорагидаги ижроси бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ҳисоботи эшитилди.
Таъкидланганидек, жорий йилдаги Давлат дастури 273 та банддан иборат бўлиб, унинг ижроси доирасида умумий қиймати 29,5 трлн сўм, 2,6 млрд АҚШ доллари ҳамда 57,5 млн еврога тенг лойиҳаларни амалга ошириш назарда тутилган. Биринчи чоракда ижроси таъминланиши белгиланган 41 та топшириқнинг 32 таси тўлиқ бажарилган.
Ҳукумат томонидан амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида Дастурда ижро муддати келмаган 15 та банддаги вазифалар бажарилиши таъминланган.
Ҳисобот даврида ялпи ички маҳсулотнинг ўсиши ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 103,0 фоизни ташкил қилган. Савдо айланмаси ҳажми 46,7 трлн сўмга етиб, ўтган йилга нисбатан 102,8 фоизга ўсган. Давлат бюджети ижтимоий соҳага йўналтирилган харажатлар 18,2 трлн сўмни ташкил қилиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 38,6 фоизга ошган.
Эркин иқтисодий зоналарда умумий қиймати 2,6 млрд доллар, шундан 818 млн доллари тўғридан-тўғри инвестиция бўлган 453 та лойиҳа амалга оширилган ва бунинг натижасида 35 897 та янги иш ўрни ташкил этилган.
Ҳар бир туман (шаҳар)да “Ёшлар дастурлари” ижроси тизимли йўлга қўйилиб, 271 минг 495 нафардан ортиқ ёшларнинг бандлиги таъминланган. 62 минг 441 нафар ёшлар касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитилган ҳамда 27 минг 236 нафар ёшлар “1+1” лойиҳаси асосида тадбиркор ва уста-ҳунармандларга бириктирилган.
Янги ташкил қилинган “Ёшлар жамғармалари” маблағларидан 17 млрд 504 млн сўм маблағ сарфланиб, “Ёшлар дафтари”га кирган 24 минг 904 нафардан ортиқ ёшларнинг муаммолари ҳал этилишига кўмаклашилган.
Аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш мақсадида 660 минг доза AstraZeneca ва 1 млн доза ZF-UZ-VAK 2001 вакцинаси олиб келинган. Эмлаш ишларини амалга ошириш учун республикада 3 138 та пункт ва 862 та ҳаракатдаги бригада ташкил этилган.
Мажлисда сенаторлар томонидан Дастур ижросини таъминлаш юзасидан амалга оширилган ишлар билан бирга айрим камчиликлар ҳам мавжудлиги таъкидланди.
Хусусан, Дастурда ижроси I чоракда таъминланиши белгиланган
баъзи топшириқлар ўз вақтида бажарилмаган. Жумладан, Давлат дастурининг 145-бандида 1 мартга қадар аҳолининг минимал истеъмол харажатларини эълон қилиш амалиётини йўлга қўйиш вазифаси қайд этилган бўлиб, мазкур банд ижроси юзасидан меъёрий-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинмаган.
Дастурнинг 120-бандида 20 мартга қадар қишлоқ хўжалигида ер муносабатлари бўйича ислоҳотларни янада такомиллаштириш, ерларни бозор активларига айлантириш ҳамда ер участкаларини ижара ҳуқуқи билан фойдаланишга беришнинг замонавий ва шаффоф механизмларини жорий этиш юзасидан Вазирлар Маҳкамаси қарори қабул қилиниши белгиланган. Бироқ мазкур топшириқ бажарилмаган.
Шунингдек, айрим ҳужжатлар лойиҳалари ижрочилар томонидан ўз вақтида ишлаб чиқилмаганлиги ҳудудларда шу йўналишдаги ислоҳотларга салбий таъсир кўрсатаётгани ҳам таъкидланди.
Қизғин савол-жавоблар асосида ўтган Давлат дастури ижроси муҳокамасида сенаторлар аҳоли томонидан кўплаб эътирозларга сабаб бўлаётган масалаларга алоҳида эътибор қаратди. Хусусан, Дастурнинг 38-бандидаги Инфляциявий таргетлаш доирасида 2021 йилда инфляция даражасини 10 фоиздан оширмаслик ҳамда нарх-наво барқарорлиги, Дастурнинг 43-бандидаги давлат қарзи бўйича маълумотларнинг янада очиқлигини таъминлаш вазифасининг бажарилиш ҳолати, Дастурнинг 120-бандидаги Қишлоқ хўжалигида ер муносабатлари бўйича ислоҳотларни янада такомиллаштириш, ер участкаларини ижара ҳуқуқи билан фойдаланишга беришнинг замонавий ва шаффоф механизмларини жорий этиш, Дастурнинг 261-бандидаги хорижий мамлакатлардаги Ўзбекистон меҳнат мигрантларига хизмат кўрсатиш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини самарали ҳимоя қилиш тизимини тубдан ривожлантириш бўйича кўрилган чора-тадбирлар каби масалалар юзасидан мутасаддилар жавоблари эшитилди.
Муҳокамалар сўнгида Олий Мажлис Сенатининг тегишли қарори қабул қилинди.
Шундан сўнг Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг прокуратура органларининг 2020 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи эшитилди.
Ўзбекистон Республикаси прокуратура органлари томонидан коронавирус пандемияси шароитида аҳолини, шу жумладан муҳтож оилаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларни ижтимоий муҳофаза қилиш, иқтисодиёт тармоқлари барқарорлигини сақлашга доир қонунлар ижроси устидан таъсирчан назорат ўрнатиш, ҳуқуқбузарликлар ва жиноятларнинг олдини олиш масалаларига қаратилган муайян ишлар олиб борилганлиги қайд этилди.
Шу билан бирга, сенаторлар томонидан прокуратура органларининг амалга оширган ижобий ишлари билан бир қаторда фаолиятнинг айрим йўналишларида назоратни янада кучайтириш лозимлиги таъкидланди.
Жумладан, мамлакатимизда репродуктив саломатликни, оналик ва болаликни муҳофаза қилишга оид қонун ҳужжатлари ижросини таъминлашдаги камчиликлар оқибатида ўтган йилга нисбатан гўдаклар ўлими 428 тага (6 432-6 860), оналар ўлими 10 тага (145-155) ошган.
Оғир молиявий аҳволга тушган тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш бўйича белгиланган вазифалар ижросини таъминлашда камчиликлар мавжуд.
Шунингдек, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларни барвақт аниқлаш, уларни келтириб чиқараётган сабаб ва омилларни бартараф этиш бўйича камчиликларга барҳам берилмаган.
Республика бўйича рўйхатга олинган жами 62 081 та жиноятнинг 41 087 таси ёки 66 фоизининг олдини олиш мумкин бўлган жиноятлар тоифасига киради.
Республика бўйича қидирувда бўлган 9 790 нафар шахсдан 6 761 нафари ёки 75 фоизи ушланмаган.
Бундан ташқари, прокуратура органлари фаолияти билан боғлиқ масалалар юзасидан фуқаролардан Сенатга келиб тушаётган мурожаатлар сони ҳам юқорилигича қолмоқда.
Бу ҳолатлар ушбу йўналишда назоратни янада кучайтиришни, аниқланган ҳар бир қонун бузилиши ҳолатига нисбатан қатъий
ва таъсирчан чоралар кўришни тақозо этади.
Муҳокамада сенаторлар томонидан секторларда ишларни “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари” каби янги механизмлар асосида ташкил этилиши ҳамда юритилаётган ҳисоботларнинг ҳаққонийлигини доимий таҳлил қилиб, мавжуд қонун бузилишларни бартараф қилиш, хотин-қизлар ва ёшларнинг ижтимоий ҳимояси ҳамда бандлигини таъминлаш, “Ҳар бир тадбиркор - ёшларга мададкор” тамойили асосида ишсиз ёшларни тадбиркорларга бириктириш, “Ёшлар: 1+1” дастури доирасида ёшларни касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитиш, муаммо, таклиф ва истакларини “маҳаллабай” ўрганиш ва криминоген вазиятдан келиб чиқиб, барча маҳалла ва туман (шаҳар)ларни “қизил”, “сариқ” ва “яшил” тоифаларга ажратган ҳолда, уларда жиноятчиликни “маҳаллабай” жиловлаш ишлари тизимли йўлга қўйиш бўйича тавсиялари билдирилди.
Мазкур масала юзасидан Олий Мажлис Сенатининг тегишли қарори қабул қилинди.
Сўнгра Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг 2020 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи эшитилди.
Таъкидланганидек, Ҳисоб палатаси 2020 йилдаги фаолиятини коронавирус пандемияси туфайли қўлланилган карантин чораларига қарамасдан мамлакатдаги ижтимоий-иқтисодий ҳолат ҳамда Давлат бюджетининг барқарорлигини таъминлаш чора-тадбирлари ижросига, пандемиянинг салбий оқибатларини камайтириш борасидаги долзарб вазифалар ижросини назорат қилишга қаратган.
2020 йилда юклатилган вазифалар доирасида Ҳисоб палатаси томонидан 87 та назорат тадбири ва тематик таҳлилий ўрганишлар амалга оширилган.
Натижада Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетлари ҳисобидан ажратилган маблағлар сарфланиши юзасидан 2020 йилда 671,3 млрд сўмлик ноқонуний харажатлар, камомад ва ўзлаштиришлар ҳамда самарасиз харажатлар, 1 трлн сўмдан ортиқ харажатларни оптималлаштириш имкониятлари аниқланган.
Инқирозга қарши курашиш жамғармасидан маблағларидан 23,8 млрд сўмлик камомад ва ноқонуний харажатлар аниқланиб, ортиқча молиялаштирилган 8,4 млрд сўм маблағлар жамғармага қайтарилган ва 2,6 млрд сўмлик ортиқча ва асоссиз тўловларнинг олди олинган.
Давлат улушига эга 2 232 та корхона томонидан дивидендларнинг тўлиқ бюджетга тўланиши таҳлил қилиниб, 4,8 трлн сўмлик дивидендларнинг бюджетга ўтказиб берилиши таъминланган.
Давлат ташқи қарз маблағларини жалб қилган ҳолда 2010 — 2019 йилларда якунланган умумий қиймати 12,6 млрд АҚШ долларилик 81 та лойиҳанинг 24 тасида хато ва камчиликлар аниқланган.
Давлат раҳбарининг 796 та ҳужжатидаги 15 518 та топшириқлари ижроси назоратга олинган.
Аниқланган ҳолатларни бартараф этиш ва такрорламаслик юзасидан 10 та йўналишда 28 та таклифлар ишлаб чиқилган.
Ҳисоб палатаси ўз фаолиятида очиқлик ва ошкоралик принципларига амал қилиб молиявий ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш мақсадида 40 дан ортиқ материаллар расмий веб-сайт, оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда ёритган.
Шу билан бирга, сенаторлар Ҳисоб палатаси томонидан амалга оширилаётган назорат тадбирлари натижаларига қарамасдан Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетлари маблағларининг сарфланишида ноқонуний харажатлар, камомад ва ўзлаштиришга йўл қўйиш каби салбий ҳолатлар сони йилдан-йилга ортиб бораётганини ҳам қайд этди.
Бу эса Ҳисоб палатасининг Қонунда белгиланган вазифалари ижросини таъминлашда илғор халқаро тажрибалардан фойдаланган ҳолда фаолиятини кучайтиришни ҳам талаб этиши таъкидланди.
Ушбу масала юзасидан Олий Мажлис Сенатининг тегишли қарори қабул қилинди.
Шундан кейин Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқаруви раисининг Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг 2020 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи эшитилди.
Қайд этилганидек, ҳисобот йилида Марказий банк томонидан асосий эътибор ички нархлар ўсишини секинлаштириш орқали аҳолининг харид қобилиятини сақлаб қолиш ҳамда коронавирус пандемияси тадбиркорлик субъектлари ва банкларнинг молиявий ҳолатига салбий таъсирини юмшатиш ҳисобига иқтисодиётда мувозанатлашган молиявий барқарорликни таъминлашга қаратилган.
Қолаверса, тижорат банкларига зарур бўлган молиявий ресурсларни тақдим этиш орқали банк ва тўлов тизимларининг барқарор фаолият юритиши таъминланмоқда.
2020 йилда Марказий банк асосий ставкасининг 2 маротаба 1 фоиз банддан (йиллик 16 фоиздан 14 фоизгача) пасайтирилиши ҳамда мақбул фоиз ставкалари механизмининг киритилиши иқтисодиётдаги пул-кредит шароитларини бироз юмшатиб, карантин чекловлари юмшатилгандан кейинги даврда инфляция даражасига хавф туғдирмаган ҳолда иқтисодий фаолликни қўллаб-қувватлашга хизмат қилди.
Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида сўнгги 3 йил давомида жами 15,7 трлн сўмдан кўп имтиёзли кредитлар ажратилди ва бу орқали 633 мингдан зиёд оилалар тадбиркорликни йўлга қўйиб, даромад топишга қаратилган фаолият билан шуғулланишига замин яратилган.
Молиявий қийинчиликка учраган тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш мақсадида 2020 йилнинг март-декабрь ойларида банклар томонидан 59 235 та корхона айланма маблағларни тўлдириш учун 26,8 трлн сўмлик револьвер кредитлар ажратилган.
Пандемия даврида молиявий қийинчиликларга дуч келган аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг кредит тўловлари муддатининг узайтирилиши натижасида банк тизимида муаммоли кредитлар улуши 0,6 фоиз бандга ошиб, 2020 йил якуни бўйича 2,1 фоизни (5,8 трлн. сўм) ташкил этганлиги қайд этилди.
Жами муаммоли кредитларнинг 73 фоизи ёки 4,2 трлн сўми тадбиркорлик субъектлари, 17 фоизи ёки 961 млрд сўми жисмоний шахслар, 10 фоизи ёки 586 млрд сўм давлат ва бюджет ташкилотлари ҳиссасига тўғри келади.
Жисмоний шахсларнинг муаммоли кредитлари таркибида ипотека кредитлари улуши 42 фоизни (405 млрд сўм), истеъмол кредитлари 20 фоизни (194 млрд сўм), микроқарзлар 14 фоизни (132 млрд сўм), автокредитлар 7 фоизни (59 млрд сўм) ташкил этган. Бундан эса фуқаролар турмуш шароитини яхшилаш учун ажратилган кредитлар миқдорининг юқорилиги кўринади.
Давлат дастурлари доирасида аҳолининг бандлигини таъминлаш ва оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, хотин-қизлар ва ёшларнинг тадбиркорлик ташаббусларини молиявий қўллаб-қувватлаш мақсадлари учун 281 мингдан ортиқ лойиҳага жами 48,4 трлн сўм кредит маблағлари ажратилган.
Ҳисобот даврида тўлов тизимларини тартибга солишнинг меъёрий- ҳуқуқий базасини такомиллаштириш мақсадида “Тўловлар ва тўлов тизимлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни талабларидан ва халқаро тажрибадан келиб чиқиб тегишли низом ва қўлланмалар қабул қилинган.
Миллий банклараро процессинг маркази бўлган “Humo” тўлов тизимининг ишга туширилиши банк карталарига асосланган тўлов хизматларини кўрсатувчи чакана тўлов тизимлари ўртасида рақобат муҳитининг пайдо бўлишига ва контактсиз тўловлар кўламини ошириш натижасида тўлов тизимлари инфратузилмасини янада кенгайтиришга хизмат қилмоқда.
Терминаллар орқали амалга оширилган транзакциялар ҳажмида HUMO тизими орқали ўтказилган тўловлар улуши 2020 йилда 2019 йилдаги 3 фоиздан 15 фоизгача ошган.
Аҳоли учун қулай HUMO контактсиз банк карталари 5,3 млн, тадбиркорлик субъектларига ўрнатилган ҳисоб-китоб терминаллари сони 203 минг, шунингдек банк инфратузилмалари, туризм объектлари, деҳқон бозорлари ва савдо мажмуаларига ўрнатилган банкоматлар сони 4 мингга етказилган.
“HUMO” тўлов тизимининг VISA, Маstercard ва UnionPay International халқаро тўлов тизимлари билан интеграцияси амалга оширилиб, “HUMO” тўлов тизимининг барча банкоматлар ва терминаллар тармоғида VISA, Маstercard, UnionPay банк карталарини қабул қилиш имкониятининг яратилиши хорижий меҳмонлар ва сайёҳлар учун конверсия амалиётисиз ҳалқаро банк картаси орқали товар ва хизматлар ҳақини тўлаш, нақд миллий валюта маблағларини олиш учун шарт-шароит яратди.
Нақд пулларнинг банклар орқали айланмаси 2020 йилда 360,2 трлн сўмни ташкил этиб, 2019 йилга нисбатан 1,3 баробарга ошган.
“Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг 2020 йил 31 декабрь ҳолатига кўра, баланси ва молиявий ҳисоботлари нуфузли “Deloitte & Touсhe” МЧЖ аудиторлик ташкилоти томонидан халқаро аудит текширувидан ўтказилиб, Марказий банкнинг молиявий ҳисоботлари халқаро андозалар ва “Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида”ги Қонун талабларига тўлиқ жавоб бериши ҳақидаги хулосаси олинган.
Сенаторлар Марказий банк фаолиятига оид қонунларга мувофиқ 2021 йилда алоҳида эътибор қаратилиши зарур бўлган бир қатор вазифалар хусусида ҳам сўз юритди.
Хусусан, банкларни трансформация қилиш дастурларининг етарлича бажарилмасдан қолаётганлиги, амалга оширилаётган ишлар эса банклар ўртасида соғлом рақобат муҳитини шакллантириш ва привордида банк мижозлари-истеъмолчиларга кўрсатилаётган хизматлар сифатининг тубдан яхшиланишига сезиларли таъсир этмаётгани қайд этилди.
Ҳисоб-китоблар учун қулай бўлган “HUMO” тўлов тизими афзалликларини банклар томонидан истеъмолчиларга етказиш бўйича ишлар етарли эмаслиги ва тизимдан фойдаланишни янада кенгайтириш мақсадида тижорат банклари ва солиқ идоралари унинг афзалликлари тўғрисида аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари ўртасида тушунтириш ишларини кучайтиришлари лозимлиги таъкидланди.
Бундан ташқари, мижозларни ажратилаётган кредит маблағларини тижорат банклари томонидан танланган суғурта компаниялари орқали суғурталашга мажбуран йўналтириш орқали истеъмолчилар ҳуқуқларининг бузилаётганлиги ҳолатларига ҳам барҳам бериш масаласининг кўриб чиқилиши зарурлиги ҳам қайд этилди.
Шунингдек, аҳоли ва тадбиркорлардан кредит ажратилиши тўғрисида келиб тушаётган мурожаатларнинг тижорат банклари томонидан муддатида кўриб чиқилмаслиги ёки кўриб чиқиш муддатларининг асоссиз чўзилиши ёки ҳеч қандай асосларсиз кредит беришни рад этиш, кредит учун гаровларни танлаш ва баҳолашдаги тизимли муаммоларга муҳокама жараёнларида алоҳида эътибор қаратилди.
Шу билан бирга, тижорат банклари ходимлари томонидан хизмат вазифаларини суиистеъмол қилиши ҳолатларининг мавжудлиги, банк хизматларини ташкил этишдаги мавжуд бюрократик тўсиқларнинг тўлиқ бартараф этилмаётгани каби ҳолатлар юзасидан тушаётган мурожаатларнинг ортиб бораётганлиги ва уларда кўтарилган масалаларга эътиборни кучайтириш зарурлиги таъкидлаб ўтилди.
Ушбу масала юзасидан Олий Мажлис Сенатининг тегишли қарори қабул қилинди.
Шундан сўнг “Ўзбекистон Республикасида чет эл фуқароларининг ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ҳуқуқий ҳолати тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни муҳокама қилинди.
Қайд этилганидек, Қонун чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ҳуқуқий мақомини аниқлаш, республикадаги меҳнат фаолиятини тўғри йўлга қўйиш, мамлакатдан чиқиш ва унга киришни ташкил этиш тизими ва механизмларини тартибга солиш, шунингдек, меҳнат органларининг фаолиятини ривожлантириш заруриятидан келиб чиқиб ишлаб чиқилган.
Қонуннинг асосий мақсади Ўзбекистон Республикасида чет эл фуқароларининг ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ҳуқуқий ҳолати соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.
Ҳужжатда Ўзбекистон Республикасида чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг асосий ҳуқуқлари, эркинликлари ва мажбуриятлари, уларга сиёсий бошпана бериш, уларнинг Ўзбекистон Республикасида кириш ва чиқишлари, давлатимиз ҳудуди орқали транзит ўтишлари ва қоидаларини бузган ҳолда жавобгарлиги, республикамизда бўлиш тартиби ва муддатини қисқартириш, шунингдек ҳаракатланиши ва вақтинча яшаш жойи (доимий яшаш жойи)нинг танлаши, меҳнат фаолияти ва бошқа ҳуқуқлари батафсил белгиланган.
Қонуннинг қабул қилиниши республикада чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ҳуқуқий мақомини тартибга солишнинг яхлит тизимини ўрнатишга, 1990-2000 йилларда қабул қилинган турли (қонуности) ҳужжатлари билан шакллантирилган ҳуқуқий асосларни унификациялаш ва чет эл фуқаролари ёки фуқаролиги бўлмаган шахслар билан муносабатларнинг давр талабига мослаштиришга хизмат қилади.
Бундан ташқари, Қонун билан меҳнат муносабатлари соҳасида давлат органлари ва бошқа ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлик қилишнинг шаффоф ва очиқ тартибини яратилади, чет эл фуқароларининг давлат хизматларидан кенг фойдаланиш имконияти берилади.
Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Сўнгра “Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни муҳокама марказида бўлди.
Таъкидланганидек, бугунги кунда лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор этиш масалалари 2 та қонун, Олий Мажлиснинг 1 та қарори, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 7 та Фармон ва қарорлари, Вазирлар Маҳкамасининг 2 та қарори ҳамда бошқа бир қатор идоравий ҳужжатлар билан тартибга солиниб келинмоқда.
Хусусан, 2000 йилда қабул қилинган “Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг 2001 йил 12 майдаги “Амалга оширилиши учун лицензия талаб қилинадиган фаолият турларининг рўйхати тўғрисида”ги Қарори шулар жумласидан.
Масалага оид қонунчилик ҳужжатларининг кўплиги тадбиркорлик субъектлари ва аҳоли учун турли ноқулайликларни келтириб чиқариши билан бирга коррупция ҳолатларининг ҳам юзага келишига омил бўлиши мумкин.
Ушбу ҳолатлар Сенатнинг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси томонидан 2019 йилда Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти билан биргаликда ўрганиб чиқилиб, Вазирлар Маҳкамасига тўғридан-тўғри амал қиладиган янги таҳрирдаги қонун лойиҳасини киритиш тавсия этилган эди.
Шунга кўра киритилган Қонун амалдаги иккита қонун, Олий Мажлис Қарори ва бошқа қонунчилик ҳужжатларини бирлаштириш орқали соҳада замон талабига мос, содда тизимни яратмоқда.
Қонун билан лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомилларидан ўтишнинг фақат электрон тарзда ишлайдиган махсус - “Лицензия” ахборот тизими орқали (шунингдек, Ягона интерактив давлат хизматлари портали) амалга оширилиши мустаҳкамлаб қўйилмоқда.
Қонун юридик шахсларнинг филиаллари ва ваколатхоналари учун алоҳида лицензия ва рухсатнома олиш талабини ҳамда лицензия ва рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларнинг электрон шаклда берилиши муносабати билан лицензия шартномасини тузиш институтини бекор қилмоқда.
Қонун билан илк бор хабардор этиш орқали фаолиятни амалга оширишнинг тартиби ва механизмлари жорий этилмоқда.
Шу билан бирга, лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор этиш тартиб-таомилларини бузганлик учун юридик шахсларга жарима солиш тартиби ҳам белгиланмоқда.
Қонуннинг қабул қилиниши натижасида лицензиялаш ва рухсатнома бериш борасида бюрократик тўсиқлар ва давлат органлари томонидан йўл қўйилиши мумкин бўлган қонун бузиш ҳолатлари бартараф этилиб, тадбиркорларга қулайликлар яратилиши ҳамда барча жараёнлар тўлиқ рақамлаштирилиб, улар шаффофлигининг таъминланиши кутилмоқда.
Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Шундан кейин “Ноширлик фаолияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни муҳокама қилинди.
Мазкур Қонун дастлаб 2020 йилда Сенатнинг тўртинчи ялпи мажлиси кун тартибига киритилганда сенаторлар томонидан айрим эътирозлар билдирилиб, уни қабул қилиш мақсадга мувофиқ эмас, деб топилганди. Хусусан, Қонундаги лицензиялаш билан боғлиқ моддаларни ҳамда ҳаволаки нормаларни чиқариб ташлаш талаби қўйилганди. Қонун ташаббускорлари ва депутатлар шу талаблар асосида ушбу ҳужжатни қайта ишлаб чиқди.
Биргина Ноширлик фаолиятини лицензиялаш тартиби ўрнига ноширлик фаолиятини бошлаганлиги ҳақида ваколатли давлат органини хабардор этиш тизимини жорий этиш, мазкур соҳада тадбиркорликни ривожлантиришга амалий ёрдам беради.
Янги таҳрирдаги мазкур Қонун Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тўғрисида”ги қарорида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган.
Янги таҳрирдаги Қонунда амалдагисида бўлмаган асосий тушунчалар ҳамда уларни изоҳловчи тегишли модда киритилмоқда. Бу ўзгариш нафақат Қонундаги муайян қоидалари ноаниқлигининг олдини олади, балки замонавий қонунчилик техникасига, ҳозирги амалиёт талабларига мос равишда матнни баён этишда қулайликлар яратади.
Қонунда ноширлик фаолияти субъектларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чора-тадбирларини амалга ошириш усулларини аниқлаш, хусусан, уларнинг молиявий ҳолати ва моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, ахборот-кутубхона фаолиятини ривожлантиришга инвестицияларни жалб қилиш, ноширлик фаолиятини амалга оширишда солиқ ва бошқа имтиёзларни белгилаш кўзда тутилган.
Шунингдек, матбаа маҳсулотларида нашрнинг чиқарилишига доир маълумотлар кўрсатилиши лозимлиги ҳамда уларнинг рўйхати қонунийлаштирилмоқда. Бундай маълумотлар нашр этилаётган маҳсулотларнинг қатъий адади аудитини, ноширлик соҳаси аҳволининг статистикасини ва ривожланиш динамикасини режалаштиришни таъминлайди, халқаро стандартларга мувофиқ ишлаб чиқарилаётган босма маҳсулотларнинг ҳисоби юритилишини ташкил қилиш имкониятини беради.
Халқимизнинг, айниқса, ёшларнинг маънавий-маърифий ва эстетик эҳтиёжларига мос сифатли китобларни нашр қилиш, китобларни қулай нархларда жойларга етказиб бериш, ноширлик-матбаа соҳасини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантиришни таъминлашда муҳим аҳамиятга эга бўлган мазкур Қонунни маъқуллаш тўғрисида Олий Мажлис Сенатининг тегишли қарори қабул қилинди.
Шундан сўнг “Психиатрия ёрдами тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни муҳокама марказида бўлди.
Бугунги кунда психиатрия ёрдамига оид фаолият 2000 йилда қабул қилинган “Психиатрия ёрдами тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни билан тартибга солинган.
Мазкур Қонунда ушбу ёрдамнинг асосий принциплари белгиланган, аммо унда бир қатор муҳим аҳамиятга эга бўлган масалалар, хусусан, психиатрия ёрдамини кўрсатиш устидан жамоатчилик назорати, шифокор-психиатрлар комиссияларининг фуқаролар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини бузувчи хатти-ҳаракатлари устидан шикоятларни кўриб чиқиш тартиби каби жиҳатлар назарда тутилмаган.
Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йилдаги қарорига асосан янги таҳрирда “Психиатрия ёрдами тўғрисида”ги Қонун ишлаб чиқилган.
Айни вақтда ушбу Қонунни ишлаб чиқишда халқаро тажриба, АҚШ, Россия, Беларусь ва бошқа давлатлардаги қонунчилик меъёрлари ўрганилди.
Мазкур Қонуннинг қабул қилиниши психиатрия ёрдамининг барча йўналишлари бўйича норматив-ҳуқуқий базанинг такомиллаштирилишига, шу жумладан, ихтиёрий, ғайриихтиёрий ва мажбурий психиатрия ёрдами кўрсатишга, соҳада манфаатдор вазирлик ва идораларнинг ҳамкорлигини таъминлашга имкон беради. Фуқароларнинг психиатрия ёрдами олишдаги эркинликлари ва қонуний манфаатларини ифодалаб, уларнинг ҳаётига асоссиз аралашувлардан, руҳий ҳолати бузилган шахсларни жамиятда асоссиз камситилишидан, айни вақтда жамиятни бундай шахсларнинг ижтимоий хавфли қилмишларидан ҳимоя қилади.
Руҳий ҳолати бузилган шахслар учун давлат тизими орқали бепул юридик хизмат кўрсатилади, улар ишга жойлашишида кўмак берилади. Шу билан бирга, Қонун психиатрия ёрдами кўрсатишда тиббиёт ходимлари ва бошқа мутахассисларнинг ҳимоясини ҳам амалда таъминлайди.
Сенат аъзолари мазкур Қонунни маъқуллади.
Сўнгра “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар ва қўшимча киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни муҳокама қилинди.
Ҳаво кодексига киритилаётган ўзгартишларга асосан Экспериментал ҳаво кемаларини ҳисобга олиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланиши назарда тутилган.
Шунингдек, ушбу Кодексга киритилаётган ўзгартишларга асосан аҳоли манзилгоҳлари устида парвоз қилиш тартиби такомиллаштирилиб, унга кўра ҳаво кемаларининг аҳоли манзилгоҳлари устидаги парвози ердаги одамларнинг ҳаёти ва соғлиғига ва (ёки) мол-мулкига хавф солмаган ҳолда белгиланган йўналишлар ҳамда баландликларда амалга оширилиши белгиланмоқда.
Ҳаво кемасида носозлик рўй берган тақдирда ёки одамларнинг ҳаётини қутқариш учун парвозлар қилиш зарур бўлганда белгиланган йўналиш ва учиш баландлигидан четга чиқишга йўл қўйилиши қайд этилмоқда.
Алоҳида ҳолларда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорига кўра ҳаво кемаларининг белгиланган йўналиш ва учиш баландлигидан четга чиққан ҳолда аҳоли манзилгоҳлари устида парвоз қилишига йўл қўйилиши белгиланмоқда.
Қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилаётган ўзгартишларга кўра транспорт воситалари ҳайдовчиларининг тўхташ ёки тўхтаб туриш қоидаларини бузганлиги учун жарима миқдори базавий ҳисоблаш миқдорининг уч бараваридан икки бараварига қисқартирилмоқда.
Бундан ташқари, йўл-транспорт ҳодисаси қатнашчиларининг белгиланган қоидаларни бузган ҳолда ҳодиса юз берган жойдан кетиб қолиши, агар жабрланувчига енгил тан жароҳати ёки анча миқдорда моддий зарар етказилишига олиб келганлиги учун базавий ҳисоблаш миқдорининг ўттиз баравари миқдорида жарима солиш ёки транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан бир йил муддатга маҳрум этиш ёхуд ўн беш суткагача муддатга маъмурий қамоққа олиш тарзидаги жавобгарлик белгиланмоқда.
Шу билан бирга, “Экологик аудит тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинганлиги муносабати билан “Экологик экспертиза тўғрисида”ги Қонунга тегишли ўзгартиш киритилаётган бўлиб, унга кўра экологик аудит тушунчаси қуйидаги таҳрирда баён этилмоқда:
экологик аудит – экологик аудит субъекти амалга оширадиган хўжалик фаолиятини ва бошқа фаолиятни техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар ҳамда атроф-муҳитни муҳофаза қилишга ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланишга қаратилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларига ушбу субъектнинг риоя этиши юзасидан экологик аудиторлик ташкилоти томонидан ўтказиладиган тизимли, ҳужжатлаштирилган, мустақил экологик баҳолашдир.
Мазкур Қонуннинг ҳаётга татбиқ этилиши натижасида аҳолининг ҳаёти ва соғлиғига ва мол-мулкига бўлган хавфнинг олдини олишга, ҳаво кемасида носозлик рўй берган тақдирда ёки одамларнинг ҳаётини қутқаришда қўшимча имкониятлар яратилишига, йўл-транспорт қоидалари бузилишининг олдини олиш ҳамда транспорт воситаларини бошқариш масъулиятини ортишига, шунингдек, экология ҳамда атроф-муҳитни муҳофаза қилишга ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланишга эришилади.
Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
“Санитария-эпидемиология хизмати такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ҳам ялпи мажлисда муҳокама марказида бўлди.
Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 25 июлдаги Фармонига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги ва Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси ва уларнинг ҳудудий бўлинмалари тугатилиб, уларнинг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва шартномалари бўйича ҳуқуқий ворислари ҳисобланган Ўзбекистон Республикаси Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати ташкил этилди.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 27 июлдаги қарорига кўра, Санитария-эпидемиология хизмати аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги ва жамоат саломатлиги соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга ошириш учун жавобгар бўлган ваколатли давлат бошқаруви органи, ушбу хизмат бошлиғи бир вақтнинг ўзида Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари ҳамда Бош давлат санитария врачи ҳисобланади, туман (шаҳар) санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бўлимлари ўз фаолиятида тегишинча Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармаларига, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармалари эса — Санитария-эпидемиология хизматига бевосита бўйсунадилар ва уларнинг олдида ҳисобдорлар.
Соҳада амалга оширилган мазкур ўзгаришлар муносабати билан амалдаги айрим қонун ҳужжатларига тегишли ўзгартишлар киритилмоқда.
Шунингдек, Қонун билан киритилган ўзгартишга мувофиқ, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 257-моддасида Давлат санитария назорати органлари номидан маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ва жарима солиш тариқасида маъмурий жазо чораси қўллаш ҳуқуқи Ўзбекистон Республикаси Бош давлат санитария врачи ва унинг ўринбосарлари, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бош давлат санитария врачлари ва уларнинг ўринбосарлари ҳамда туман (шаҳар) бош давлат санитария врачларига берилиши белгиланмоқда.
Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Сўнгра “Ўзбекистон Республикаси, бир томондан ва Буюк Британия ва Шимолий Ирландия, иккинчи томондан, ўртасида шерикчиликни таъсис этувчи шерикчилик ва ҳамкорлик тўғрисидаги Битимни (Тошкент, 2019 йил 31 октябрь) ратификация қилиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни муҳокама қилинди.
Қонун 2019 йил 31 октябрда Тошкент шаҳрида имзоланган “Ўзбекистон Республикаси, бир томондан ва Буюк Британия ва Шимолий Ирландия, иккинчи томондан, ўртасида шерикчиликни таъсис этувчи шерикчилик ва ҳамкорлик тўғрисида”ги Битимни ратификация қилишни назарда тутади.
Таъкидланганидек, мазкур халқаро шартнома Ўзбекистон-Британия муносабатларининг ҳуқуқий асосини сақлаш, икки мамлакат ишбилармон доиралари ўртасидаги алоқаларни янада узлуксиз давом эттириш учун қулай шарт-шароитларни яратиш, шунингдек, иқтисодиётнинг деярли барча тармоқлари бўйича ҳамкорликни ривожлантириш каби муҳим мақсад ва йўналишларни қамраб олган.
Ушбу ҳужжат амалдаги Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасидаги шерикчилик ва ҳамкорлик тўғрисидаги Битимнинг барча қоидаларини сақлаб қолган ҳолда Ўзбекистон-Британия ҳамкорлик форматига мослаштирилган.
Битим преамбула, 87 модда, 4 та илова ва Божхона масалаларида маъмурий органлар ўртасида ўзаро ёрдам тўғрисидаги протоколдан иборат.
Муҳокама давомида ушбу Қонуннинг қабул қилиниши келгусида икки томонлама ҳамкорликнинг барча жиҳатлари, халқаро ва минтақавий масалалар бўйича мунтазам сиёсий мулоқотлар олиб бориш, ташқи савдо, инвестиция соҳаларида қулай муҳит яратишда муҳим аҳамиятга эга эканлиги қайд этилди.
Сенат аъзолари томонидан мазкур Қонун маъқулланди.
Шунинг билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн тўртинчи ялпи мажлисининг биринчи иш куни якунланди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати