Россия Федерацияси Давлат Думасининг Мудофаа бўйича қўмитаси раиси, Россия қаҳрамонлари ассоциацияси президенти Владимир Шаманов бошчилигидаги делегация Сирдарё вилоятига ташриф буюрди.
Делегация таркибида космонавт, икки марта Совет Иттифоқи Қаҳрамони Владимир Жонибеков ва космонавт, Россия Федерацияси Қаҳрамони Солижон Шарипов ҳам бор.
Россиялик меҳмонлар “Чеҳра” ресторан–мажмуасида вилоят сектор раҳбарлари, ёшлар, ҳарбийлар, маданият ва санъат соҳаси ходимлари, кенг жамоатчилик вакиллари ҳамроҳлигида кутиб олинди.
Учрашув аввалида меҳмонларга вилоятда олиб борилаётган туб ислоҳотлар хусусида маълумот берилди. Хорижий мамлакатлар, жумладан, Россия Федерацияси билан савдо-иқтисодий, илмий-техникавий ва маданий ҳамкорлик алоқаларни ривожлантириш ва мустаҳкамлаш йўлида амалга оширилаётган ишлар хусусида сўз юритилди.
Таъкидлаш жоизки, айни пайтда вилоятда Россия Федерацияси билан ҳамкорликда ташкил этилган 27 та корхона фаолият юритмоқда. Ўтган 2020 йил давомида Сирдарё вилоятининг Россия Федерацияси билан ташқи савдо айланмаси 159,7 миллион долларга етди, шундан 34,9 миллион доллар экспорт ва импорт 124,8 миллион долларни ташкил этди.
Ўтган йиллар давомида вилоят делегацияси Россия Федерациясига бир неча бор ташриф буюрган. Хусусан, 2018 йил 8-13 октябрда вилоят вакиллари Россия Федерациясида бўлиб, умумий қиймати 474 миллион долларлик инвестиция ва савдо келишувларига эришилди. Шунингдек, 2019 йил 10-16 ноябрда сирдарёликлардан иборат делегация Москва, Иванов, Томск вилоятлари ва Олтой ўлкасига ташриф буюриб, умумий қиймати 14,9 миллион доллар бўлган инвестиция ва савдо шартномаларини имзолади.
Делегация аъзолари президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида Ўзбекистонда қисқа вақт мобайнида амалга оширилаётган кенг кўламли ишларга юқори баҳо берди. Шунингдек, алоқаларни мустаҳкамлаш, барча соҳада жадал ривожланиб бораётган Ўзбекистон - Россия ҳамкорлигини янада кенгайтириш хусусида фикр билдирган меҳмонлар, ўз навбатида, делегациянинг вилоятга ташрифи юқори даражада ташкил этилгани учун миннатдорлик изҳор этди.
Тантанада йиллар давомида унутилмай келинаётган ҳарбий ва дўстлик мавзусидаги қўшиқлар ижро этилди.
Миллий либос ва қадриятларимиз намойиш этилди. Вилоят маданият ходимларининг концерт дастури тақдим этилди.