Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Сурхондарё вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришни комплекс рағбатлантириш бўйича вазифалар белгиланди
2021-04-24 | Иқтисодиёт
Жорий йилнинг 22 апрель куни Термиз шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари С.Умурзаков бошчилигида ҳамда вазирликлар, идоралар, тармоқ бирлашмалари, тижорат банклари ва маҳаллий ҳокимият органлари раҳбарлари иштирокида Сурхондарё вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришни комплекс рағбатлантириш чора-тадбирларини муҳокама этишга бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.
Унда ҳудуднинг саноат, инвестиция ва экспорт салоҳиятидан етарли даражада фойдаланилмаётгани ҳамда коммунал инфратузилма ва ижтимоий объектлар ҳолатини яхшилаш зарурлиги қайд этилди.
Шу муносабат билан саноат, қишлоқ хўжалиги, инвестициялар, экспорт, тадбиркорлик, уй-жой ва инфратузилма қурилиши, туризм, ахборот-коммуникация тармоғи, ижтимоий ривожланиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш каби турли соҳалардаги ривожланишнинг бугунги ҳолатини ўрганиш бўйича 11 ишчи гуруҳ ташкил этилди. Шунингдек, устувор вазифалар сифатида якка тартибдаги корхоналар, муассасалар ва маҳаллалар даражасида тадбиркорлар, экспортчилар, ижтимоий соҳа ходимлари ва ёшлар вакиллари билан манзилли ишлаш, мавжуд муаммоларини аниқлаш ҳамда фойдаланилмаган заҳира ва имкониятларни ишга солиб, уларни тезкор ҳал этиш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш масалалари белгилаб олинди.
Жойлардаги вазиятни атрофлича ўрганиш, аҳоли ва тадбиркорларнинг реал муаммолари билан танишиш ҳамда камчиликларни бартараф этиш ва қисқа вақт ичида аниқ натижаларга эришишга қаратилган самарали ечимларни ишлаб чиқиш мақсадида вазирликлар, идоралар, тармоқ бирлашмалари ва маҳаллий ҳокимият органлари раҳбарлари маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари билан яқин ҳамкорлик қилишлари зарурлиги таъкидланди.
Йиғилиш якунида ишчи гуруҳлар ва бириктирилган вазирлик, идора ва тижорат банклари раҳбарларига Сурхондарё вилояти 721 маҳалласининг ҳар бирида мавжуд муаммоларни ўрганишда давом этиш ва уларни ҳал қилишнинг самарали алгоритмларини ишлаб чиқиш бўйича аниқ кўрсатмалар берилди. Бу ишлар якунига етгач, Сурхондарё вилоятининг ҳар бир туман ва шаҳрини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича мақсадли дастурлар шакллантирилади.
Манба: Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги