Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатаси касалликларни эрта аниқлаш йўлидаги халқаро ҳамкорликни кенгайтирмоқда
2021-04-23 | Соғлиқни сақлаш
Касалликни эрта аниқлаш учун энг сўнгги ютуқларни жорий этиш турли касалликлар, айниқса, саратонни аниқлашда жуда муҳим роль ўйнайди. Мазкур мавзу Ўзбекистон Инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатаси ва «Roche Diagnostics» халқаро компанияси ўртасида бўлиб ўтган музокарада муҳокама этилди
1896 йилда ташкил топган мазкур компания бугун in vitro ташхислаш соҳасида пешқадамлардан бири саналади.
Миллий палата матбуот хизмати маълум қилишича, Тошкентда бўлиб ўтган учрашувда компаниянинг Марказий Осиё ва Кавказ мамлакатларидаги ҳудудий директори Ҳасан Демирчи таъкидлаганидек, компания касалликларнинг олдини олиш, ташхислаш ва даволаш бўйича янги имкониятларни излашда давом этмоқда.
- Миллий палата мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизимини яхшилашга йўналтирилган ҳамкорлик учун очиқ, - деб таъкидлади палата раҳбари Равшан Изамов. - Ўзбекистонда in vitro юқори самарали ташхислаш тизимининг ривожланиши учун янги лойиҳаларни жорий этишдан ташқари юртимиз мутахассисларининг малакасини ошириш жуда муҳим, деб ҳисоблаймиз.
Томонлар ташхислашда юқори самарали технологияларни жорий этиш, шу жумладан, соғлиқни сақлаш тизимининг ўсиб бораётган харажатларини қисқартириш имкониятларини муҳокама этди. Тажриба шуни кўрсатмоқдаки, касалликни эрта аниқлашга ёрдам берадиган in vitro тизими даволаш натижаларини яхшилаш ва харажатларнинг камайишига ҳам ижобий таъсир ўтказади.
Музокараларда томонлар турли касалликларни ташхислаш, лаборатория инфратузилмасини мақбуллаштириш ва бошқа соҳаларда йўлга қўйиладиган ҳамкорлик истиқболларини белгилаб олиш бўйича келишувга эришди.
Манба: “Дунё” ахборот агентлиги