Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Инвестиция лойиҳаларининг амалга оширилиши устидан назорат онлайн тарзда олиб борилади
2021-04-21 | Иқтисодиёт
Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигида “Инвестиция лойиҳаларини амалга оширишни назорат ва мониторинг қилиш” автоматлаштирилган ахборот тизими ишга туширилди.
Ушбу тизим инвестиция лойиҳаларининг ҳафталик мониторингини олиб боришни кўзда тутади, унинг мақсади эса пандемиядан кейинги даврда лойиҳаларнинг кечикиб ишга тушириш хавфини олдини олишдан иборат.
Турли ҳудудларда жойлашган инвестиция лойиҳаларининг амалга оширилишини онлайн кузатиб бориш мумкин бўлади, бу эса лойиҳа циклининг турли босқичларида юзага келадиган муаммоларни тезда ҳал қилиш ва мавжуд камчиликларни ўз вақтида бартараф этиш имконини беради.
Автоматлаштирилган тизим инвестиция лойиҳаларини амалга оширишнинг ҳозирги ҳолати ҳақида маълумотга эга платформа бўлади. Маълумотлар базаси мунтазам равишда долзарб маълумотлар билан янгиланади.
Айни пайтда “Инвестиция лойиҳаларини амалга оширишни назорат ва мониторинг қилиш” автоматлаштирилган ахборот тизими пилот режимида ишлаяпти. Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, маҳаллий ҳокимият органлари ҳамда тижорат банклари ходимлари томонидан жорий этилаётган лойиҳалар ижроси юзасидан ҳафталик мониторинги олиб борилмоқда. Корхоналарга бириктирилган мутасаддилар ҳар ҳафтада жойларга чиқиб, қурилиш ишлари боришини, асбоб-ускуналар етказиб бериш ва ўрнатишнинг ҳозирги ҳолатини ҳамда қурилаётган ишлаб чиқариш объектларини ишга тушириш билан боғлиқ бошқа вазифалар ижросини ўрганмоқда.
Автоматлаштирилган тизимни штат режимида тўлиқ ишга тушириш жорий йилнинг 1 июлидан бошлаб режалаштирилган.
Манба: Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги