Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Коронавирус билан боғлиқ вазият жиддийлигича қолмоқда
2021-04-17 | Соғлиқни сақлаш
Хабар берганимиздек, 17 апрель куни пойтахтимизда коронавирусга қарши курашиш бўйича Махсус комиссиянинг кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди.
Унда соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари — Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати раҳбари Баҳодир Юсупалиев дунёда ва юртимизда коронавирус инфекцияси билан боғлиқ ҳолат юзасидан батафсил маълумот берди:
-Олинган сўнгги маълумотларга кўра, жорий йилнинг 17 апрель ҳолатида дунёнинг 218 давлатида жами 140 531 290 нафар беморда коронавирус инфекцияси аниқланган. Улардан 119 360 093 нафари соғайган, 3 012 206 нафари вафот этган, 106 926 (0,4 фоиз) нафар бемор оғир аҳволда қолмоқда,- деди Б. Юсупалиев.
Охирги бир сутка (16.04.2021й) ичида 830 052 та янги касалланиш ҳолати қайд этилиб, 12 514 нафар бемор ушбу касалликдан вафот этган.
Маълумот учун: дунё бўйлаб энг юқори касалланиш кўрсаткичи жорий йилнинг 15 апрель куни қайд этилган бўлиб, жами 845 223 нафар бемор рўйхатга олинган.
Касаллик тасдиқланган ҳолатлар бўйича АҚШ биринчи ўринда бўлиб, у ерда ЖССТ маълумотларига кўра, 32 305 912 нафар коронавирус инфекциясини юқтирганлар аниқланган. Иккинчи ўринда Ҳиндистон 14 521 683, учинчи ўринда Бразилия 13 834 342, тўртинчи ўринда Франция 5 224 321, бешинчи ўринда Россия 4 684 148 ҳолат қайд этилган. Буюк Британияда 4 383 572 ва Туркияда 4 150 039 кишида коронавирус инфекцияси аниқланган.
Ўзбекистон Республикасида 16 апрель ҳолатига кўра, коронавирус инфекцияси билан касалланганлар сони 86 338 нафарни ташкил этиб, улардан 83 838 нафари (98,0 %) соғайиб чиққан, 636 нафари (0,7%) вафот этган.
Маълумот учун: ҳозирда даволанаётган 1864 нафар беморнинг 109 нафари ўта оғир, 238 нафари оғир ва 1517 нафари қониқарли ҳолатда.
Республикада март ойининг иккинчи ярмидан бошлаб касалланишнинг ўсиши кузатилмоқда, айниқса, Тошкент шаҳридаги эпидемиологик вазият бошқа ҳудудларга нисбатан мураккаблигича қолмоқда.
Жорий йилнинг 15 мартидан 15 апрелигача бўлган даврда жами 5513 нафар бемор қайд қилинган (ўртача кунига 183 нафардан).
Жумладан, жорий йилнинг 8 апрелида 207 та, 9 апрелида 195 та, 10 апрелида 198 та, 11 апрелида 192 та, 12 апрелида 177 та, 13 апрелида 212 та, 14 апрелида 227 та, 15 апрелида 292 та ва 16 апрель куни эса 316 та ҳолат қайд этилди.
Республика бўйича рўйхатга олинган касалликларнинг ёшма-ёш таҳлили бўйича:
14 ёшгача бўлган болалар ўртача 13-15 фоизни,
15-19 ёшдагилар 4-6 фоизни, 20-29 ёшдагилар 11-14 фоизни,
30-39 ёшдагилар 17-20 фоизни, 40-49 ёшдагилар 10-15 фоизни,
50-59 ёшдагилар 12-16 фоизни,
60 ёш ва ундан катталар
22-26 фоизни ташкил этмоқда.
Маълумот учун: ҳозирда бир суткада ўртача 40-42 мингта ПЗР тест синамалари ўтказилмоқда (100 минг аҳоли сонига нисбатан 100-110 та). Кунлик тест синамаларига нисбатан 0,7-0,8 фоиз (жорий йилнинг январь ойида ушбу кўрсаткич 0,2-0,3 фоиз) мусбат натижалар қайд этилмоқда. Касалланиш кўрсаткичлари ҳар 100 минг аҳоли сонига нисбатан 0,8-0,9 нафарни (жорий йилнинг январ ойида ушбу кўрсаткич 0,1-0,2 нафар) ташкил этмоқда.
З.Жонибеков
Манба: ЎзА