Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон ва БМТ: гиёҳвандликка қарши курашишда ўзаро ҳамкорлик муҳокама қилинди
2021-04-16 | Жамият
2021 йил 14 апрель куни пойтахтимизда Ўзбекистон ҳукумати томонидан БМТнинг Гиёҳванд моддалар бўйича комиссиясининг 64-сессияси доирасида "Гиёҳвандлик ва жиноятчиликка қарши курашда Ўзбекистон ва Бирлашган Миллатлар Ташкилоти гиёҳвандлик воситалар ва жиноятчиликка қарши курашиш бошқармаси ўртасида ўзаро ҳамкорлик: ҳамкорликнинг ҳозирги ҳолати ва истиқболлари" мавзусида тадбир бўлиб ўтди.
Тадбирда Давлат божхона қўмитаси Раиси ўринбосари Ўткиржон Қодиров ва қўмитанинг масъул ходимлари иштирок этишди.
Таъкидланганидек, 2017 йил 18-20 сентябрь кунлари Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бошчилигидаги расмий делегациянинг Америка Қўшма Штатларига ташрифи мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги муҳим воқеа бўлди. Айниқса, бу Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва унинг ихтисослашган муассасалари билан ҳамкорликни янада ривожлантиришга асос яратди.
Шунингдек, Президентимизнинг БМТ Бош ассамблеясининг 72-сессиясидаги иштироки ҳамда БМТ Бош котиби билан бўлиб ўтган учрашуви халқаро ҳамжамиятнинг Ўзбекистонни ривожлантиришнинг янги стратегияси юзасидан қизиқишларига сабаб бўлмоқда.
Ўзбекистон Республикасининг БМТ ва унинг тузилмалари билан муносабатларини янада мустаҳкамлаш бўйича келишувининг ўз вақтида ва сифатли бажарилишини таъминлаш мақсадида БМТ ва унинг ихтисослашган муассасалари билан ҳамкорликни ривожлантириш учун 2020 йил июнь ойида Нью-Йоркда Ҳаракатлар режаси (Йўл харитаси) қабул қилинган.
Ушбу ҳужжат 17 йўналишни, хусусан, давлат раҳбарининг ташқи сиёсий ташаббусларини, барқарор ривожланишга қаратилган таклифларни илгари суриш ва амалга оширишга қаратилган саъй-ҳаракатларни, шунингдек, дунёда барқарор иқтисодий ривожланишни таъминлаш ва эришиш бўйича ғояларни ўз ичига олади.
Йўл харитасида режалаштирилган тадбирлар билан бир қаторда, Ўзбекистоннинг БМТ Бош ассамблеясининг “Марказий Осиё – гиёҳвандликка қарши” резолюциясини илгари суриш, шунингдек, Ўзбекистоннинг БМТнинг Гиёҳванд моддалар бўйича комиссияси аъзоси мақомини олиши ҳам кўзда тутилган.
Тадбирда нафақат Ўзбекистон, балки минтақа ва бутун дунё учун ҳам жиддий хавф туғдирадиган замонавий гиёҳвандлик муаммоларининг долзарб масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Таъкидлаш жоизки, республикамиз божхоначилари томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи турли идоралар вакиллари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирлар натижасида 2020 йилда 280,2 кг оғирликдаги гиёҳвандлик воситалари тўхтатиб қолинди. Жорий йилнинг 1 чорагида эса бу кўрсаткич 56,1 кг.ни ташкил қилди. Бундан ташқари, 857 дона психотроп таблеткалар ҳамда 13.4 минг донадан зиёд кучли таъсир қилувчи дори воситаларининг ноқонуний айланмасига ҳам чек қўйилган.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси