Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Марказий Осиё халқаро институти ва Конрад Аденауэр номидаги жамғарма ўртасида Меморандум имзоланди
2021-04-16 | Таълим
Жорий йилнинг 15 апрель куни Марказий Осиё халқаро институтида, Конрад Аденауэр номидаги жамғарманинг Марказий Осиёдаги ваколатхонаси билан ҳамкорлик тўғрисидаги Меморандум имзоланишининг тантанали маросими бўлиб ўтди.
Ушбу маросимда, Марказий Осиё халқаро институти, Конрад Аденауэр номидаги жамғарма раҳбарияти ҳамда ходимлари, шунингдек, ОАВ вакиллари иштирок этди.
Тадбирда, сўзга чиққанлар ушбу муҳим воқеа Ўзбекистон Республикаси ва Германия Федератив Республикаси ўртасидаги конструктив муносабатлар ривожининг яққол далили эканини қайд этди. Икки давлат раҳбарлари ўртасидаги муносабатларнинг ўзаро ишонч ва ҳурмат руҳида ўрнатилгани, Ўзбекистон ва Германия шериклигининг изчил ривожланишида ҳисса қўшишини таъкидланди.
Шунингдек, таҳлил марказлари ўртасидаги мунтазам алоқалар давлатлараро муносабатларни сифат жиҳатдан янги поғонага олиб чиқишга ҳамда Марказий Осиёдаги минтақавий ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга имконият яратади.
Меморандумни амалий жиҳатдан татбиқ этишда, ўзаро манфаатли масалалар бўйича илмий-тадқиқот лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш, илмий ишларни нашр этиш, илмий адабиётлар ва илмий-тадқиқот материалларини ўзаро алмашиш масалаларига алоҳида эътибор берилади.
Шунингдек, томонлар таҳлил марказлари ходимлари ва экспертлари ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш муҳимлигини таъкидладилар ва бу орқали Марказий Осиё мамлакатлараро ҳамкорликнинг фаоллашувига эришилади.
Манба: «Янги Ўзбекистон»