Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон – Россия: келишувларнинг сифатли бажарилиши кўп қиррали ҳамкорликни янада кенгайтириш калитидир
2021-04-15 | Иқтисодиёт
Жорий йилнинг 14 апрель куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаковнинг Россия Федерацияси Ҳукумати Раисининг ўринбосари А.Оверчук билан учрашуви бўлиб ўтди.
Учрашув чоғида кўп қиррали ҳамкорликнинг кун тартиби, шунингдек, инвестициявий, савдо-иқтисодий, молиявий-техник, маданий-гуманитар соҳаларда мавжуд битимларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Томонлар ҳукумат даражасидаги икки томонлама алоқаларнинг фаоллигига юқори баҳо бериб, барча устувор йўналишлар бўйича ҳамкорликни изчил мустаҳкамлашдан икки мамлакат ишбилармон доиралариниг ўзаро манфаатдорлигини таъкидлади.
Россия ишбилармон доираларининг Ўзбекистон бозорига қизиқиши ортиб бораётганининг ёрқин намуналаридан бири “ИННОПРОМ”. Ўзбекистонда катта саноат ҳафталиги” халқаро саноат кўргазмаси эканлиги таъкидланди. Уч кун мобайнида кўргазмага Россия, Франция, Германия, Чехия, Япония, Озарбайжон, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Арманистон ва бошқа давлатлардан 10 минг киши ташриф буюрди. Тадбир якунлари бўйича иштирокчи-мамлакатлар ишбилармон доиралари вакиллари ўртасида умумий қиймати 3 млрд доллардан кўпроқ бўлган инвестиция ва савдо шартномалари тузилди.
Иштирокчилар Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳамда Россия Федерацияси Саноат ва савдо вазирлиги ўртасида саноат кооперациясини янада чуқурлаштириш ва инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш мақсадида ташкил этилган “Лойиҳа офиси” фаолиятини муҳокама қилди. Жумладан, айни пайтда 5,8 млрд долларлик 104 лойиҳа амалга ошириш босқичида эканлиги таъкидланди.
Мулоқот чоғида томонлар икки мамлакатнинг тегишли вазирлик ва идоралари ўртасидаги муносабатларнинг янги йўналишларини қамраб олиш орқали ҳамкорликни кенгайтириш истиқболларини ҳам муҳокама қилдилар.
Шунингдек, Россия ва Ўзбекистон вазирликлари, идоралари ва ташкилотлари мутахассислари учун устувор йўналишларда, жумладан, солиқ ва божхона маъмурчилиги ҳамда кадастр соҳаларида, шунингдек, Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш жараёни билан боғлиқ масалаларда тажриба алмашиш мақсадида ўзаро стажировкаларни ташкил этиш имкониятини муҳокама қилдилар.
Учрашув якунида томонлар илгари эришилган икки томонлама келишувларнинг биргаликда амалга оширилиши Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги кўп қиррали шерикликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилишига умид билдирди ва белгиланган йўналишлар доирасида амалий ҳамкорлик бўйича биринчи даражали вазифаларни белгилаб олди.
Учрашув якунларига мувофиқ, Россия Федерацияси томонидан Ўзбекистон Республикасида солиқ маъмурчилиги тизимини ривожлантириш ва давлат кадастрининг баҳолаш тизимини такомиллаштириш бўйича беғараз техник ёрдам кўрсатиш юзасидан шартномалар имзоланди. Ушбу шартномалар доирасида жалб этилаётган грант маблағларининг умумий миқдори қарийб 60 млн долларни ташкил этади.
Манба: Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги