Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Адлия вазири Туркиянинг Ўзбекистондаги элчиси билан учрашди
2021-04-13 | Жамият
Жорий йилнинг 13 апрель куни Адлия вазирлигида Ўзбекистон Республикаси адлия вазири Р. Давлетов ҳамда Туркия Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси О. Бекар ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Учрашув бошида адлия вазири Р. Давлетов Туркия Элчисини тайинлов билан табриклаб, кейинги фаолиятига муваффақиятлар тилади.
Туркия Элчиси О. Бекар Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳамда ўзгаришларни юқори баҳолаб, унда Адлия вазирлигининг давлат ҳуқуқий сиёсатини олиб борувчи давлат органи сифатида ролини эътироф қилди.
Учрашув давомида адлия вазири Р. Давлетов вазирлик тизими, вазифалари ва фаолиятининг асосий йўналишлари билан, шунингдек ҳуқуқий соҳада сўнгги йилларда амалга оширилаётган ислоҳотлар ва келгусидаги режалар билан таништирди.
Туркия Элчиси О. Бекар икки мамлакат адлия органларидаги ўзаро ўхшашликларни алоҳида таъкидлаб, ўзаро манфаатли соҳаларда ҳамкорликда ишлаш бўйича вазирликка кўмакдош бўлишга тайёрлигини билдирди ҳамда тажриба алмашиш учун ходимлар алмашинувини йўлга қўйишни таклиф қилди.
Адлия вазири таклифни қўллаб-қувватлаб, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳамда Туркия Республикаси Адлия вазирлиги ўртасида имзоланган ҳамкорлик тўғрисида англашув меморандумидаги қоидаларни ҳамкорликда амалга оширишга тайёрлигини айтди.
Учрашув сўнгида томонлар ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш бўйича келишиб олдилар.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги