Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Таълим соҳаси бўйича Финляндия тажрибаси қўлланилади
2021-04-09 | Таълим
Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекциясида Финляндиянинг таълим соҳаси бўйича Ўзбекистон билан ҳамкорлик лойиҳаларини йўлга қўйган бир қатор компания раҳбарлари ва вакиллари билан учрашув ўтказилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан мамлакатимизда таълим-тарбия тизимини ривожлантиришда илғор хорижий тажрибаларни, хусусан, Финляндия таълим тизимини ўрганиш ва мамлакатимизда жорий этиш бўйича қатор вазифалар белгилаб берилган эди.
Ушбу вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Таълим инспекцияси, Ташқи ишлар вазирлиги, Финляндия Республикасининг Ўзбекистондаги фахрий консуллиги ва бир қатор ташкилотлар билан ҳамкорликда Финляндиядаги етакчи экспертлар, олимлар ва инвесторлар билан музокаралар олиб борилиб, бир қатор лойиҳалар бошлаб юборилди.
Делегациянинг юртимизга ташрифи ҳам мазкур йўналишдаги ишларнинг узвий давоми бўлиб, муҳокамалар давомида Ўзбекистон ва Финляндиянинг таълим тизими ҳамда ҳамкорликда амалга оширилаётган лойиҳалар ва истиқболдаги режалар юзасидан ўзаро фикр алмашилди.
Таълим инспекцияси бошлиғи Улуғбек Тошкенбоев меҳмонларга Ўзбекистонда таълим сифати самарадорлигини ошириш ҳамда Финляндия тажрибасини жорий этишда амалга оширилаётган ҳамкорлик лойиҳалари учун миннатдорчилик билдирар экан, бу борадаги ишлар келажакда изчил давом эттирилишини таъкидлади.
– Таълим инспекцияси яқинда ташкил этилган бўлсада, соҳада сифат кўрсаткичларини ошириш бўйича халқаро тажрибаларни ўрганиш баробарида, ёшларнинг малакали кадрлар бўлиб етишиши учун тизимли ишларни амалга ошириб келмоқда. Хусусан, бугунги кунда мамлакатимиз таълим тизимини Финляндия тажрибасини жорий этиш орқали ислоҳ қилишга катта эътибор қаратилмоқда.
Ўтган йилнинг ноябрь ойида бошланган ҳамкорлик алоқаларимизнинг меваси сифатида айни кунда Навоий ва Лааппенранта шаҳарлари ўртасида ўқувчилар алмашинуви, Тошкент давлат иқтисодиёт университети билан талабалар алмашинуви дастурлари йўлга қўйилганлигини, Финляндияда амалда бўлган ўқув дастурлари ўзбек тилига таржима қилиниб ўрганилаётганини кўрсатиш мумкин. Бу, албатта, эришиладиган улкан натижаларнинг бошланиши. Келажакда мазкур алоқалар янада кенгайиб, мамлакатларимиз ва маданиятларимиз ўртасида муҳим кўприк бўлиб хизмат қилиши шубҳасиз, – деди Улуғбек Тошкенбоев.
“Edunation Finland” компанияси ҳаммуассиси Ҳарри Суоминен Таълим инспекцияси бошлиғининг фикрларига тўлиқ қўшилишини таъкидлади:
– Аввало, илиқ меҳмондўстлик учун Таълим инспекцияси жамоаси ва ҳамкор ташкилотларга ўз миннатдорчилигимни билдираман. Давлатлараро талабалар алмашинувини амалга ошириш билан боғлиқ фаолиятим давомида дунёнинг кўплаб мамлакатларига сафар уюштиришимга тўғри келади. Аммо Ўзбекистоннинг таълим тизимини ислоҳ қилиш ва келажак авлодни тарбиялашдаги иштиёқи мени ҳайратга солди. Мазкур лойиҳанинг бир қисмига айланиш бизга ҳам фахр бағишлайди, – деди “Edunation Finland” компанияси вакили.
Учрашув давомида талабалар алмашинуви, қўшма таълим дастурлари, математика ва фин тилини ўқитиш бўйича лойиҳалар доирасида меморандумлар имзолаш юзасидан амалга оширилган ишлар ва истиқболдаги режалар атрофлича муҳокама қилинди.
Муҳокамалар жараёнида Финляндиянинг Ўзбекистондаги фахрий консули Алишер Жўраев ҳамкорлик алоқалари истиқболларига тўхталар экан, Финляндия таълим тажрибасининг Ўзбекистонда жорий этилиши бу борадаги янги лойиҳалар учун бошланғич қадам бўлишини таъкидлади.
– Давлатимиз раҳбари топшириғи билан Финляндия тажрибасини ўрганиш бўйича ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилган илк кунларда бутун дунёда пандемия билан боғлиқ чекловлар бартараф этилмаган эди. Шунга қарамай, Таълим инспекцияси ва Ташқи ишлар вазирлиги билан ҳамкорликда шароитдан келиб чиқиб, онлайн тарзда қатор учрашувлар ва семинарлар ташкил этилди.
Бундан ташқари, Финляндиянинг марказий шаҳарлари билан бир қаторда қатор минтақалари билан ҳам ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилди. Бу жараёнда ишлар "bottom-up approach", яъни «пастдан юқорига» тамойили асосида йўлга қўйилди. Хусусан, финляндиялик ўқитувчилар март ойидан Навоий вилоятининг Зарафшон шаҳрига келиб, ўқувчиларга фин тилидан сабоқ бермоқда ҳамда Финляндия мактаблари тажрибасининг Ўзбекистонда жорий этилиши учун кўмаклашмоқда. Бу, албатта томонлар ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари учун ягона мисол эмас. Ўйлайманки, музокараларнинг самарали якунида эришиладиган натижаларимиз янада ортади, – деди Алишер Жўраев.
Таъкидлаш лозимки, давлатимиз раҳбари томонидан мамлакатимизда таълим сифати ва самарадорлиги кўрсаткичларини оширишда айнан Финляндия тажрибаси мисол қилиб кўрсатилган эди. Негаки, мамлакат ўқувчилари халқаро тадқиқотларда саводхонлик кўрсаткичлари бўйича энг юқори натижаларга эришганлиги билан ажралиб туради.
Таълим инспекцияси тегишли вазирликлар билан ҳамкорликда ушбу мамлакат таълим тизимидаги илғор жиҳатларни ўрганиш бўйича тизимли ишларни амалга оширмоқда. Хусусан, Финляндия миллий таълим агентлиги билан ҳамкорликда «Йўл харитаси» ишлаб чиқилган бўлиб, унда фин таълим тажрибасини ўрганиш ва мамлакатимизда самарали татбиқ қилишга қаратилган вазифалар ҳамда ҳамкорлик йўналишлари ўз аксини топган.
Хусусан, Финляндия миллий таълим агентлиги экспертлари ва Хелсинки университети профессор- ўқитувчилари иштирокида ўтказилаётган мазкур тадбирлар орқали таълим дастурлари, умумтаълим фанларини ўқитиш, ўқитувчилар тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича тажриба алмашиш тизими ҳам йўлга қўйилган.
Делегация аъзоларининг Навоий, Бухоро ва Самарқанд вилоятлари ҳокимликлари ҳамда таълим тизими мутасаддилари билан учрашувларида талабалар алмашинуви, қўшма таълим дастурлари, математика ва фин тилини ўқитиш бўйича лойиҳалар юзасидан музокаралар олиб бориш ҳамда меморандумлар имзолаш режалаштирилган.
Шунингдек, режага ўзбекистонлик ёшлар билан учрашувлар, умумтаълим мактабларига ва бир қатор олий таълим муассасаларига ташриф, “Ўзбекистон – Финляндия ҳамкорлик йўналишларининг истиқболлари» мавзусида халқаро илмий-амалий форум ташкил этиш ҳам киритилган.
Манба: ЎзА