Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Тошкентда Савдо-иқтисодий ва илмий-техникавий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон – БАА Ҳукуматлараро комиссиясининг 4-йиғилиши бўлиб ўтди
2021-04-08 | Иқтисодиёт
Жорий йилнинг 7 апрель куни видеоконференция шаклида савдо-иқтисодий ва илмий-техникавий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон – Бирлашган Араб Амирликлари (БАА) Ҳукуматлараро комиссиясининг 4-йиғилиши бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков ва БАА иқтисодиёт вазири Абдуллоҳ бин Тук ал-Маррий Комиссия ҳамраисларидир.
Йиғилишда икки мамлакатнинг тегишли вазирликлари, идоралари, тармоқ бирлашмалари, инвестиция компаниялари ва савдо-саноат палаталари раҳбарлари ҳам иштирок этди.
Тадбир кун тартиби икки томонлама инвестиция, савдо-иқтисодий, молиявий-техник, маданий-гуманитар ҳамкорлик масалаларига оид кенг кўламли масалаларни қамраб олди.
Унинг давомида 2019 йилнинг март ойида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Бирлашган Араб Амирликларига ташрифи ва Ҳукуматлараро комиссиянинг 3-йиғилиши ўтказилиши мамлакатлараро ҳамкорликнинг тубдан янги, юқори босқичига кўтарилишига кучли туртки бўлгани таъкидланди. Шунингдек, эришилган келишувларнинг рўёбга чиқарилиши икки Давлат раҳбарларининг шахсий назоратида эканлиги ҳам икки томонлама муносабатларнинг стратегик хусусиятидан далолат бериши таъкидланди.
Йиғилишнинг асосий масалаларидан бири инвестициявий ҳамкорликни янада кенгайтириш чора-тадбирлари бўлди. Ўтган икки йил мобайнида инвестициявий ҳамкорликда салмоқли натижалар қулга киритилганлиги ва Бирлашган Араб Амирликларининг “Мубадала”, “Масдар”, Абу-Даби тараққиёт жамғармаси ва БААдаги бошқа нуфузли компаниялар билан “муваффақият ҳикоялари”ни яратишга эришилганлиги ҳам тилга олинди. Шу нуқтаи назардан, томонлар тўқимачилик саноати, мева-сабзавотни қайта ишлаш, заргарлик, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш соҳаларида юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотларни биргаликда ишлаб чиқаришга қаратилган қўшма инвестиция лойиҳалари сонини кўпайтириш учун саъй-ҳаракатларни амалга оширишга ўзаро тайёр эканлигини билдирди.
Хусусан, очиқ майдон ва иссиқхоналарда мева-сабзавот маҳсулотлари етиштиришдан тортиб, уларни сақлаш, қайта ишлаш ва суғориш инфратузилмасини ривожлантиришгача бўлган кенг кўламли ва юқори фойда келтирувчи лойиҳаларни назарда тутиб, қишлоқ хўжалигида инвестициявий шерикликни ривожлантириш бўйича таклифлар билдирилди.
Шунингдек, БАА ишбилармон доираларини Ўзбекистонда бошлаб юборилган хусусийлаштириш бўйича давлат дастурида иштирок этишга жалб қилиш имкониятлари кўриб чиқилди. Дастурга мувофиқ, хорижий инвесторларга саноат, кўчмас мулк, туристик объектлари ва бошқа активлар таклиф этилади.
Учрашув иштирокчилари икки томонлама ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари ва аниқ инвестиция таклифларининг тақдимотларини ўтказдилар. Улар таҳлил этилиб, келгусида рўёбга чиқарилишининг имкониятлари баҳоланди.
БАА инвесторларининг Ўзбекистоннинг тегишли давлат идоралари ва бизнес доиралари билан ҳамкорлик қилиш салоҳиятини ўрганиш ва турли соҳаларда энг истиқболли инвестиция лойиҳаларини аниқлаш борасида ўзаро муносабатларни фаоллаштиришга келишилди.
Шу нуқтаи назардан, томонлар вазифаси икки мамлакат ишбилармон доиралари ўртасида яқин ва самарали ҳамкорликни йўлга қўйишдан иборат бўлган Ўзбекистон – БАА ишбилармонлар Кенгашининг ташкил этилишини мамнуният билан кутиб олдилар ва унинг биринчи йиғилишини шу йилнинг июнь ойида ўтказишга келишиб олдилар.
Томонлар ўзаро савдо ҳажмини янада ошириш истиқболларига юқори баҳо бердилар – ўтган икки йил мобайнида икки мамлакат ўртасидаги савдо айланмаси бир ярим баробарга ошди. Жорий йилда Ўзбекистон илк бор «Gulfood» дунёдаги энг йирик озиқ-овқат ва ичимликлар кўргазмасида ўз миллий павильони билан иштирок этгани ва унда иштирокчилар ва меҳмонларнинг катта қизиқишини уйғотган 23дан ортиқ ўзбек ишлаб чиқариш компанияларининг маҳсулотлари намойиш этилгани таъкидланди.
Томонлар икки мамлакат масъул идоралари, жумладан, савдо-саноат палаталари, экспорт агентликлари ўртасида яқиндан ҳамкорлик қилишни йўлга қўийш ҳамда икки мамлакат бозорларида экспорт салоҳиятига эга товар ва хизматлар, уларнинг ишлаб чиқарувчилари ва бўлажак мижозлари тўғрисидаги ахборот билан мунтазам равишда алмашишни ташкил этиш орқали савдо айланмасини оширишга қаратилган ишларни давом эттиришга келишди. Тадбир иштирокчилари, шунингдек, икки томонлама савдо ҳажмини оширишга тўсқинлик қилувчи ғовларни аниқлаш ва уларни бартараф этиш юзасидан таклифлар тайёрлаш бўйича ишчи гуруҳ шакллантириш ҳамда жорий йилнинг апрель ойида гуруҳ аъзоларининг дастлабки музокараларини ўтказишга келишиб олди.
Алоҳида тартибда икки мамлакат ўртасида мунтазам юк ташиш парвозлар сонини ошириш, шунингдек, транспорт инфратузилмасини ривожлантириш ва модернизация қилиш бўйича йирик лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этишга БАА инвестицияларини жалб этиш орқали транспорт ва логистика соҳасидаги ҳамкорликни кучайтириш масалаларига тўхталди.
Йиғилиш доирасида 21 икки томонлама ҳужжатлар, жумладан, Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва Бирлашган Араб Амирликлари Атроф-муҳит ва иқлим ўзгариши вазирлиги ўртасида Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва биохилма-хиллик соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги Меморандум, Ўзбекистон –Бирлашган Араб Амирликлари Ишбилармонлик кенгаши фаолиятини ташкил этиш тўғрисидаги Битим, қишлоқ хўжалиги ва таълим соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан қатор битимлар, шунингдек, тўқимачилик маҳсулотлари, дуккакли, қуритилган ва янги узилган мева-сабзавот маҳсулотлари етказиб бериш бўйича экспорт шартномалари имзоланди.
Ўзбекистон – БАА Ҳукуматлараро комиссияси 4-йиғилишининг сўнгида якуний Баённома имзоланди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги