Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
ФИДE президенти «ИННОПРОМ»да иштирок этиш учун Тошкентга келди
2021-04-06 | Спорт
Халқаро шахмат федерацияси (ФИДE) президенти Аркадий Дворкович Ўзбекистонга келди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
ФИДE президенти кеча Тошкентдаги «Ўзэкспомарказ» Миллий кўргазмалар марказида очилган «ИННОПРОМ. Ўзбекистонда катта саноат ҳафталиги» халқаро саноат кўргазмасида Россия «Сколково» жамғармаси раиси сифатида ҳам иштирок этмоқда.
Ташриф доирасида фахрий меҳмон Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасида бўлиб, Ўзбекистон Бош вазирининг ўринбосари, мамлакат шахмат федерацияси раиси Азиз Абдуҳакимов билан учрашди.
Халқаро шахмат федерацияси президентига сўнгги йилларда мамлакатимизда жисмоний тарбия ва спортга, хусусан, шахматга алоҳида эътибор қаратилаётганлиги ҳақида маълумот берилди.
ФИДE президенти Аркадий Дворкович юртимизда шахматни ривожлантиришга қаратилган эътиборни юқори баҳолаб, ёш шахматчиларимизнинг халқаро майдонларда қозонаётган ғалабаларини эътироф этди. Қолаверса, иқтидорли ёш гроссмейстерлар ёрдамида Ўзбекистон яқин келажакда янада ёрқин ғалабаларни қўлга киритишига ишонч билдирди.
Шунингдек, мамлакатимизда шахматни ривожлантириш борасида ФИДE томони Ўзбекистон шахмат федерацияси билан амалий ҳамкорлик қилишга тайёр эканини маълум қилди.
Манба: “Дунё” ахборот агентлиги