Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Тошкентда “Иннопром. Ўзбекистонда катта саноат ҳафталиги” халқаро саноат кўргазмасининг очилиши бўлиб ўтди

2021-04-05 | Иқтисодиёт

Жорий йилнинг 5 апрель куни Тошкент шаҳридаги “Ўзэкспомарказ” Миллий кўргазмалар мажмуасида “ИННОПРОМ. Ўзбекистонда катта саноат ҳафталиги” халқаро саноат кўргазмаси ўз ишини бошлади. Ўзбекистонда илк бор ўтказилаётган мазкур кенг кўламли тадбир ташкилотчилари – Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳамда Россия Федерацияси Саноат ва савдо вазирлигидир.

Ўзбекистон, Россия, Франция, Германия, Чехия, Япония, Озарбайжон, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Арманистон ва бошқа мамлакатлар ҳукумат ва ишбилармон доиралари делегациялари қатнашаётган ушбу тадбирнинг бошланишигача унда иштирок этиш учун 5 мингдан ортиқ киши рўйхатдан ўтди. Кўргазманинг умумий майдони 12,5 минг квадрат метрни ташкил этиб, унда дунёнинг 20 мамлакатидан 300 дан ортиқ компаниялар қатнашмоқда. Кўргазма дастури доирасида 15 га яқин кенг қамровли тадбирлар ва 200 дан ортиқ бизнес-учрашувлар ташкил этиш режалаштирилган.

Кўргазма мақсадлари – халқаро саноат кооперациясини кучайтириш, илғор технологиялар ва инновацияларга асосланган қўшилган қиймат занжирларини яратиш ҳамда турли мамлакатлардан келган ишбилармон доиралари вакиллари ўртасида узоқ муддатли шериклик муносабатларини ўрнатиш.

Кўргазманинг асосий бўлимлари орасида транспорт ва энергетика, шаҳарлар учун саноат IT-технологиялари, тиббий асбоб-ускуналар ва фармацевтика, металлургия ва полимер материаллар, шунингдек, енгил саноат ҳам бор.

Тадбирнинг биринчи кунида “Жаҳон саноат ишлаб чиқариш соҳаси ўсиш драйверларини аниқламоқда” мавзусида асосий ялпи мажлис бўлиб ўтди, унда иштирокчи давлатлар делегациялари раҳбарлари, йирик хорижий компаниялар, бизнес уюшмалари ва илмий-ишлаб чиқариш бирлашмалари томонидан маърузалар қилинди. Иштирокчилар ўз иқтисодиётлари рақобатбардошлигини ошириш мақсадида уларни технологик ўзгартиришни рағбатлантириш мақсадида кўп томонлама ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилдилар. Шу нуқтаи назардан, халқаро саноат муносабатларини чуқурлаштириш ва саноат, илмий ва технологик ҳамкорликни ривожлантириш бўйича яқин алоқаларнинг аҳамияти ҳамда мазкур жараёнларда хусусий секторнинг фаол иштирокини таъминлаш зарурлиги қайд этилди.

Ўзбекистон делегацияси раҳбари ўз сўзида Республикада ижтимоий-иқтисодий ривожланиш ва иқтисодиётни эркинлаштиришни жадаллаштириш, тубдан янги инвестиция ва ишбилармонлик муҳитини яратиш, шунингдек, мамлакат иқтисодиётини жаҳон ҳамжамиятига янада интеграциялашга қаратилган кенг кўламли ишлар олиб борилаётганини алоҳида таъкидлади.

Шунингдек, сўнгги йилларда Ўзбекистонда изчил саноатлаштириш тенденцияси кузатилаётгани қайд этилди – ўтган 4 йил мобайнида республика ЯИМда саноатнинг улуши 26,6% дан 35,5% га, айрим тармоқларда эса саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 10 баробардан зиёд ошди.

Ялпи мажлисда “ўсиш нуқталари” деб аталувчи энг истиқболли тармоқларга алоҳида эътибор қаратилди. Улардан фойдаланиш Евроосиё минтақасида халқаро саноат кооперациясини ривожлантириш ва қўшма саноат корхоналари сонини оширишга сезиларли туртки беради.

Юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқаришга йўналтирилган инновацион ишланмалар асосида юқори технологияли қўшма корхоналар ташкил этишга қаратилган 50 истиқболли инвестиция лойиҳаси тақдимотлари иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди.

Ялпи мажлис якунида ковиддан кейинги даврда саноатни ривожлантиришнинг устувор йўналишлари ва истиқболли механизмлари, савдо-иқтисодий алоқаларни тиклаш йўллари, иқтисодий ўсиш драйверлари сифатида саноат инновацияларини жорий этиш имкониятлари, хусусан, Ўзбекистоннинг шериклик ва инвестициялар учун очиқ мамлакат сифатида унинг инвестициявий ва саноат салоҳияти ҳақида конструктив фикр алмашилди.

Сессия якунида расмийлар кўргазмани кўздан кечирди. Унда делегациялар раҳбарлари Ўзбекистон, Россия ва бошқа мамлакатларнинг йирик корхоналари томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотлар кўргазма стендлари билан танишиш имконига эга бўлди.

Бундан ташқари, бизнес дастури доирасида “Ўзбекистон – Россия: саноат соҳасидаги мулоқот” Ҳудудлараро форумини ўтказиш режалаштирилган бўлиб, унда Ўзбекистон ва Россия ҳудудий маъмуриятлари, ҳудудий Савдо-саноат палаталари ва компаниялари раҳбарлари ҳудудлараро инвестициявий, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ҳамкорликнинг долзарб масалаларини муҳокама қиладилар, истиқболли инвестиция лойиҳаларини тақдим этадилар ва хорижий инвесторлар билан тажриба алмашадилар.

6 ва 7 апрель кунлари иштирокчи мамлакатларнинг бизнес ва таълим доиралари иштирокида “Рақамли ишлаб чиқариш”, “Машинасозликда қўшма лойиҳалар”, “Ўзбекистонда халқаро ишлаб чиқариш лойиҳаларини молиялаштириш”, “Шаҳарлар учун технологиялар”, “Энергетикада инновациялар”, “Коронавирус пандемияси оқибатларини бартараф этиш контекстида ЕОИИ фармацевтика бозорини ривожлантириш” махсус сессиялар, мавзули давра суҳбатлари ва учрашувлар ташкил қилинади.

Манба: Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги

Поделиться