Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Бирлашган Араб Амирликларининг “Масдар” компанияси Навоий вилоятида қураётган қуёш фотоэлектрик станциясининг барпо этилиши ўрганилди
2021-04-03 | Иқтисодиёт
Жорий йилнинг 2 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков Бирлашган Араб Амирликларининг “Masdar” компанияси Бош директори Муҳаммад Джамил ал-Рамаҳи билан биргаликда Навоий вилоятининг Кармана туманида Ўзбекистоннинг биринчи 100 МВтлик фотоэлектрик станциясининг қурилишини жойига бориб ўрганди.
Бирлашган Араб Амирликлари инвестори томонидан ташкил этилган ва лойиҳа оператори ҳисобланган “Nur Navoi Solar” компаниясининг ишлаб чиқариш участкасига ташриф чоғида томонлар объектда 2020 йилнинг учинчи чорагида бошланган қурилиш-монтаж ишларининг бориши, эришилган ютуқлар ва яқин истиқболдаги режалар билан танишдилар.
Айни пайтда умумий майдони 268 гектар бўлган объектда технологик ускуналар, панеллар, инвертор ва трансформаторлар ўрнатиш ишлари олиб борилмоқда. Фотоэлектрик станцияси жорий йилнинг 1 сентябрда ишга туширилиши кутилмоқда.
Лойиҳа доирасида Бирлашган Араб Амирликларининг жалб этилган тўғридан-тўғри инвестициялари ҳажми қарийб 100 млн долларни ташкил этади. Фотоэлектрик станциясининг ишга туширилиши йилига 260 млн кВт⋅соат миқдорида электр энергиясини ишлаб чиқаришни таъминлайди.
Эслатиб ўтамиз, 2019 йилнинг 4 октябрь куни Бирлашган Араб Амирликларининг мазкур компанияси қуёш энергетикаси соҳасида давлат-хусусий шерикликка (ДХШ) асосланган лойиҳага инвестицияларни жалб этиш учун хорижий инвесторни танлаш бўйича Ўзбекистон тарихида биринчи маротаба тендер ғолиби бўлди. “Masdar” дунёдаги энг паст тарифлардан бирини, яъни 1 кВт⋅соат учун 2,67 АҚШ центи даражасида тарифни таклиф қилди. 2019 йилнинг ноябрь ойида Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги билан имзоланган инвестиция битимига кўра, “Masdar” фотоэлектрик станциясини лойиҳалаш, молиялаштириш ва қуриш ҳамда 25 йил давомида ундан фойдаланиш бўйича мажбуриятларни ўз зиммасига олган.
Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигига тегишли ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва тендер савдоларни ўтказишда маслаҳатчи сифатида Халқаро Молия Корпорацияси (ХМК) жалб этилди. Тендер савдоларида турли мамлакатлардан 40дан ортиқ компаниялар иштирок этди.
Ташриф якунлари бўйича томонлар лойиҳанинг сифатли ва ўз вақтида амалга оширилиши учун навбатдаги тадбирларни муҳокама қилдилар ва фотоэлектрик станциясини қуриш ва ишга тушириш жараёнида юзага келиши мумкин бўлган масалаларни ҳал қилишда ҳар томонлама ёрдам кўрсатишга содиқликларини билдирдилар.
Манба: Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги