Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Фарғона ва Наманган вилоятларида инвестиция ва экспорт фаолияти масалалари муҳокама қилинди

2021-04-03 | Иқтисодиёт

Жорий йилнинг 1 апрель куни видеоконференция шаклида Бухоро шаҳридаги студиядан Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари С.Умурзаков раҳбарлигида Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йилнинг февраль ойида Фарғона ва Наманган вилоятларига ташрифи чоғида берилган топшириқлар ижросини ҳамда ушбу ҳудудларда инвестиция ва ташқи савдо фаолияти масалаларини ўрганишга бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Давлат раҳбарининг Фарғона ва Наманган вилоятларига ташрифи якунлари бўйича тасдиқланган тегишли Баённомалар мос равишда 199 ва 230 та кўрсатмаларни ўз ичига олади. Йиғилиш давомида уларни амалга оширишнинг ҳозирги ҳолати кўриб чиқилди, бажарилган тадбирлар юзасидан ҳисоботлар тингланди, шунингдек, мавжуд масалаларни ҳал этиш ва белгиланган вазифаларни сўзсиз ижро этиш юзасидан аниқ муддатлар ва кутилаётган натижалардан иборат таклифлар билдирилди. Инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ва иш ўринлари яратиш билан боғлиқ топшириқларни кечиктириб ижро этгани учун бир қатор масъул раҳбарларга нисбатан интизомий чоралар кўрилди.

Вазирлар Маҳкамасининг тегишли комплексига ва Инвестиция лойиҳаларининг амалга оширилиши ва ташқи савдони мониторинг қилиш инспекциясига ушбу кўрсатмаларнинг босқичма-босқич бажарилишини назорат қилиш ҳамда тегишли ҳисоботларни мунтазам равишда киритиб бориш топширилди.

Шунингдек, йиғилишда Фарғона ва Наманган вилоятларида ҳудудий инвестиция дастурларининг бажарилишини кўриб чиқилди. 2021 йилда Фарғона вилоятида умумий қиймати 7,3 трлн сўм тенг бўлган 879 та лойиҳа ҳаётга татбиқ этилиши ва шунинг ҳисобига 20 мингдан ортиқ янги иш ўрни яратилиши, Наманган вилоятида эса 13,8 трлн сўмлик 1 646 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилиши ва 46,2 минг янги иш ўрни яратилиши режалаштирилганлиги қайд этилди. Тасдиқланган лойиҳаларни сифатли ва ўз вақтида рўёбга чиқариш учун тармоқлар, тижорат банклари ва маҳаллий ҳокимликлар раҳбарларига шахсий жавобгарлик юклатилди.

Лойиҳаолди босқичида инвестициявий лойиҳаларни баҳолаш тизимини жорий этиш зарурлиги тилга олинди. Бу иқтисодий самаранинг энг юқори кўрсаткичларига эга лойиҳавий таклифларни танлаш имконини беради. Бунда, хусусан, ишлаб чиқариш ҳажми, экспорт салоҳияти, яратилаётган иш ўринлари сони, қўшилган қиймат миқдори, шунингдек, ишлаб чиқарилган маҳсулотларга ички ва ташқи бозорларда бўлган талаб ҳисобга олинади.

Алоҳида тартибда ташқи савдо фаолияти масалалари кўриб чиқилди. Мутасадди раҳбарлар тармоқлар кесимида жорий экспорт кўрсаткичлари ҳақида маълумот бериб, қатор муаммоли масалаларни кўтардилар ва ушбу ҳудудларда экспортни ривожлантиришни янада рағбатлантириш бўйича амалий чора-тадбирлар тўғрисидаги таклифларни илгари сурдилар. Шу нуқтаи назардан, юзага келаётган масалаларни тезкор аниқлаш ва ҳал этиш тизимини йўлга қўйиш мақсадида тадбиркорлар ва экспортчилар билан узлуксиз мулоқотни йўлга қўйишнинг муҳимлиги қайд этилди.

Йиғилиш якунида вазирликлар, идоралар, тармоқ бирлашмалари, тижорат банклари ва маҳаллий ҳокимликлар раҳбарлари мавжуд камчиликларни қисқа муддатларда бартараф этиш юзасидан аниқ кўрсатмалар олдилар.

Манба: Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги

Поделиться