Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Вазир Раҳмат Маматов чегара ҳудуддаги маҳаллаларда
2021-04-02 | Жамият
Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири Раҳмат Маматов бугун Бухоро вилояти Олот туманига ташриф буюрди ҳамда ҳудудда олиб борилаётган кенг кўламли ишлар билан атрофлича танишди.
Дастлаб туманнинг чегара ҳудудида жойлашган “Арабхона” маҳалла фуқаролар йиғинида бўлиб, янгидан қурилаётган маҳалла маркази ҳамда “Оилавий шифокорлик пункти” биносида олиб борилаётган қурилиш-таъмирлаш ишларининг боришини кўздан кечирди.
Вазир Р.Маматов “Арабхона” маҳалла фуқаролар йиғинига мурожаат билан келган хотин-қизлар билан учрашув давомида билдирилган масалаларни ҳал қилиш юзасидан тегишли ташкилот масъулларига зарур топшириқлар берди.
Ушбу маҳаллада ҳозирги вақтда 2 018 нафар аҳоли истиқомат қилади. Ҳудудда олиб борилган ўрганишлар давомида ишсиз фуқаролар бандлигини таъминлаш, эҳтиёжманд оилаларга чорва моллари олиб бериш, субсидия асосида иссиқхоналар қуриб бериш ҳисобига уларни даромад манбаи билан таъминлаш бўйича зарур чоралар кўрилди.
Ташриф давомида туманнинг чегара ҳудудида жойлашган “Қирлишон” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида олиб борилаётган ободонлаштириш, аҳолининг шахсий томорқа ерларидан фойдаланиш, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари” ҳамда “Темир дафтар” га киритилган фуқаролар билан ишлаш тизими ҳам атрофлича ўрганилди.
715 нафар аҳоли истиқомат қиладиган маҳалладаги хотин-қизлар ва ёшларнинг аниқланган муаммоларини ўрнатилган тартибда ҳал этиш чоралари кўрилди.
Вазир Р.Маматов томонидан Олот туманида олиб борилган ўрганишлар давомида ҳудудда “маҳаллабай” ишлаш тизимини янада такомиллаштириш, мавжуд муаммоларни ҳал қилиш ҳамда шахсий томорқа ерларидан унумли фойдаланишлари учун аҳолига зарур ёрдам кўрсатиш бўйича тумандаги мутасадди ташкилотлар вакилларига керакли тавсиялар бериб ўтилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирлиги