Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
“Ташқи меҳнат миграцияси тўғрисида”ги қонун лойиҳаси муҳокама қилинди
2021-04-01 | Жамият
Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигида Ўзбекистон Республикасининг “Ташқи меҳнат миграцияси тўғрисида”ги қонуни лойиҳаси юзасидан муҳокама йиғилиши ўтказилди.
Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари, Олий суд, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш, Молия, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш, Олий ва ўрта махсус таълим, Соғлиқни сақлаш, Транспорт, Адлия вазирликлари вакиллари ва бошқа ташкилотлар масъул ходимлари иштирок этди.
Йиғилишда таъкидланганидек, сўнгги йилларда мамлакатимизда ташқи меҳнат миграцияси соҳасига алоҳида эътибор қаратилиб, Президентимиз томонидан 2020 йил 11 август ва 15 сентябрда қабул қилинган қарорлари ички ва ташқи меҳнат бозорининг самарали механизмларини жорий қилиш, аҳолининг ишчанлик фаоллигини ошириш, камбағал ва ишсиз фуқароларни замонавий касб-ҳунар ва тадбиркорлик кўникмаларига ўқитиш, шу асосда уларни доимий даромад келтирадиган меҳнат ва тадбиркорлик фаолиятига жалб қилиш ҳамда хорижий иш берувчилар талаблари асосида касбга ва хорижий тилларга ўқитиш орқали иш билан таъминлаш механизмларини йўлга қўйишга хизмат қилмоқда.
Соҳада кузатилган кўп йиллик муаммолар чуқур таҳлил қилиниб, ташкиллаштирилган меҳнат миграцияси улушини ва географиясини кенгайтириш, хориждаги ватандошлар ташкилотлари, юридик ташкилотлар билан биргаликда оғир вазиятда ишсиз, бошпанасиз қолган ва ҳақ-ҳуқуқлари камситилаётган меҳнат мигрантларини қўллаб-қувватлаш, ташқи меҳнат бозори истиқболларини ўрганиш орқали фуқароларни касб-ҳунар ва хорижий тилларга ўқитиш тизимини йўлга қўйишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
“Ташқи меҳнат миграцияси тўғрисида”ги қонуни лойиҳасида Ташқи меҳнат миграцияси соҳасидаги асосий принциплар, соҳадаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари, халқаро ҳамкорлик, давлат органларининг ташқи меҳнат миграцияси соҳасидаги ваколатлари, фуқароларнинг Ўзбекистон Республикасидан ташқаридаги меҳнат фаолиятига доир ҳуқуқлари, меҳнат мигрантларини қўллаб-қувватлаш ва улар тўғрисидаги маълумотларнинг махфийлигини таъминлаш ва бошқа масалалар кўзда тутилмоқда.
Йиғилишда шунингдек, “Хусусий бандлик агентликлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар уларнинг фаолиятини янада тўғри ташкил этишда муҳим омил бўлаётганига алоҳида эътибор қаратилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги