Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Азиз Абдуҳакимов хорижий элчи ва дипломатик корпус вакиллари билан учрашди
2021-03-31 | Туризм
Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов таклифига биноан Ўзбекистондаги хорижий мамлакатларнинг фавқулодда ва мухтор элчилари ҳамда дипломатик корпус вакиллари билан Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси биносида учрашув ташкил этилди.
Тадбирда Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Япония, Исроил, Малайзия, Япония, Индонезия, Бирлашган Араб Амирликлари, Миср, Покистон, Ҳиндистон, Эрон, Корея, Озарбайжон ва Италия каби давлатларнинг элчилари ва дипломатик вакиллари иштирок этишди.
Учрашув аввалида Бош вазир ўринбосари, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов томонидан мамлакатлар ўртасидаги алоқаларни, жумладан, туризм, маданий мерос ва спорт соҳаларини ҳар томонлама ривожлантириш йўлидаги доимий ҳамкорлик ва саъй-ҳаракатлар учун самимий миннатдорлик билдирилди.
Меҳмонлар Ўзбекистон ҳукумати томонидан пандемия оқибатларини юмшатиш ва туризм соҳасини қўллаб-қувватлаш баробарида тезкор қайта тиклаш ва янги ўсиш нуқталарини топишга доир амалга оширилаётган ишлар билан таништирилди. Бутун дунёдаги пандемия шароитида сайёҳлар хавфсизлигини таъминлаш муҳим омил эканлиги инобатга олиниб, хорижий элчиларга республикамизда жорий этилган янги “Uzbekistan. Safe travel GUARANTEED” санитар-эпидемиологик хавфсизлик тизими борасидаги тақдимот намойиш этилди.
Шунингдек, меҳмонлар Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Самарқанд шаҳрида ташкил этилган “Ипак йўли” халқаро туризм университети фаолияти ҳамда дипломатик ваколатхоналар раҳбарлари университетида ташкил қилинган туризмни ўрганиш ва тадқиқ этиш бўйича марказий кутубхона билан таништирилди. Меҳмонлар ўз мамлакатларида нашр этилган Ўзбекистон ва Марказий Осиё ҳақидаги турли китоб ва адабиётлар, қўлёзма нусхалари, тарихий хариталар ҳамда шу каби фойдали материаллар, хорижий давлатлар ҳақидаги муҳим адабиётларни кутубхонага тақдим қилиш шунингдек, мамлакат бурчагини ташкиллаштириш юзасидан ҳамкорликка тайёрлигини билдиришди.
Тадбир якунида томонлар туризм соҳасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, пандемиянинг соҳага зарарини камайтиришга доир ишлар бўйича маълумот алмашиб бориш юзасидан музокаралар олиб боришди. Хорижий мамлакат вакиллари томонидан эса билдирилган ташаббуслар ва лойиҳалар юзасидан ҳамкорликни жадаллаштиришга тайёр эканлиги маълум қилинди.
Маълумот ўрнида: университетда сўнгги уч йилда Ўзбекистондаги энг инноватсион ва замонавий таълим тизими йўлга қўйилган бўлиб, ўз мавқеини сезиларли даражада мустаҳкамлади. Халқаро профессор-ўқитувчиларни жалб қилган ҳолда талабаларнинг малакали таълим олиши учун энг замонавий ва долзарб ўқув материалларини тақдим этишга доир кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Туризм ва маданий мерос вазирлиги