Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Уй-жой қуриш ва аҳолини уй-жой билан таъминлаш устидан жамоатчилик назорати ўрнатилади
2021-03-31 | Жамият
Олий Мажлис Сенати Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси томонидан “Уй-жой қурилиши ва ипотека бозорини ривожлантиришга доир устувор вазифаларнинг амалга оширилишида “Халқпарвар” комиссиянинг роли” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.
Давлатимиз раҳбари раислигида 2021 йил 3 март куни уй-жой қурилиши ва ипотека бозорини ривожлантириш чора-тадбирлари бўйича бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида аҳолини уй-жой билан таъминлаш бўйича ижтимоий уй-жой қуриш ва ижарага бериш, ипотека кредити шартларини енгиллаштириш ва биринчи бадал учун субсидиялар ажратиш бўйича вазифалар белгиланган эди.
Давра суҳбатида мазкур чора-тадбирлар махсус дастурининг масъул вазирлик ва идоралар томонидан ижро этилиши ҳамда мазкур соҳада парламент ва жамоатчилик назоратининг олиб борилиши муҳокама қилинди.
Йиғилишда қайд этилганидек, 2021 йилда 54 минг оилани уй-жой билан таъминлаш мўлжалланмоқда. Давлат ипотека дастури асосида 45 мингта уй қурилади. Мана шундай ҳажмдаги қурилиш ишларини амалга ошириш мақсадида давлат бюджетидан 11 триллион 500 миллиард сўм маблағ ажратилади. Бу 2020 йилда йўналтирилган маблағлар билан ҳисоблаганда 4 баробарга кўп, дегани. Энг муҳими, барпо этилаётган янги турар-жой мажмуалари аҳолига мақбул шарт ва қулай имкониятлар асосида тақдим этилади.
Президентимизнинг 2021 йил 11 мартдаги тегишли фармони билан уй-жой қурилиши учун давлат томонидан ҳам аҳолига, ҳам қурувчиларга имтиёз ва қулайликлар яратиш назарда тутилган. Жумладан, Молия вазирлиги тижорат банкларига пул маблағларини ҳамда тижорат банклари аҳолига ипотека кредитларини 6 ойлик имтиёзли давр (мижознинг хоҳишига кўра) билан 20 йил (йигирманчи йилни ҳам қўшган ҳолда) муддатга ажратади.
– Шаҳар ва қишлоқларда ипотека кредитлари бўйича дастлабки бадал сотиб олинадиган квартира қийматининг 15 фоизидан кам бўлмаган миқдорда белгиланади, – дейди Молия вазирлиги департамент директори Фаррух Ботиров. – Бунда даромади юқори бўлмаган ва уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож фуқароларга ипотека кредити бўйича дастлабки бадалнинг бир қисмини қоплаш учун Давлат бюджетидан субсидиялар уй-жой ҳисобланган қийматининг 10 фоизи миқдорида ажратилади. Масалан, 300 миллион сўмлик уйнинг бошланғич бадали 45 миллион бўляпти. Паст даромадли аҳоли 5 фоизини тўлайди. Бу 15 миллион сўм, дегани. Бунда чўнтагида 15 миллион сўм бўлган аҳоли ҳам уйли бўлиши мумкин. Бу эса ойлик тўловларнинг камайишига ҳам олиб келади. Яъни, олдин ўртача тўлов 4,2 миллион бўлган бўлса, эндиликда 3,7 миллионга тушяпти. Шундан фуқаро тўлайдиган қисми 2,2 миллион сўмни ташкил қилади. Шунингдек, кредитлар Қорақалпоғистон Республикаси ва ҳар бир вилоятда 500 та, жами 6 минг 500 та якка тартибдаги уй-жойни қуриш (реконструкция қилиш) учун ипотека кредитининг энг кўп миқдорларидан ошмайдиган ва дастлабки бадали якка тартибдаги уй-жойни қуриш (реконструкция қилиш) ишлари қийматининг 15 фоизидан кам бўлмаган миқдорида, 6 ойлик имтиёзли давр билан 20 йил (йигирманчи йилни ҳам қўшган ҳолда) муддатга ажратилади.
Таъкидланганидек, даромади юқори бўлмаган ва уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож фуқароларга якка тартибдаги уй-жойларга ажратилган ипотека кредитлари бўйича дастлабки беш йил мобайнида фоиз ставкасининг 10 фоизлик пунктдан ошган қисмини қоплаш учун Давлат бюджетидан субсидиялар ажратилади.
2021 йил 1 июндан бошлаб ипотека кредити бўйича дастлабки бадал ва фоиз тўловларининг бир қисмини қоплаш учун субсидиялар тўлашнинг соддалаштирилган тартиби жорий қилинади ва фуқаролар томонидан субсидия олиш учун аризалар йил давомида топширилиши мумкин. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан Давлат бюджети параметрларида давлатимиз раҳбари топшириқларига асосан ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш учун назарда тутилган маблағлар ҳисобидан мингта квартира сотиб олиниши белгиланди.
Бу квартиралар уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож бўлган фуқаролар, шу жумладан, хотин-қизлар сотиб олинган уй-жойларга давлат уй-жой фондидаги турар жойларни ижарага бериш тартибига мувофиқ жойлаштирилади.
Бундан ташқари, уй-жойлар қурилишида назорат механизми ишлаб чиқилиб, вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари қурувчилар билан бирга, маҳаллий Кенгашларда ҳамда оммавий ахборот воситалари орқали халққа ҳар ойда ҳисобот бериши белгилаб қўйилган.
Фармонда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ижтимоий ҳамкорликни янада кучайтириш, компенсация, субсидия ва давлат томонидан тақдим этиладиган бошқа имтиёзларни адолатли тақсимлаш ҳамда улардан самарали фойдаланиш мақсадида ҳудудларда сенаторлар, депутатлар ва жамоат фаоллари иштирокида “Халқпарвар” комиссияларини ташкил этиш тўғрисидаги таклифи маъқулланган.
Олий Мажлис Сенати Кенгашининг тегишли қарори билан уй-жой қурилиши ва ипотека бозорини ривожлантиришга доир устувор вазифаларнинг амалга оширилиши устидан парламент ва жамоатчилик назорати ўрнатилиб, халқ депутатлари туман ва шаҳар Кенгашлари ҳузуридаги “Халқпарвар” комиссия намунавий таркиби ҳамда намунавий Низоми тасдиқланди.
“Халқпарвар” комиссияси маҳаллий ҳокимликлар ҳамда масъул давлат идораларининг уй-жойлар қуриш учун ер участкаларини ажратиш, қурилиш ишларини ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш, субсидия тўланадиган фуқароларни танлаб олиш бўйича ишларни амалга оширади. Шу билан бирга, уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож бўлган фуқаролар рўйхатини шакллантириш фаолияти устидан жамоатчилик назоратини ўрнатиш ҳамда мазкур соҳада бюрократия, сансалорлик ва бошқа маъмурий тўсиқларнинг олдини олишга қаратилган аниқ чораларни кўради.
Давра суҳбатида шунингдек, кун тартибидаги масалалар юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Нурилло НАСРИЕВ
Манба: ЎзА