Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Синхрон сузиш бўйича Ўзбекистон чемпионатида содир бўлган ҳолат юзасидан расмий баёнот
2021-03-24 | Спорт
Пойтахтимиздаги Республика Олимпия захиралари коллежи сув ҳавзасида синхрон сузиш бўйича Ўзбекистон чемпионати бўлиб ўтди.
Таъкидлаш жоиз, 2021 йил бошидан бери сув спорти турлари (сузиш, синхрон сузиш, сув полоси, сувга сакраш) бўйича бир қанча Ўзбекистон чемпионатлари ҳамда миллий терма жамоаларнинг ўқув-машғулот йиғинлари Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги томонидан ўз вақтида ўтказилди ва молиялаштирилди.
Шу йилнинг 15-18 март кунлари РОЗКда бўлиб ўтган синхрон сузиш бўйича Ўзбекистон чемпионати ғолиб ва совриндорларини тақдирлаш жараёнида айрим сабабларга кўра ғолиб спортчиларга медаллар ўз вақтида топширилмади.
Мазкур ҳолат Жисмоний тарбия ва спорт вазирининг биринчи ўринбосари Равшан Эрматов бошчилигида вазирликнинг тегишли бошқарма мутасаддилари, Сув спорти турлари бўйича Республика олий спорт маҳорати мактаби ҳамда Ўзбекистон сузиш федерацияси вакиллари иштирокида муҳокама қилинди.
Унда вазирлик масъул ходимлари, Сув спорти турлари бўйича Республика олий спорт маҳорати мактаби ҳамда Ўзбекистон сузиш федерациялари томонидан ушбу муаммони
ўз вақтида бартараф этиш чоралари кўрилмаганлиги кескин танқид қилинди.
Камчиликка йўл қўйган масъулларга тегишли интизомий жазо чоралари қўлланилди.
Шунингдек, келгусида бу каби ҳолатлар такрорланмаслиги юзасидан қатъий назорат ўрнатилиши лозимлиги таъкидланди.
Йиғилишда спортчи ҳаёти давомида бирон бир ютуққа эришиш учун йиллар давомида ўз устида ишлаши, меҳнат қилиши, ўз ҳаётини спортга бағишлаши, ҳар бир қўлга киритилган медаль эса спортчининг машаққатли меҳнатлари учун рағбат ҳисобланиши, шунингдек, ҳар бир спорт соҳасида хизмат қилаётган мутасадди ходимлар спортчиларнинг меҳнатини қадрлаши ва ҳурмат қилиши лозимлиги алоҳида қайд этилди.
Бугунги кунда синхрон сузиш бўйича Ўзбекистон чемпионати ғолиб ва совриндорлари учун медаллар тегишли вилоятларга юборилади ҳамда ҳудудий Жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси томонидан тақдирлаш маросимини юқори даражада ташкил этиш чоралари кўрилади.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги