Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Буюк аждодларимиз бой ҳарбий мероси ва миллий жанг санъати тарихини ўрганиш концепцияси. Жараён ва оралиқ натижалар тақдимоти
2021-03-23 | Хавфсизлик соҳаси
Инсоният тарихидан маълумки, бизнинг буюк халқимизни шараф билан тилга олиниши учун миллий моддий ва маънавий қадриятларимизга айланган бой меросимиз бор.
Жорий йилнинг 12 январь куни Қуролли Кучлар Академиясида Хавфсизлик Кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида Президентимиз, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Миромонович Мирзиёев томонидан миллий ҳарбий меросимизнинг жаҳонда тутган ўрни, миллий ҳарбий санъат тарихи, Жалолиддин Мангуберди, Амир Темур, Шоҳруҳ Мирзо, Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг ҳарбий бошқаруви ва саркардалик маҳорати, стратегия ва жанг тактикасини чуқур ўрганиб, таълим – тарбия жараёнида кенг фойдаланиш бўйича топшириқлар берилган эди. Чунки миллий жанг санъати тарихини билмасдан туриб, жаҳон жанг санъати намуналарини ўрганиб бўлмайди.
Қуролли Кучлар Академиясида буюк аждодларимизнинг бой ҳарбий меросини ўрганиш бўйича олиб борилаётган тизимли тадқиқотлар ва “Ўзбек миллий жанг санъати” номли китобни яратиш жараёни билан яқиндан танишиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат маслаҳатчиси Абдужабар Абдувахитов иштирокида илмий семинар ташкил этилди.
Семинарда мудофаа вазирининг тарбиявий ва мафкуравий ишлар бўйича ўринбосари полковник Ҳамдам Қаршиев, республикамизнинг таниқли тарихчи олимлари, Фанлар Академияси Тарих институти, Ўзбекистон давлат шарқшунослик университети, Қуролли Кучлар Академияси илмий-тадқиқотлар институти профессор-ўқитувчиларидан таркиб топган ижодий гуруҳ фаолиятининг бирламчи натижалари кўриб чиқилди. Бу тадқиқот иши, истиқболга йўналтирган ишлар қаторига кириб, бўлажак офицерларимизга ҳарбий-касбий компетенцияларни шакллантириш учун хизмат қилиши назарда тутилган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг давлат маслаҳатчиси яратилаётган илмий асар юзасидан ўз тавсияларини бериб, тадқиқотларда цивилизацион-сулолавий ёндашув асосида, яъни ҳар бир сулоланинг жанг санъатини ривожланишига қўшган ҳиссасини халқчил тилда баён этиш лозимлигини, аниқ тарихий далилларни илмий талқинига алоҳида эътибор қаратишни таъкидлади. Шу билан бирга яратилган илмий-оммабоп китобни мамлакатимизнинг нуфузли тадқиқот институтлари томонидан тақризлашни амалга ошириш, бу йўналишда олиб борилаётган тадқиқотлар натижалари асосида илмий семинарлар ва матбуот анжуманларини ташкил этиш, илмий мақолалар чоп этиш, миллий ҳарбий меросни ўрганишдек улкан ишда, хорижий мутахассислар, чет давлатлар музей ва архивларидан тарихий манбаларни келтириш борасида республикамизнинг тегишли вазирлик ва идоралари билан ҳамкорлик қилиш тавсия этилди.
Қуролли Кучлар Академияси бошлиғининг илмий ишлар бўйича ўринбосари, фалсафа фанлари доктори, профессор Рустам Самаров ижодий гуруҳ томонидан олиб борилаётган илмий изланишларнинг бирламчи натижалари тўғрисида тақдимот қилиб, “Ўзбек миллий жанг санъати” китобини яратишда “тўрт концепт” замонавий модели асосида миллий ҳарбий мерос намуналари ўрганилаётганлигини таъкидлаб ўтди.
Биринчи концепт: Туронда, Мовароуннаҳрда, Туркистонда ва Ўзбекистонда жанг санъатининг шаклланиши ва ривожланишини баён этиш тарзида.
Иккинчи концепт: Сулолавий ёндашув асосида, яъни ҳар бир сулоланинг жанг санъати ривожланишига қўшган ҳиссасини баён этиш тарзида.
Учинчи концепт: Шахсий-фаолиятли ёндашув асосида, яъни тарихий шахсларнинг ҳарбий саркардалик фаолияти, уларнинг жасоратлари намунасини (тактика ва стратегия контекстида) баён этиш тарзида.
Тўртинчи концепт: Тарихий-маданий ёндашув концепцияси асосида: ғалаба қозониш маҳорати, қурол-аслаҳаларни яратиш ва такомиллаштириш, қўшин тузиш – бу мудофаа тафаккурини ҳосиласи эканлигини баён этиш.
Таъкидлаш жоизки, яратилаётган ҳарбий-илмий асар концепция тузилмаси тарихчи олимларда жуда катта қизиқиш уйғотди. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Тарих институти ректори ўринбосари Шерзодхон Маҳмудов томонидан “Ўзбек миллий жанг санъати” номли китобни тайёрлаш жараёнида Ўзбекистоннинг янги тарих асарини яратаётган тарихшунос олимлар билан ижодий ҳамкорлик қилиш, улар билан маълумотларни тизимлаштириш асосида баҳс-мунозаралар ўтказиш таклифи киритилди.
Айниқса, ижодий гуруҳ фаолиятига АҚШ Қуролли Кучлари Қўмондонлик-штаб коллежи етакчи мутахассиси, тарих фанлари доктори Роберт Бауманн ҳам ўзининг илмий изланишлари натижаси билан ҳисса қўшаётганлиги, олиб борилаётган тадқиқотларнинг кенг қамровли эканлигидан дарак беради.
Шунингдек, илмий семинар доирасида профессор Р.Самаров томонидан академияда буюк аждодларимизни тасвирловчи мавзувий ўқув хоналар жиҳозланаётганлиги, офицерлар томонидан магистрлик ва докторлик диссертациялари тайёрланаётганлиги, ижодий гуруҳ аъзолари томонидан излаб топилган барча тарихий манбалар жамланиб, ҳарбий стратегия ва тактика, қурол-аслаҳалар, разведка, муҳандислик, фронторти таъминот эволюцияси нуқтаи назаридан таҳлил қилиб борилиши ҳақида маълумот берилди.
Хулоса сифатида таъкидлаш жоизки, Қуролли Кучлар Академияси ҳарбий-илмий жамоатчилиги Президентимиз томонидан қўйилган ушбу муҳим вазифани республикамизнинг таниқли олимлари билан ҳамкорликда муваффақиятли тарзда бажариш йўлида изланишлар олиб бормоқда.
Буюк аждодларимизнинг бой ҳарбий меросини ўрганиб, миллий жанг санъати тарихини яратиш бизнинг давлатдорчилигимиз тарихини ҳарбий фаолият бобидаги жиҳатларини бойитиш учун хизмат қилади. Ҳарбий-илмий тадқиқот натижалари Ватанимиз мустақиллигининг 30 йиллиги тўйига муносиб совға бўлади ҳамда ҳарбий илм-фанни ривожлантириш, ҳарбий илмий мактабимизни яратишга қўшган салмоқли ҳиссамиз бўлади, деган умиддамиз.
Полковник Азизжон ТОИРОВ, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари Академияси Илмий-тадқиқотлар институти бўлим бошлиғи
Манба: Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги