Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Хорижий давлат ва ҳукумат раҳбарлари Ўзбекистон Президентини Наврўз байрами билан табрикламоқда
2021-03-22 | Сиёсат
Наврўз байрами муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев номига хорижий давлатлар ва ҳукуматлар, етакчи халқаро ташкилотлар раҳбарлари, таниқли давлат ва жамоат арбобларидан самимий қутловлар келмоқда.
Қутловларда мамлакатимизда барқарор тараққиётни таъминлаш, аҳоли турмуш даражаси ва сифатини ошириш, юртимизнинг халқаро майдондаги нуфузини мустаҳкамлаш мақсадида амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар ва янгиланишларда эришилган салмоқли ютуқлар ва катта муваффақиятлар алоҳида қайд этилган.
Ўзбекистоннинг кўп миллатли халқига тинчлик-осойишталик, фаровонлик ва равнақ тилаклари изҳор этилган.
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларига
Муҳтарам Президент жаноблари!
Хитой ҳукумати ва халқи номидан ҳамда ўз номимдан Сизни ва Сиз орқали Ўзбекистон ҳукумати ва халқини Ўзбекистоннинг анъанавий байрами Наврўз муносабати билан самимий муборакбод этишга ижозат бергайсиз.
Сизнинг қатъий раҳбарлигингиз остида кейинги йилларда Янги Ўзбекистонни барпо этиш жадал давом эттирилмоқда, давлатни ривожлантиришнинг барча йўналишларида ажойиб муваффақиятларга эришилмоқда, бундан эса Ўзбекистоннинг яхши қўшниси ва ҳар томонлама стратегик шериги сифатида Хитой самимий қувонмоқда.
Мен Хитой-Ўзбекистон муносабатларини ривожлантиришга катта эътибор қаратмоқдаман ва Сиз билан биргаликда икки мамлакат ва халқ фаровонлиги йўлида икки томонлама муносабатларни янги тарихий шароитларда узлуксиз ривожлантириб боришга тайёрман.
Сизга мустаҳкамлам соғлик, давлатчилик фаолиятингизда катта муваффақиятлар тилайман.
Дўст Ўзбекистон халқига бахт-саодат ва фаровонлик тилайман.
Си Цзиньпин,
Хитой Халқ Республикаси Раиси
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларига
Ҳурматли Президент жаноблари!
Сизга ва Ўзбекистон халқига Наврўз тинч, бахтли ва фаровон бўлишини тилайман.
Афғонистонда урушга чек қўядиган, барқарор ва дипломатик ечимни таъминлайдиган тинчлик жараёнини қўллаб-қувватлаш борасидаги биргаликдаги ишларимизда Наврўз байрами бизга тинчлик ниҳоятда муҳим неъмат экани ҳақида эслатма бўлиб хизмат қилади.
Жорий йилда Ўзбекистон мустақиллигига 30 йил тўлади. Кейинги йилларда Сиз муҳим ислоҳотларни амалга оширдингиз ва менинг Администрациям бу муваффақиятни давом эттириш учун мамлакатингиз билан ҳамкорлик қилишга тайёр.
Биз, шунингдек, беш йил аввал Давлат котиби Жон Керри раҳбарлигида бошланган «C5+1» мулоқоти доирасидаги ҳамкорлик давом этишидан умидвормиз.
Сизга ва Ўзбекистон халқига шу янги йилда ва янги баҳор фаслида энг эзгу тилакларимни изҳор этаман.
Наврўз муборак!
Ҳурмат билан,
Жозеф Робинетт Байден,
Америка Қўшма Штатлари Президенти
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларига
Муҳтарам Шавкат Миромонович!
Баҳор айёми - Наврўз муносабати билан илиқ қутловларим ва самимий тилакларимни қабул қилгайсиз.
Ёрқин ҳаёт бошланишидан дарак берувчи муқаддас Наврўз тақдири ва ўтмиши муштарак бўлган қардош халқларимизга омад ва равнақ олиб келсин.
Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасидаги умумий маънавий қадриятлар ва дўстликка, стратегик шерикликка асосланган ўзаро манфаатли, кенг кўламли муносабатлар бундан буён ҳам жадал ривожланаверсин.
Фурсатдан фойдаланиб, Сизга, муҳтарам Шавкат Миромонович, мустаҳкам соғлик, масъулиятли фаолиятингизда муваффақиятлар, қардош ўзбек халқига эса тинчлик ва фаровонлик тилайман.
Нурсултон Назарбоев,
Қозоғистон Республикасининг
Биринчи Президенти – Элбоши
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларига
Муҳтарам Шавкат Миромонович!
Сизни ва юртдошларингизни Наврўз айёми билан чин дилдан муборакбод этаман.
Юксак маънавий қадриятларни ўзида мужассам этган ушбу файзли баҳорий байрам маънавий янгиланиш, бунёдкорлик ва уйғунликка чорлайди. Қалбларимизга илиқлик ва шодлик, бахт ҳисси ва ёрқин келажакка умид бағишлайди.
Бизнинг улуғ ва умумий меросимиз сифатида Наврўз Қозоғистон ва Ўзбекистон халқларининг дўстлик, биродарлик ва яхши қўшничилик ришталарини мустаҳкамлашда муҳим ўрин тутади, икки давлат стратегик шериклигини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Ушбу айём кунларида, муҳтарам Шавкат Миромонович, мамлакатингиз тараққиёти ва изчил ривожига қаратилган барча эзгу саъй-ҳаракатларингизга катта муваффақиятлар, қардош ўзбек халқига эса фаровонлик ва равнақ тилайман.
Наврўз ҳар бир хонадонга барака ва фаровонлик олиб келсин!
Ҳурмат билан,
Қасим-Жомарт Тоқаев,
Қозоғистон Республикаси Президенти
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларига
Муҳтарам Шавкат Миромонович, азиз қардошим!
Халқаро Наврўз айёми муносабати билан Сизга ва Сиз орқали қардош Ўзбекистон халқига самимий табрикларимни йўллашга ҳамда фаровонлик ва равнақ тилашга ижозат бергайсиз.
Бутун инсоният бой маданий меросининг ажралмас қисми сифатида эътироф этилган Наврўз байрами табиат уйғониши, тириклик тантанаси ва баҳор гўзаллигининг рамзи ҳисобланади. Ўзаро ҳурмат, тинчликсеварлик ва яхши қўшничилик анъаналарини ўзида мужассам этган ушбу файзли байрам халқларимиз ҳамжиҳатлиги ва дўстлигини мустаҳкамлашда алоҳида аҳамиятга эга.
Ушбу ажойиб айём Сиз ва қардош Ўзбекистон халқига бахт-саодат, шодлик ва янги зафарлар олиб келсин!
Чуқур ҳурмат ила,
Гурбангули Бердимуҳамедов,
Туркманистон Президенти
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларига
Ҳурматли Шавкат Миромонович!
Сизни ва биродар Ўзбекистон аҳлини халқаро Наврўз байрами билан самимий муборакбод этиб, энг эзгу тилакларимни йўллаш менга катта мамнуният бахш этади.
Аждодларимизнинг қадрли мероси бўлмиш қадимий Наврўз бугунги кунда Ер сайёрасининг турли бурчакларидаги миллионлаб одамлар учун баҳор, табиат уйғониши, ўзаро англашув ва ўзаро ҳурмат, бунёдкорлик ишлари ва эзгу ниятлар рамзи эканини таъкидлашдан мамнунман.
Аминманки, мамлакатларимиз ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорлик муносабатлар муборак Наврўзнинг барҳаёт анъаналарига таянган ҳолда бундан буён ҳам оғишмай ривожланиб боради, янги маъно ва мазмун билан бойиб, янада кенгаяди ва мустаҳкамланади.
Бугунги байрамона муҳитдан фойдаланиб, Сизга, азиз дўстим ва қардошимга мустаҳкам соғлик, бахт-саодат ва янги зафарлар, дўст Ўзбекистон халқига эса – тинчлик-осийшталик, фаровонлик ва равнақ тилайман.
Наврўз муборак!
Эмомали Раҳмон,
Тожикистон Республикаси Президенти
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларига
Муҳтарам Шавкат Миромонович!
Қирғизистон халқи номидан ва шахсан ўз номимдан Сизни ва бутун Ўзбекистон аҳлини баҳорий Наврўз айёми билан муборакбод этаман!
Аждодларимиз қадимдан ушбу байрамни яхши ўй ва эзгу ниятлар билан кутиб олганлар, келажакка умидларини Наврўз билан боғлаганлар.
Икки мамлакат ўртасидаги ўзаро ҳурмат ва дўстликка асосланган стратегик шериклик халқларимиз фаровонлиги йўлида бундан буён ҳам мустаҳкамланиб боришига қатъий ишонаман.
Сизга, муҳтарам Шавкат Миромонович, мустаҳкам соғлик ва фаолиятингизда муваффақиятлар, қардош Ўзбекистон халқига эса фаровонлик ва равнақ тилайман.
Ҳурмат билан,
Садир Жапаров,
Қирғиз Республикаси Президенти
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларига
Муҳтарам Шавкат Миромонович!
Ўз номимдан ва Озарбайжон халқи номидан Сизга ва Сиз орқали қардош Ўзбекистон халқига халқларимизнинг бой миллий маънавий меросини ўзида мужассам этган Наврўз байрами муносабати билан самимий тилакларимни изҳор этаман.
Табиатни уйғотувчи, одамларга янги кайфият улашувчи ушбу баҳорий байрам ўзаро англашув, дўстлик ва ҳамжиҳатликни тараннум этади.
Озарбайжон ва Ўзбекистон ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорлик Наврўзнинг эзгу қадриятларини юксак қадрлайдиган халқларимиз иродасига мувофиқ бундан буён ҳам кенгайиб, мустаҳкамланиб боришига ишонаман.
Ушбу файзли айёмда Сизга мустаҳкам соғлик, фаолиятингизга муваффақиятлар, қардош Ўзбекистон халқига эса – тинчлик ва равнақ тилайман.
Ҳурмат билан,
Илҳом Алиев,
Озарбайжон Республикаси Президенти
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларига
Муҳтарам Президент жаноблари, азиз қардошим!
Асрларга таянувчи чуқур илдиз отган муштарак анъанамиздан ўрин олган, баҳор ва янги бошланиш суюнчисини келтирувчи, қардошлик, тинчлик, бирлик ва бирдамлик тимсоли бўлмиш Наврўз байрами муносабати билан Сиз Жаноби Олийларини ва дўст, қардош Ўзбекистон халқини турк халқи ва шахсан ўз номимдан чин дилдан муборакбод этаман.
Тупроқдаги уйғониш орқали юракларда севгини, ўзаро мулоқотни, бирга яшаш иродасини мустаҳкамловчи Наврўз байрами ҳар йили бўлгани каби бу йил ҳам Болқонлардан тортиб Ўрта Шарққача, Анадўлудан Марказий Осиёгача бўлган кенг қамровли минтақада жўшқин равишда нишонланади.
СOVID-19 пандемияси туфайли ушбу мураккаб даврда Наврўз байрамининг нафақат мамлакатларимизга ва минтақамизга, балки бутун башариятга сиҳат-саломатлик, ҳаловат ва тинчлик олиб келишини тилайман.
Фурсатдан фойдаланиб, Сиз, Жаноби Олийларига соғлик, бахт ва муваффақият, дўст ва қардош Ўзбекистон халқига фаровонлик ва омонлик тилаб қоламан.
Режеп Таййип Эрдўғон,
Туркия Республикаси Президенти
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларига
Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва баракотуҳу.
Муҳтарам Президент Жаноби Олийлари!
Қадимий Наврўз, баҳор фасли ҳамда ҳижрий-шамсий 1400 йилнинг кириб келиши муносабати билан Сиз, Жаноби Олийларини ҳамда Ўзбекистон Республикасининг улуғ халқини чин юракдан табриклашдан бениҳоя хурсандман.
Баҳор моҳир бир рассом каби табиат кўксига расм солиб, ернинг қалби ва руҳига тириклик ва янгиланиш нафасини бағишлаб, тароват ва яшиллик тасвирини ер курраси узра ёймишдир. Умид ва қувонч бағишловчи ҳамда ғам-қайғудан халос этувчи меҳр-муҳаббатга тўла қадимий Наврўз янгиланиш ва янги қараш рамзидир.
Биз инсонлар ҳам табиат каби фасл янгиланиши билан қалбимиз ва руҳимизда баҳор кайфиятини жо этамиз, толиқиш ва холсизлик ғуборидан халос булиб, руҳ ва тафаккур тетиклиги ҳамда тан соғлиғи учун имкон ярата оламиз, деб умид қиламан.
Ўтган йилда бутун дунёда COVID-19 пандемияси тарқалиши ҳамда унинг кўплаб иқтисодий ва ижтимоий оқибатларининг гувоҳи бўлдик. Янги йилда мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорликни янада кенгроқ йўлга қўйиб, коронавирус инфекцияси тарқалишини назорат остига олиш ва тўхтатишга муваффақ бўламиз, Наврўз эса халқларимиз учун янги бир даврни бошлаб беради ҳамда дунёнинг барча мамлакатларига қувонч, барака, соғлик ва осойишталик олиб келади, деб умид қиламиз.
Қодир Аллоҳдан Сиз, Жаноби Олийларига, соғлик ва муваффақият, Ўзбекистон Республикаси халқига баракали ҳаёт ва фаровонлик тилаб қоламан.
Ҳасан Руҳоний,
Эрон Ислом Республикаси Президенти
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларига
Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва баракотуҳу.
Муҳтарам Президент Жаноби Олийлари!
Янги 1400 ҳижрий-шамсий йил ва халқаро Наврўз байрами кириб келиши муносабати билан Афғонистон халқи номидан Сиз, Жаноби Олийлари ва дўст Ўзбекистон Республикаси халқига ўзимнинг самимий табрикларимни изҳор этаман.
Афғонистон халқи қўшни мамлакатлар ва халқаро дўстлар билан биргаликда ушбу қутлуғ сана, қадимий анъанамиз ва муштарак маданий меросимиз бўлмиш Наврўз байрамини нишонлаётганидан хурсандман.
Наврўзи олам бир-бирига биродар бўлган халқларимиз ўртасидаги дўстлик, бирдамлик, ҳамкорлик ва яқинликни мустаҳкамлаш ва чуқурлаштиришда қадимий қадриятимиз сифатида инкор қилиб бўлмайдиган мавқега эгадир.
Табиатнинг ушбу кўркам айёми олиб келадиган тароват ва гўзалликка шукроналик билдирган ҳолда, дўстона алоқалар, муҳим минтақавий лойиҳалар ва дастурлар бўйича ишлар кенгайишига, иқтисодий ривожланиш ва якдиллик бардавом бўлишига тилакдошмиз.
Ушбу файзли байрам муносабати билан Сиз, Жаноби Олийларини яна бир бор муборакбод этган ҳолда, Сизга сиҳат-саломатлик, Ўзбекистон халқига эса бардавом бахт-саодат ва улкан тараққиёт тилайман.
Ашраф Ғани,
Афғонистон Ислом Республикаси Президенти
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларига
Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва баракотуҳу.
Наврўз байрами муносабати билан Сиз, Жаноби Олийларига самимий табрик ва эзгу тилакларимизни йўллашдан беҳад мамнунмиз.
Фурсатдан фойдаланиб, Сиз, Жаноби Олийларига сиҳат-саломатлик ва бахт-саодат, дўст Узбекистон Республикаси ҳукумати ва халқига тараққиёт ва фаровонлик тилаб қоламан.
Жаноби Олийлари, Сизга бўлган юксак эҳтиромимни қабул қилгайсиз.
Салмон ибн Абдулазиз Ол Сауд,
Икки муқаддас масжид ходими,
Саудия Арабистони Подшоҳи
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларига
Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва баракотуҳу.
Сиз Жаноби Олийларига самимий саломларимни йўллаб, Сизга мустаҳкам соғлик ва бахт-саодат, оқилона раҳбарлигингизда биродар халқингизга тараққиёт ва равнақ ҳамда дўст мамлакатингизга юксалиш ва фаровонлик тилаб қоламан.
Наврўз байрами яқинлашиб келиши муносабати билан Сиз, Жаноби Олийларига самимий табрикларимни йўллаган ҳолда жорий йил Сизга ва халқингизга хайр-баракот ва шоду ҳуррамлик олиб келишини тилайман.
Биродаримиз, Президент Жаноби Олийлари, бизларни бирлаштириб турувчи дўстона алоқаларни мустаҳкамлашга ва шериклик муносабатларини халқларимиз манфаатлари йўлида янада ривожлантиришга тайёр эканлигимизни таъкидлаймиз.
Байрамингиз муборак бўлсин!
Сизни Аллоҳнинг ўзи ҳифзу ҳимоясига олсин.
Шайх Муҳаммад бин Рошид Ол Мактум,
Бирлашган Араб Амирликлари Вице-президенти, Бош вазири, Дубай амирлиги ҳокими
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларига
Жаноби Олийлари!
Исроил халқи ва давлати номидан Сиз, оилангиз ва ўзбек халқини бахтли ва фаровон Наврўз байрами билан муборакбод этаман. Ўзбекистон Республикаси баҳорнинг мўл-кўлчилиги, дарёлар серсувлиги ва табиатнинг туганмас неъматларидан баҳраманд бўлишини тилайман.
Минг йиллар давомида Ўзбекистон ва Исроил халқлари табиатнинг уйғониши ва янгиланишидан дарак берувчи улуғвор баҳор фаслининг кириб келишини нишонлаб келганлар. Наврўз ва Фисиҳ байрамларини нишонлар эканмиз, қадимий ўтмиш ва аждодларимиз анъаналари мамлакатларимизни боғлаб туришда давом этади ҳамда икки томонлама муносабатларимизни кенгайтириш учун мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилади.
Жаноби Олийлари, Сизга бўлган юксак эҳтиромимни қабул қилгайсиз.
Самимият ила,
Реувен Ривлин,
Исроил Давлати Президенти
Шунингдек,
Фаластин Давлати Президенти Маҳмуд Аббос,
Саудия Арабистони Подшоҳлиги валиаҳди, Вазирлар Кенгаши раиси ўринбосари, мудофаа вазири Муҳаммад ибн Салмон ибн Абдулазиз Ол Сауд,
Бирлашган Араб Амирликлари Бош вазири ўринбосари, ички ишлар вазири Шайх Сайф бин Зоид Ол Наҳаён,
Евроосиё иқтисодий комиссияси ҳайъати раиси Михаил Мясникович,
Туркий тилли давлатлар кенгаши Бош котиби Бағдод Амреев,
Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Бош котиби Владимир Норов ва бошқалар табрик йўллаган.
Қутловлар келиши давом этмоқда.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти